Мирзаободлик ёш тадбиркор Мафтуна Мамажонова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашади

30.04.2019, 16:41

Мирзаободлик ёш тадбиркор Мафтуна Мамажонова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашади

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Мирзаобод туман босқичи бўлиб ўтди.

Кўрик-танловда “Ҳақиқат”, “Янги овул”, “Тошкент”, “Боғистон”, “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи йигирма нафарга яқин тадбиркор, ҳунарманд, фермер аёллар қатнашди. Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг фаолиятини Низом қоидалари асосида ўрганиб чиқдилар.

“Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари  Мафтуна Мамажонова, дизайнер Раъно Боймирзаева, тикувчи Ўғилой Бекмирзаева ва бошқаларнинг фаолияти кўрик-танлов иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Туманнинг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Озода Йўлбарсова ўтган йили “Туронбанк” Сирдарё  вилояти бўлимидан 23 миллион сўм миқдорида кредит олиб иш бошлаганди. Унинг мўъжазгина цехида ишлаб чиқарилаётган нон ва нон маҳсулотлари қисқа вақтда ўз харидорларини топди. 5 та ишчи меҳнат қилаётган макарон цехида ишлаб чиқарилаётган 4 хилдаги макарон маҳсулотларига Гулистон шаҳри бозорларида  талаб  кун сайин ортиб бормоқда.

Ушбу танловда фаол иштирок этган “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Мафтуна Мамажонованинг фаолияти ва эришган ютуқлари барчани бирдек ҳавасини уйғотди.

 - Тадбиркорликни ўз маблағим ҳисобига бошлаб, банкнинг 10 милион сўмлик кредити эвазига уни ривожлантирдим. 2017 йилда  фаолиятимни эчкичиликдан бошладим. 20 та эчки сотиб олгандим. Икки ярим йил ичида эчкиларим сони 235 бошга етди. Ундан ташқари 1 гектар ерда анорчилик, 1 гектар ерда узумчилик хўжалигини ташкил этдим. 3 гектар майдонга экилган бедазор атрофига эчкилар учун қўра қурдим. Эчкичиликдан келган маблағ ҳисобига тикувчилик устахонасини ташкил қилдим ва ўн нафар қишлоқ аёлларини иш билан таъминладим.

Мафтунанинг қурт тайёрлаш  цехида 4 нафар қишлоқ ёшлари иш билан банд.1,5 сотихлик иссиқхонада ҳам икки-уч нафар қишлоқ ёшларини бандлиги таъминланган. Яқинда 20 та туяқуш сотиб олинганлиги  ҳисобига ишчилар сони яна уч-тўрт нафарга ортди.

Танлов якунига кўра ёш ишбилармон қиз Мафтуна Мамажонова “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби деб топилди ва вилоят босқичида иштирок этадиган бўлди.

Шунингдек, кўрик-танловда иштирок этган Раъно Баймуратова иккинчи, Нилуфар Бозорбоева учинчи ўринни қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорларга O‘zLiDeP туман Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Сабоҳат БАБАЕВА,

O‘zLiDeP Сирдарё

вилоят Кенгаши

бўлими мудири

  • Кўрилди
    194
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+