Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмлари янада такомиллаштирилмоқда

13.05.2019, 17:31

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмлари янада такомиллаштирилмоқда

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокамасига қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодиёт ва саноат, Молия вазирликлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари ҳудудларга юборилиб, жойларда янги корхоналар ва доимий иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кўплаб имтиёз ва енгилликлар жорий этилди.

Хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатимизга бир неча ўн миллиардлаб доллар инвестиция жалб этиш бўйича 700 га яқин инвестиция битимлари имзоланди.

Бундай чора-тадбирлар натижаси ўсиш суръатларида кўзга ташланмоқда. Хусусан, ўтган йили асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 фоиздан зиёд ўсган. Бу, ўз навбатида, саноат ишлаб чиқаришининг 14,4 фоизга кўпайишини таъминлаган.

Муҳим сифат ўзгариши шундаки, илгари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ҳудудий лойиҳалар деярли бўлмаган бўлса, жорий йилда ўзлаштириладиган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 3 минг 200 дан зиёд инвестиция лойиҳаси доирасида қарийб 14 миллиард доллар миқдоридаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шундан 4 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.

Мазкур Қарор билан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини фаоллаштириш, хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилаш бўйича масъул вазирлик ва ташкилотлар, ҳудуд раҳбарлари, ҳокимликлар олдида қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, кимё ва нефть-газ саноати, машинасозлик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, банк-суғурта ташкилотлари устав капиталларидаги давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун тайёр инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш, инвестиция ва бизнес форумлар, тақдимотлар (“Road Show”) ва маркетинг кампаниялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича устувор йўналишларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Давра суҳбатида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда O‘zLiDeP ҳам чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда тизимли ишлар олиб бораётганлиги айтиб ўтилди. Хусусан, давлат дастуридаги барча йўналишлар қатори ҳудудларда жалб этилаётган хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишида партия фракцияси ва жойлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан депутатлик назорати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, партия депутатлик гуруҳи аъоларининг ҳар бирига 2 тадан инвестицион лойиҳалар бириктирилди.

Бундан ташқари соҳага алоқадор барча вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бу бўйича амалга оширилаётган ишлари юзасидан ахборотлари танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб борилмоқда.

Тадбирда жорий йил куз фаслида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро инвестиция форумида барча бирдек фаол иштирок этиши, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни тўлиқ амалга оширишга эришиш, мазкур инвестиция лойиҳалари тармоқлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб ҳар бири бўйича мониторинг олиб бориш ва бу борада тегишли вазирликлар, ташкилотлар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда ишлаш лозимлиги борасида қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    1750
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+