O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” энг олис ҳудудларда яшаётган хотин-қизларга семинар ташкил этди

24.04.2019, 15:50

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” энг олис ҳудудларда яшаётган хотин-қизларга семинар ташкил этди

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти хотин-қизларга тушунтириб ўтилди.

Мазкур қарор билан нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилиши кўзда тутилган. Махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизлар орасидан тегишли туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитаси раиси тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиблари асосида ажратилади.

Тадбирда сўз олганлар тадбиркорликни бошламоқчи бўлган энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга ҳам барча имконият ва имтиёзлар берилаётгани, бу борада партия “Аёллар қаноти” тажрибали тадбиркорларни жалб қилган ҳолда маҳорат дарслари ташкил этиб келаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Семинар давомида бугунги ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг давлат ва жамият қурилиши тизимидаги роли ҳамда аҳамиятини тубдан ошириш вазифаси долзарб аҳамият касб этаётганлигини ҳисобга олган  ҳолда хотин-қизлар фаолиятини янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  Айниқса, республика аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини ҳисобга олган ҳолда, туманлардаги чекка қишлоқларда ҳам хотин-қизлар сиёсий фаоллигини ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кўпайтириш долзарб вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол хотин-қизлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланиб, партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    976
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+