Тотув турмуш кафолати

25.04.2019, 12:08

Тотув турмуш кафолати

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомидаги икки томонлама учрашувларни оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам кузатиб бордим. Юксак илмий-техник, инновацион ва интеллектуал имкониятларга эга Корея Республикаси билан айни йўналишдаги ҳамкорликнинг янада янги босқичга кўтарилаётганидан хурсанд бўлдим.

Фикримиз исботи тариқасида айрим рақамларни келтириш ўринли: 2018 йили Корея Республикаси ялпи ички маҳсулотининг 4,24 фоизини, яъни 79,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни илм-фан соҳасига сарфлаб, бу борада дунёда иккинчи ўринни эгаллаганини ҳамма ҳам билмаса керак. Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур мамлакат билан инновация соҳасида самарали муносабатларни ўрнатиш ўта муҳим масаладир.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ва Корея илмий жамоатчилиги ўртасидаги илмий-техник алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Корея ривожланиш институти, Корея илмий-техник ахборот институти, Корея политехника университети, Корея илм-фан ва техника жамғармаси каби қатор муассасалар билан илмий-тадқиқот ишлар бажарилгани ҳар биримизга мамнуният бағишлайди.

Илмий-техник ҳамкорлик доирасида қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, соғлиқни сақлаш, физика-кимё, ахборот-коммуникация технологиялари, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ўзбек олимларининг илмий тадқиқот ишларига Корея инвестицияларини жалб этиш, Корея илмий лабораторияларининг асбоб-ускуналари ва материалларидан фойдаланиш, шунингдек, халқаро илмий журналларида мақолаларини чоп этишга хизмат қилади.

Ишончим комилки, Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи муҳим воқеа сифатида мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиради. Бу жиҳатга бежиз урғу бераётганим йўқ. Юртимизда истиқомат қиладиган 140 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида икки юз мингга яқин корейс миллатига мансуб фуқаролар ҳам яшаб келаяпти.

Мамлакатимизда корейс ҳамда бошқа миллат вакилларига катта имкониятлар яратилган. Бунинг яққол далили сифатида мен 2017 йилда 14-“Сувмаш” сайлов округидан Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати этиб сайландим. 

Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган “Сувчи” даҳаси, “Роҳат”, “Миришкор” каби маҳаллаларида кўплаб корейс миллатига мансуб аҳоли тинч-осойишта ҳаётда кечириб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилишяпти. Бир сўз билан айтганда, бугунги кундаги икки давлат ўртасидаги турли соҳадаги ҳамкорликлар турли миллат вакилларининг аҳил ва тотув турмушининг барқарор кафолатидир.

Вячеслав КАН,

Халқ депутатлари Бектемир туман

Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик

гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    1016
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+