O‘zLiDeP фракциясининг 2019 йил биринчи чоракдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

14.05.2019, 15:38

O‘zLiDeP фракциясининг 2019 йил биринчи чоракдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг ўтказди. Унда фракциянинг 2019 йил биринчи чорагидаги фаолияти юзасидан матбуот ва ОАВ ходимларига ахборот берилди. Қизғин ва конструктив руҳда ўтган тадбирда O‘zLiDeP депутатлик корпусининг фаолияти танқидий-таҳлилий жиҳатдан атрофлича кўриб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ролини оширишга доир ваколатларни кенгайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Унга мувофиқ фракция аъзолари иш режасини такомиллаштириш билан бирга, депутатлар ўртасида ҳамда жойлардаги вакиллик органларида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиш, амалий чоралар Дастурини ишлаб чиқишга катта эътибор қаратди.

Шунингдек, партиянинг депутатлик корпуси олдида турган энг муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг 2019 – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлари «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминлаб борилмоқда.

Ўтган даврда O‘zLiDeP фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнига алоҳида эътибор қаратди, 3 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кам). «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунлар шулар қаторидан ўрин олган.

O‘zLiDeP сиёсий платформасидан келиб чиқиб, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раҳбарлигида фракция томонидан жорий йилнинг ўтган даврида мониторинг ўрнатилган вазирликлар, давлат қўмиталари билан тизимли ва таъсирчан парламент назорати таъминланмоқда, амалда бир нечта аниқ муаммони чуқур ўрганиш ва уларни ҳал этиш, шу орқали фуқароларнинг розилигига эришиш бўйича қабул қилинган «Йўл харитаси» ижро этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида бир қатор вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари фракцияга бириктирилган қўмиталар ҳамда фракция йиғилишларида мунтазам равишда парламент назорати доирасида эшитилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Бахром Ниёзматов, Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Суннатилла Бекенов, Молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов ҳамда Халқ таълими вазирининг ўринбосари Атабек Назировнинг, шу билан бир қаторда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Марказий банк, Қишлоқ қурилиш инвест компанияси ва бошқаларнинг тегишли масалалар бўйича мутасаддиларининг ахборотлари шулар жумласидандир.

Умуман, мазкур парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар юқоридаги вазирлик ва идораларга ижро учун юборилган ва уларнинг ижроси назоратга олинган.

O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан ҳар ойда ўтказилиб борилаётган «Ҳукумат соат»ларига эшитув мавзулари киритилиб, Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат идоралари раҳбарлари ва вазирларнинг ахборотларини эшитиб бориш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Хусусан, O‘zLiDeP фракциясининг ташаббуси билан жорий йилнинг 5 февраль куни 2019 йилда илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳақидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг ахбороти эшитилди.

O‘zLiDeP фркацияси аъзолари ҳар ойнинг охирги хафтасида ўз сайловчилари билан учрашувларини ташкил этиш амалиётидан самарали фойдаланмоқдалар. Аҳоли блан ўтказилаётган тизимли мулоқотлар натижасида ҳудудуларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

Фракция аъзолари томонидан бу даврда ҳудудларда аҳоли билан 850 та учрашув ўтказилди, уларда 40 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Учрашувлар жараёнида, аҳолининг 4738 нафарини тадбиркорлик субъектлари вакиллари ташкил этди. Депутатлар 3362 та объектга ташриф буюришди, булар 2123 та хонадон, 645 та ижтимоий объектлар ва 594 та маҳалла фуқаролар йиғинлари сирасига киради, фуқаролар қабулхоналарида 3815 нафар фуқаро қабул қилинди.

Аҳоли томонидан келиб тушган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли жами 2848 та мурожаатнинг 1194 таси (42%) жойида ҳал этилган бўлса, 1350 та мурожаат депутатлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 304 таси бўйича республиканинг тегишли идораларига ёзма равишда тақдим этилди. Бу соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткичлар уй-жой ва коммунал – 15,9%, аҳоли бандлиги – 11,7% соғлиқни сақлаш – 11,2%, шунингдек ҳал этилган масалалар бўйича ҳам уй-жой ва коммунал – 24,8%, аҳоли бандлиги – 13,6% ва соғлиқни сақлаш – 11,8%ни ташкил этмоқда. Умуман олганда, бу борада депутатларимиз аниқланган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш чораларини кўрдилар.

Натижада, жорий йилнинг ўтган даврида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига жами 93 та депутат сўрови юборилди. Бу ўтган 2015 ва 2016 йилларга нисбатан деярли 100, 2017 йилга нисбатан салкам 2 ва ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп деганидир. Юборилган депутат сўровларининг 78 таси (84%)га тегишли тартибда жавоблар олинди. 2017 йилнинг мос даврида юборилган 59 та депутат сўровларининг 46 таси (78%)га ҳамда ўтган йилнинг шу даврида юборилган 40 та депутат сўровларининг 30 таси (75%)га тегишли тартибда жавоблар олинган.

Депутат сўрови юборилган айрим вазирликлардан кўтарилган масала юзасидан ижобий жавоблар олинди, лекин айрим депутат сўровларига ўз вақтида жавоб берилмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Шу боис, юборилган депутат сўровларининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасидаги ишлар фракция томонидан жиддий назоратга олинди.

Депутат сўровларининг аксариятига ўз вақтида жавоб олинмаган ёки жавоблар муддатидан кеч келган, шунингдек жавобларда асослантирилган тушунтиришларни баён этиш ўрнига, уларда умумий мазмундаги фикрларни билдириш ҳоллари кўплаб кузатилган. Шунинг учун фракция аъзоларининг ушбу институтдан кенгроқ фойдаланиш ҳамда бу борада депутатларнинг фаоллигини янада ошириши лозимлигини кўрсатмоқда.

Ҳисобот даврида O‘zLiDeP фракцияси қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 64 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми Қонунчилик палатасининг ваколат доирасига кирмайдиган масалалар бўлганлиги сабабали тааллуқлиги бўйича тегишли давлат органларига юборилган ва ижроси назоратга олинган.

Шунингдек, фракцияси аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонаси (фуқаролар қабулхонаси)да жами 51 марта навбатчилик амалга оширилиб, жами 250 дан зиёд фуқаро қабул қилинди. Фуқароларни қабул қилиш жараёнида улар томонидан суд қарорлари ва суд ҳукмидан норозилиги, тадбиркорлик ва фермер хўжалиги фаолиятини олиб боришда юзага келган муаммолар ва шу каби бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди, шунингдек уларга хусусий тадбиркорлик ва фермерлик соҳасидаги фаолият бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.

Ҳисобот йиғилишимизда фаолиятимиз давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тоир Салимов

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракциясининг ижрочи котиби

  • Кўрилди
    160
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+