Депутат сўровидан сўнг Д.Нурмаматовага сифатли тиббий хизмат кўрсатилди

01.05.2019, 16:43

Депутат сўровидан сўнг Д.Нурмаматовага сифатли тиббий хизмат кўрсатилди

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашига Самарқанд шаҳри Беруний кўчаси 52-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Дилбар Нурмаматова томонидан мурожаат келиб тушди.

 Мурожаатда фуқаро 18 ёшида дарахтдан йиқилиб, икки оёғи шол бўлиб қолганини, шунга қарамай кўп йиллар халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳисобчи бўлиб ишлаганини айтган. Ҳозирги кунда тез-тез саломатлиги ёмонлашиб, мадорсиз бўлиб қолаётганини билдириб, саломатлигини тиклашда кўмак сўрагани баён қилинган.

Шундан сўнг, мурожаат юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Толиббой Эшмонов томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига сўров юборилган. Орадан кўп вақт ўтмай Д.Нурмаматова тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниш учун Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Яқинда халқ вакили Т.Эшмонов мурожаатчининг ҳолидан хабар олиш, у билан дилдан суҳбат қилиш мақсадида шифохонага борди.

 “Мен O‘zLiDeP партиясига, хусусан депутат Толиббой Эшмоновга миннатдорчилик билдираман. Партия фаоллари туфайли саломатлигимни анча тиклаб олдим. Шифохонада барча муолажалар бепул амалга оширилмоқда. Шифокорларга ҳам катта раҳмат, – дейди Дилбар опа.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокор ўринбосари Дилафрўз Маҳмудованинг маълум қилишича, Д.Нурмаматова касалхонага ётқизилганида аҳволи оғир бўлган. Қондаги гемоглобин миқдори 37 га тушган, бош айланиши, мадорсизликдан шикоят қилган. Шундан сўнг, унга ички қон кетиш ташхиси қўйилиб, икки маротаба қон ва плазма қўйилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 30 га яқин сўров чиқарилган ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. 

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+