Она тилимизни асраб-авайлашга ҳар биримиз бирдек масъулмиз

05.05.2019, 19:44

Она тилимизни асраб-авайлашга ҳар биримиз бирдек масъулмиз

Маълумки, шу кунларда бир гуруҳ фаолларнинг рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқиши ижтимоий тармоқларда ўзбек зиёлиларининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган “Русский язык нам не чужой” мақоласи билан батафсил танишиб чиқди. Уни имзолаган дейишда даъво қлинаётган зиёлиларнинг барчаси ҳам аслида ушбу мурожаатга қўл қўймаганлиги, улардан айримлари буни рад этувчи мақолалари билан чиққанлигининг гувоҳи бўлдик. Мана шуларнинг ўзиёқ бундай “ташаббуснинг” аслида ким томонидан ва нима мақсадда илгари сурилаётгани борасида ўйлантирмасдан иложи йўқ.

 Зеро, ушбу масала миллат билан боғлиқ оғриқли масаладир. Она тилимизни асраб-авайлаш учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Яқин тарихга назар ташласак, мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш осонлик билан кечмаганлигини кўриш мумкин, унинг амалга оширилишини эса ҳеч бир муболағасиз миллатимиз эришган тарихий ютуқлардан бири сифатида баҳолаймиз.

Бунинг баробарида ўтган давр мобайнида кўпмиллатли юртмизда истиқомат қилаётган бошқа барча халқларга ҳам ўз она тилларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб берилди.

Мавзуни давом эттириб, шуни айтиш керакки, яшаш жойи, маълум халқларнинг амалий эҳтиёжидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда таълим ўзбек тили билан бирга, рус, тожик, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз сингари қатор тилларда олиб борилмоқда, турли миллатга мансуб аҳолимиз бу имкониятлардан эмин-эркин фойдаланмоқда. Олий таълимнинг деярли барча йўналишларида русийзабон ва бошқа халқларнинг таълим муассасалари учун кадр тайёрланмоқда. Муҳими, ҳозирги кунда келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг рус, инглиз, француз, немис, хитой, корейс, араб ва бошқа кўплаб тилларни ўрганишига етарлича шарт-шароит яратилмоқда. Фарзандларимизнинг катта авлод вакилларидан фарқли равишда, бир неча чет тилларида бемалол мулоқот қилаётганлиги қувонарли ҳол. Лекин буларнинг барчаси ўз она тилидан узоқлашиш эвазига бўлмаслиги зарур.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бирор моддасида ўзга миллат вакилларига, ҳатто ўзга тилда сўзлашувчиларнинг мулоқотларига монелик қиладиган бирор сатр мавжуд эмас. Қонунда ўзбек тилини барча соҳаларда ривожлантиришни кўзда тутган ҳолда бошқа тилларнинг конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслик кафолатланган. Юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши баробарида барча бошқа тилларнинг ривожи учун етарли шароит яратишни кўзда тутувчи қонунчилик мавжуд экан, юқоридаги ташаббусни илгари суришга қандай ҳаётий зарурат туғилди деган ҳақли савол туғилади. Бундай “ташаббус”лар мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда одамларни яратувчанлик фаолиятидан чалғитиш, жамоатчилик фикрини бугун ўз ечимини кутаётган хаётий масалалардан қандайдир сунъий масалалар атрофидаги кераксиз тортишувларга жалб қилишдан бошқа нарса эмас деб ҳисоблайди.

Бу масалаларда йўқ жойдан муаммоларни ўйлаб топиш, уларни бўрттириб кўрсатишга уриниш жамият ривожига хизмат қилмайди деб билади.

Шу маънода O‘zLiDeP “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга бу тахлит ўзгартиш киритиш, рус тилига расмий тил даражасида ҳуқуқий мақом бериш, мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    897
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+