O‘zLiDeP коллеж битирувчилари учун “PENG – SHENG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига саёҳат уюштирди

13.05.2019, 16:56

O‘zLiDeP коллеж битирувчилари учун “PENG – SHENG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига саёҳат уюштирди

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун Сирдарё тумани 5-Ширин МФЙ ҳудудида жойлашган “PENG – SHENG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига саёҳат уюштирди.

Корхона ижрочи директори Ғофир Аҳмедовнинг айтишича, корхонада 6 та ишлаб чиқариш цехлари бўлиб, уларда асосан кафель, керамика, аёлларнинг мавсумий пойабзаллари ва уй ҳайвонлари учун озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 60 фоизи қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Россия ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

–Бизга рус, инглиз, хитой ва бошқа тилларни мукаммал биладиган ёшлар керак. Агар орангизда шундай ёшлар бўлса ҳозирнинг ўзидаёқ уларни ишга таклиф қиламиз,  – дейди Ғ.Аҳмедов. – Чунки биз доим ана шундай иқтидорли ёшлар кўмагига таяниб ишлаймиз. Айни пайтда ҳам сиз тенги ёшлар замонавий технологияларни бошқариб, чет эл стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда.

Саёҳат давомида ёшлар корхонанинг кўргазма залида бўлиб, ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган халқ истеъмоли товарларини кўриб янада ҳайратланишди.

–Ҳақиқатдан ҳам корхонада ишлаб чиқарилаётган аёллар пойабзаллари, халқ истеъмоли товарларини кўрган кишининг шу маҳсулотларни бизнинг тенгдошларимиз ишлаб чиқараётганига ишонгингиз келмайди, – дейди Сирдарё педагогика коллежи битирувчиси Шаҳризода Тўланбоева. –Тўғриси,  туманимизда шундай ишбилармон ёшлар борлигидан жуда фахрланиб кетдим.

–Шундай қулайликларга эга корхонада ким ҳам ишлашни орзу қилмайди, – дея суҳбатга аралашди Мафтуна Рауфжонова. – Энди вақтимиздан унумли фойдаланиб чет тилларини ўрганамиз. Бу ерда меҳнат қилаётган илғор ишчи-хизматчиларнинг Хитой давлати бўйлаб саёҳатда бўлишларини эшитиб, тил билишга бўлган иштиёқимиз янада ортди.

Саёҳат сўнгида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган 10 нафар ишчи-ходим O‘zLiDeP сафига қабул қилинди.

 Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Cирдарё вилоят

Кенгаши масъул ходими

  • Кўрилди
    1379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+