O‘zLiDePда “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди (+ФОТО)

22.04.2019, 16:34

O‘zLiDePда “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди (+ФОТО)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг аёллар билан ишлаш бўлими томонидан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш: амалиёт ва истиқболдаги режалар” маввзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган ижобий натижалар ва истиқболдаги режалар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, истиқлолимизнинг илк кунларидан бошлаб, оналар ва болалар саломатлиги, баркамол авлод тарбияси чинаккам маънода давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилинди. "Соғлом она – соғлом бола" миллий ғоясини ўзида ифода этувчи дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланилиши натижасида скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари тиббиётимиз ривожида мустаҳкам ўрин эгаллади. Қолаверса, айни пайтда юртимизда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, шунингдек, уларнинг жойлардаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Умумий қиймати 130, 58 млн. АҚШ долларини ташкил этган, Тошкент шаҳрида Корея Республикаси билан ҳамкорликда қурилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам болалар саломатлигини сақлаш, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Давра суҳбати иштирокчилари гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши, шу жумладан кўкракдан эмизишни ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида болалар овқати маҳсулотларига қўйиладиган талабларни белгилаш масалалари ушбу қонуннинг энг муҳим устувор жиҳатлардан бири эканлигига алоҳида эътибор қаратишди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасида “Кўкрак сути ўрнини босувчилар маркетинги Халқаро кодексининг қоидалари ҳисобга олиниб, болалар овқати маҳсулотларига қўйиладиган талабларга риоя қилиш, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши соҳасидаги асосий йўналишлар, кўкракдан эмизишни ҳимоя қилиш ва тарғиб этишга оид  қатор нормалар лойиҳада ўз аксини топган.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Грузия, Украина, Қирғизистон, Туркманистон каби бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилган. Ушбу мамлакатларнинг қонунчилигида кўкракдан эмизишни қўллаб қувватлаш ва тарғиб қилиш ва болалар овқати маҳсулотларига қўйиладиган талабларга риоя қилиш, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши билан боғлиқ тиббиёт ходимларининг вазифалари ҳамда тайёрловчилар ва тарқатувчиларнинг фаолиятини чеклаш каби асосий масалалар ўрин олган.

Сўз олганлар ушбу қонун лойиҳасининг мақсади партия дастури ва сайловолди платформасига тўлиқ мос келиб, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги партиянинг устувор вазифалардан бири эканлигини алоҳида эътироф этишди.

Тадбир иштирокчилари ушбу қонун лойиҳаси бугунги кунда ўта долзарб аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, гўдаклик давридан болаларни тўғри овқатлантиришни шакллантириш эрта ёшдаги болаларни нафақат жисмоний саломатлиги ва ривожланишини, балки инфекция хавфини камайтириш, психоматор фаолиятини тўлақонлиги ва узоқ келажакда ижтимоий ҳолатини ривожлантиришда имкониятларини кенгайтириш учун ҳам муҳим ҳисобланишини қайд этишди.

Таъкидланганидек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кўкрак сути билан боқилган гўдакларнинг касалланиши 2,5 мартага камаяр экан.

Бу муаммонинг долзарблиги, кичик иқтисодий ҳаражатлар билан истисносиз кўкрак сути билан боқилаётган болалар сонининг барқарор ўсишига ва гўдак болаларда касалланиш ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш имконини беради. 2017 йил август ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағни бир доллари ҳисобига 35 доллар миқдорида фойда келтириши ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.

Ушбу таклиф этилган лойиҳани қабул қилиш, ҳаётини биринчи кунидан бошлаб гўдакларни рационал овқатлантириш, болаларни соғлом ўсиши, уларни касалланиши ва ўлими ҳолатларини камайтиришга қаратилган умумий тадбирлар мажмуасидаги асосий бўғин ҳисобланади.

Давра суҳбати якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

  • Кўрилди
    1404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+