“Энди Россияга бориб ишлашга ҳожат қолмади”, дейди мирзаободлик ёш тадбиркор М.Мамажонова

14.05.2019, 16:13

“Энди Россияга бориб ишлашга ҳожат қолмади”, дейди мирзаободлик ёш тадбиркор М.Мамажонова

Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи Мафтуна Мамажонова тадбирли, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлардан. Чунки у ёш бўлишига қарамай “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалигини бошқариб, фаолияти давомида катта ютуқларга эришиб келмоқда. 

Дастлаб ўз сармояси ҳисобига 20 бош эчки сотиб олган Мафтуна чорвачилик хўжалигини ташкил қилди. “Агробанк” Мирзаобод туман филиалидан олган 10 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағини эчкичиликни ривожлантиришга сарфлади. Икки ярим йил ичида эчкиларининг сони 235 бошга етди. Таъминотчи орқали эчки сотиб олган синчалакдек қизнинг ўзи оз фурсат ичида таъминотчига айланди.

–Эсимни танибманки, ота-онам пул топиш илинжида Россия давлатига кетишарди, – дейди Мафтуна. – 2012 йилда мен тиббиёт коллежини тамомлаб, ота-онам билан бирга Россиянинг Омск шаҳрига ишлагани кетдик. Тўрт йил давомида Россияда яшовчи Андрей ота ва Наталья холадан эчки боқиш сирларини ўргандим. Юртимизга қайтгач эчки боқишга қарор қилдим ва 20 бош эчки сотиб олдим. Кейинчалик “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” фермер хўжалигини ташкил этиб, 5 гектар ернинг бир қисмига беда экдик. Қолган 1 гектар ерга анорзор, яна 1 гектар ерга узумзор барпо этдик. Энди Россияга бориб ишлашимизга ҳожат ҳам қолмади.

Дарвоқе, бугун Мафтуна нафақат оила аъзоларини, балки 10 нафардан ортиқ ҳамқишлоқларини ҳам иш билан таъминлади. Жорий йилда 200 бошдан зиёд эчки сотиб, ушбу маблағ ҳисобига тикув дастгоҳлари сотиб олди. Янгиобод касб-ҳунар коллежидан ижарага хона олиб, тикув цехи очди. Ҳозир келини Наргиза, келинойиси Ёрқинойлар билан бирга болалар ва аёллар кийим-кечакларини тикмоқда.

–Мафтуна доимо изланишда. Бирор янги ишга қўл урмаса кўнгли жойига тушмайди, – дейди келинойиси Ёрқиной. – У шу йилнинг январь ойида Омскдан тайёр иссиқхона олиб келиб, уни Янгиобод касб-ҳунар коллежининг 1,5 сотихлик майдонига ўрнатди. Иссиқхонада етиштирилган 3 минг туп бодринг кўчатлари даладаги ўзлаштирган ерларига экилди. Қолаверса, иссиқхонада помидор, булғор қалампири ва турли ноёб гул кўчатлари ҳам етиштириляпти.

Ҳа айтмоқчи, Мафтуна яқинда яна бир сердаромад соҳага қўл урди. Айни чоғда унинг хўжалигида 20 та туяқуш парваришланмоқда.

Дилором ЭСОНОВА,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши масъул ходими

  • Кўрилди
    662
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+