Талаба келин саҳнада ўз қайнонаси билан беллашди

30.04.2019, 16:57

Талаба келин саҳнада ўз қайнонаси билан беллашди

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши, Оила илмий-амалий тадқиқот маркази ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида “Қайнона ҳам она” мавзусида кўрик-танлов ўтказилди.

Урганч давлат университетида ташкил этилган танловда иштирокчилар 3 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Дастлаб таништирув шартида ҳар бир иштирокчи чиқиш қилиб, куй-қўшиқлар, шеърлар айтиб ўзларини таништирди.

Танловнинг иккинчи шартида иштирокчилар тайёрлаб келган эркин мавзудаги саҳна кўринишларини намойиш этишди. Ушбу шартда улар бугунги кунда долзарб ҳисобланган оилавий муносабатлар айниқса,  оиладаги қайнона ва келин муносабатларини саҳна кўринишларида ифода этдилар.

Учинчи шартда эса келинларнинг пазандачилик, алла айтиш  билимлари синовдан ўтказилди. Шундан кейин, келинлар ўзлари тайёрлаб келган совғаларини қайноналарига туҳфа қилдилар.

– Тадбирда кўтарилган масалалар ҳар бир хотин-қиз учун жуда муҳим ва зарур, – дейди танлов ғолиби, университет ўқитувчиси Хулкар Атажонова. –Чунки келинларнинг қайнонаси билан муносабатлари самимий бўлса, у оилада доим тинчлик-хотиржамлик бўлади. Бугунги саҳна кўринишларидаги долзарб мавзулар ҳам оилавий муносабатларни тартибга солиш, қайнона ва келинларнинг бир-бирига меҳрли бўлишларига хизмат қилиши шубҳасиз.  

Танлов якунида иштирокчилар O‘zLiDeP Хоразм  вилоят  Кенгаши томонидан  диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мушарраф РАҲИМОВА,

O‘zLiDeP Хоразм

вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    1433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+