O‘zLiDeP депутати кам таъминланган оила вакилларини бепул операция қилишга кўмаклашди

03.05.2019, 15:31

O‘zLiDeP депутати кам таъминланган оила вакилларини бепул операция қилишга кўмаклашди

Депутат, деганда одамларнинг ташвиши билан яшайдиган жонкуяр, адолатни ҳамма нарсадан устун қўядиган шахс кўз олдимизга келади. Депутат том маънода халқ вакили. Шу боис одамлар дардини тинглаш, уларнинг муаммолари-ю ташвишларини ҳал этиш депутатнинг олий бурчи ҳисобланади.

Буни яхши билган маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам “Инсон манфаати — ҳар нарсадан устун” ғояси асосида аҳоли билан очиқ мулоқот ва сайёр қабулларда уларнинг мурожаатларини ўрганиб, муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этишга интилмоқда.

21-Қорасув сайлов округидан халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига депутатликка сайланган Шоира Джаббарова ҳам сайловчилар ҳолидан доимий равишда хабар олиб турибди. Халқ вакилининг ташаббуси билан ҳудуддаги кам таъминланган оилалар аҳволи ўрганилиб, уларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Масалан, депутат кўмагида 2017 йилда 5 нафар, 2018 йилда 7 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оила вакиллари “Orion Medicity” МЧЖда бепул операция қилинди. Тумандаги “Матонат” маҳалласида яшовчи кўзи ожиз фуқаролар учун малакали шифокорлар жалб қилиниб, тиббий кўрик ташкил этилди, уларга бепул дори-дармонлар тарқатилди.

Шунингдек, ҳар ойда ўз ҳисобидан 2 маротаба тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича Хиндистоннинг “Medanta the medicity” тиббиёт клиникасининг малакали мутахассисларини таклиф қилиб, аҳолини бепул кўрикдан ўтказди. Уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича йилига 3-4 маротаба чегирма акциялар ўтказди.

Маълум бўлишича, мазкур шифо масканида офтальмология-кўз касалликлари бўйича ташхислаш ва даволаш йўлга қўйилган. Бу жараёнга тиббиёти ривожланган давлатларда қўлланилаётган амалиёт ва технологиялар жорий этилган. Асосийси, Ш.Джаббарова раҳбарлигидаги 50 нафардан ортиқ малакали шифокорлар фуқаролар хизматига шай.

“Инсон манфаатлари, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис депутатимиз фуқароларга саломатлигини тиклаш борасида амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Эҳтиёжманд, кам таъминланган беморларнинг бепул даволаниш­лари учун шарт-шароитлар яратиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда”, – дейди “Матонат” маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларидан бири.  

“2018 йилда 160 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, клиникага замонавий асбоб-ускуналар олиб келдик. Айни пайтда Хиндистон ва Жанубий Африка давлатларининг инвесторлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, юртимизда жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган меҳмонхоналар қуриш ҳаракатида юрибмиз. Ҳатто ушбу лойиҳа учун 200 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш бўйича келишув ҳам  имзоладик”, – дейди  Ш.Джаббарова.

Таъкидлаш керак, бугун мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Бухоро шаҳрида ишлар бошлаб юборилган. Жорий йилнинг охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган меҳмонхонанинг ишга тушиши натижасида 150 иш ўрни яратилади.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1648
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+