Фарғона вилоятида саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришга астойдил ҳаракат қиламиз

07.05.2019, 17:24

Фарғона вилоятида саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришга астойдил ҳаракат қиламиз

Рахматулло Камолов, Фарғона вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини сифат жиҳатидан кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Бу каби ижобий ишлар вилоятимиз салоҳиятини янада оширишга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга, ҳудуд иқтисодиётини янада юксалишига сабаб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу йилги ташрифлари давомида ҳам қатор йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Хусусан, Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлари” масъулияти чекланган жамияти, Фарғона шаҳридаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Темурбеклар мактаби”, “Listem-Fergana” қўшма корхонаси, Фарғона туманидаги «Комилжон ота Мамажонов» фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Вилоятимизда бу каби амалга оширилаётган катта лойиҳалар, инвестицияларнинг киритилиши, йирик корхоналарнинг барпо этилиши минглаб янги иш ўринларини яратилишига, аҳолимиз фаровонлигини таъминлашга, нафақат вилоятимизни балки, Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришга катта хизмат қилади.

Бу борада партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашда ўз фаоллигини кўрсатади.

Исмоилжон Султонов, Қўштепа туманидаги “Ипак гиламлар” корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP фаоли:

Президентимиз ташрифи доирасида бизнинг корхонамиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, у ерда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Корхонамизнинг қошида 3 та филиали бўлиб, бу ерда 200 нафар, жамият таркибидаги 9 та шундай корхонада жами 2 мингга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналарда атлас, адрас ва шойидан 300 га яқин турдаги тайёр маҳсулот, 400 дан ортиқ нусхадаги ипак гиламлар тўқилмоқда.

Президентимиз ипак гиламлар эскизини тайёрлаш ва тўқиш жараёнини кўздан кечирди, маҳсулотлар сифати ва харидоргирлиги билан қизиқди.

Ипакдан тўқилган гиламларнинг ноёблиги шундаки, йиллар ўтса ҳам у хусусиятини йўқотмайди, аксинча, ранги янада очилиб боради. Шунинг учун бундай гиламларнинг ўлчами кичик бўлса-да, жаҳон бозорида жуда қиммат.

Давлатимиз раҳбари қишлоқда хотин-қизлар учун янги корхона ташкил этиб, жаҳон стандартларига мос ипак маҳсулотлар тайёрланаётганига юксак баҳо бергани бизни янада руҳлантирди. Пиллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича Фарғона тажрибасини оммалаштириш, маҳаллалар ҳузурида 300-400 кишилик корхоналар, уларнинг олдида 1-2 гектарлик пиллахоналар очиш кераклиги борасида ўз таклифларини бериб ўтди.

Бундан ташқари ипакдан маҳсулотлар тайёрлаш бўйича кластерлар ташкил этиш кераклиги, шунда хомашё етказиш ҳам барқарор бўлишлиги, таннарх ҳам тушишлигини алоҳида эътироф этдилар.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини янада кенгайтириш, бу ерни Фарғона туризм йўналишига киритиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда унинг расталарини ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берди.

Ана шу мақсадда биз йил охиригача яна 15 та тўқув цехи ташкил этиб, ишчилар сонини 4,5 мингтага етказишни режалаштиряпмиз. Келажакда ипак маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, уни ташқи бозорга арзон нархларда етказиш, хотин-қизлар учун иш ўринларини кўпайтиришни ўз олдимизга катта мақсад қилиб олганмиз.  

  • Кўрилди
    1470
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+