Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

19.04.2019, 17:07

Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ишончли ҳамкорлар ҳисобланади. Дипломатик алоқалар ўрнатилган 27 йил ичида мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишларда ҳамкорлик олиб борилмоқда.  Бу вақт мобайнида Ўзбекистон Кореянинг ишончли шериги сифатида ўзини намоён қила олди ва икки давлат муносабатлари бугунги кунда стратегик ҳамкорлик асосида ривожланиб бормоқда. Алоқалар тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий-молиявий йўналишларни қамраб олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифани очиб берди. Мазкур ташриф давомида стратегик ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бўйича қўшма баёнотнинг қабул қилиниши, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 20 дан ортиқ келишув, шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжатнинг имзоланиши ҳам давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамлигидан далолатдир.

Ўзаро муносабатларда парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилда бошланган бўлиб, ўша пайтда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида «Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси тузилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида эса, 2005 йилдан буён Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритади.

2017 йилнинг сентябрь ойида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн раҳбарлигидаги нуфузли делегация мамлакатимизда меҳмон бўлди ва парламентимиз аъзолари билан учрашди. 2018 йилнинг февраль ойида эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб, ташриф якунлари бўйича Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Айни йўналишдаги ҳамкорлик парламентлар ўртасида доимий ишчи алоқаларни сақлаб туриш, тажриба алмашиш, турли тадбирларда иштирок этиш имконини беради.

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон депутатлар ва сенаторлар олдида нутқ сўзлаб, икки давлат ўртасидаги алоқалар, парламентлараро муносабатлар, манфаатли ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ўзбекистон ва Корея ҳали бирорта давлат кўрмаган муҳим муносабатни ўрнатишга муваффақ бўлган, — деди Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин. — Халқларимиз узоқ вақт давомида бир-бирига илиқ муносабатда бўлиб, чуқур тушуниш ва дўстлик асосида ҳамкорлик қилиб келди. Ўзбекистоннинг тараққиёти — Кореянинг тараққиётидир. Корея иқтисодий ривожланиш тажрибасини, албатта, Ўзбекистон билан ўртоқлашади. Икки мамлакат алоқалари инновация ва тараққиёт билан рўёбга чиқади. Мен мана шу минбарда сўзлаш имконияни яратиб бергани учун Ўзбекистон халқига ва унинг парламенти аъзоларига миннатдорлик билдираман.

Шу билан бирга, Мун Чже Ин Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг ривожлантирилишида Олий Мажлис вакилларининг ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоларининг ҳам ўз ҳиссасини қўшишларига умид билдирди. 

  • Кўрилди
    1052
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+