O‘zLiDeP “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖда маҳорат дарси ташкил этди

13.05.2019, 16:59

O‘zLiDeP “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖда маҳорат дарси ташкил этди

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Mirzaobod universal trade cluster” МЧЖда маҳорат дарси ташкил этилди.

Томорқа - даромад манбаи” мавзусида ўтказилган маҳорат дарсида Мирзаобод  туманидаги бир гуруҳ  фермер ҳамда фаол аёллар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Жанубий Корея технологияси асосида қурилган 50 гектарлик замонавий иссиқхонада бўлишди. Мазкур иссиқхона муҳандиси Усмон Куртасманов иштирокчиларни иссиқхона фаолияти ва етиштирилаётган маҳсулотлар билан таништирди.

- Мазкур иссиқхоналаримизда Голландиядан келтирилган серҳосил помидор ва бодринг навлари  парвариш қилинмоқда, - дейди Усмон Куртасманов. - Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Корея Республикасидан олиб келинган замонавий жиҳозлар ҳароратни, ўсимликнинг сув ва озуқага бўлган талабини чуқур таҳлил қилиш орқали аниқлайди ва минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказиб берилади.

Гидропоника бу - тупроқсиз, фақат озиқ моддалар билан тўйинтирилган сув ёрдамида деҳқончилик қилишни англатади. Бу усул асосан, Европа мамлакатларида жуда оммалашган. Кунчиқар юртда деярли барча полиз ва сабзавот экинлари тўйинтирилган сув ёрдамида етиштирилади.

Корхонадаги  асосий ишлар 2018 йилнинг сентябрь ойидан бош­ланганди. Жанубий Кореянинг “Doori injinering” компанияси билан ҳамкорликда гидропоника-субстракт усулида гектарига 22 минг дона помидор кўчати инновацион технология асосида парваришлана бошланди. Иссиқхонада помидор уруғи кокоснинг қуриган поясига жойлаштирилган ҳолда субс­тракт ҳолатда экилиб, ўсимликнинг униб-ўсиши учун лозим бўлган барча зарур ўғитлар шприц ёрдамида бериб борилади. Иссиқхонада намлантирувчи иқлим технологияси ҳам жорий этилган. Иссиқхонада йилига 2 маротаба ҳосил етиштирилади. Ҳозирда
31 гектар ерда бодринг, помидор, булғор қалампири, бақлажон етиштирилмоқда. Иссиқхонада ҳозирги кунда 400 нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат қилишяпти. Етиштирилган ҳосил республикмизнинг барча ҳудудларига етказиб бериляпти.

  Бу ерда етиштирилаётган маҳсулотлар саралиги билан хақиқатдан ҳам кўзни қувонтиради. Тадбир иштирокчилари аҳоли дастурхонига йилнинг 4 фаслида ҳам сархил маҳсулотларни етказиб бераётган корхона ишчи-хизматчиларининг меҳнати таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлашди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1517
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+