Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилади

23.04.2019, 17:45

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилади

Бугунги кунда соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдаги ҳиссасини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этишнинг институционал ва ҳуқуқий механизмларини яратиш масаласи ҳали-ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ушбу соҳада учраётган айрим муаммоларни бартараф этишга, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда катта туртки бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Қарорга кўра, хусусий соғлиқни сақлашни янада ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида имтиёзли кредитлаш тартиби белгиланди. Унга кўра импорт қилинадиган замонавий тиббиёт ускуналари ва инвентарларни сотиб олиш учун чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган, 3 йиллик имтиёзли давр асосида эса 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1,0 фоизли, инвестор томонидан киритиладиган инвестицияларнинг умумий ҳажмининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорида хусусий, шу жумладан хорижий инвестиция киритиш шарти билан амалга ошириш белгиланди. Бу каби имтиёзлар хусусий тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантиришга катта туртки бўлади.

Президентимизнинг хусусий секторини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бўлган эътиборини ҳаммамиз фаолиятимизда чуқур ҳис қилиб турибмиз. 2010 йилда Бағдод туманида “Фибродиагностика” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган эдик. Бугунги кунда хусусий клиникамизда 20 нафар тажрибали шифокорлар фаолият олиб боради. Клиникамиз аҳолига амбулатор ва стационар шароитда даволаш, терапевт, дерматолог, ревматолог кўриги, ултратовуш ва эндоскопик текшируви, клиник, биохимик лаборатория, физиотерапия муолажалари сингари даволаш ҳамда ташхис қўйиш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Клиникамизга бир кунда 30-40 нафар фуқаролар мурожаат қилишади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қароридан руҳланиб, фаолиятимизни янада кучайтириш, моддий-техника базамизни янада мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтириш мақсадида ултратовуш текшируви аппарати ва замонавий лаборатия жиҳозларини сотиб олишни режалаштирганмиз.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг хусусий тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур қарори хусусий тиббий муассасалар фаолиятининг ривожланиши, сармоявий лойиҳалар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хориж сармоядорларини хусусий тиббиёт соҳасига жалб этишга хизмат қилади.

Баҳодир МАХМУДОВ,

Фарғона вилоят Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси,

“Фибродиагностика” МЧЖ директори

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    412
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+