Сўровни олмадингизми, жаноб мутасадди?

16.05.2019, 16:26

Сўровни олмадингизми, жаноб мутасадди?

ёхуд депутатга беписандлик – халққа беписандлик тарзида баҳоланиши шартлиги хусусида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда депутатлар фаолиятини ҳақли равишда танқид қилган эди. Бу эътирозлар ҳозирги кунда ҳам халқ ноиблари учун огоҳлиқ қўнғироғи янглиғ янграб турибди.

Модомики, барча ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини самарали таъминлаш масалалари O‘zLiDeP депутатлари фаолиятида бош мезонга айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш, халқнинг дарду ташвишларига ижобий ечим топиш борасидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли равишда кучайтиргани бугун яққол кўзга ташланмоқда.

Фикримиз исботи тариқасида айрим рақамларни келтириш жоиз: халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан 2019 йилнинг январь-март ойлари давомида сайловчилар мурожаатлари, қонунлар, давлат дастурлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан мансабдор шахсларга 3 466 та депутатлик сўрови юборилди. Жойларда 527 нафар мансабдор шахснинг унга ишониб топширилган мажбуриятлар бўйича ҳисоботлари эшитилди. Натижада сайловчилар манфаатларига хизмат қиладиган, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 270 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги доимий комиссиялар йиғилишлари, 208 та масала эса бевосита сессиялар кун тартибида атрофлича муҳокама қилинди.

Лекин электоратнинг ишончини қозониб, кўпчиликнинг овози билан сайланган депутатларнинг қонуний мурожаатларига эътиборсизлик билан ёндошаётган мансабдор шахслар деярли барча вилоятларда ҳамон учраб тургани дилни хира қилади. Бундай ҳолат билан боғлиқ мисоллар етарлича топилади.

Жорий йил биринчи чорагида маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан юборилган 3 466 та сўровнинг 123 тасига ўз вақтида жавоб берилмаган, 85 та депутатлик сўрови эса шунчаки жавобсиз қолдирилган. Жумладан, 28-Сомонбозор сайлов округидан халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати Г. Тўхтасинованинг Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат инспекциясининг Бектемир туман филиали  раҳбари И. Саидрасуловга, халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати С. Шаҳаровнинг туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хизмат ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўринбосари Ф. Амировга, халқ депутатлари Янгийўл туман Кенгашига 4-Тинчлик сайлов округидан сайланган депутат А. Акбаровнинг Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А. Исраиловга, халқ депутатлари Избоскан туман Кенгашига 18-Мангуберди сайлов округидан сайланган депутат Д. Қодировнинг Избоскан туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Ж. Валиев ва бошқа мансабдор шахсларга юборилган депутатлик сўровларига беписандлик билан муносабатда бўлинган.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, депутатга беписандлик – халққа беписандлик тарзида баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахснинг қонун олдида жавоб бериш баробарида халқ номидан қилинган мурожаатларни кўриб чиқмаган ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун халқ олдида жавоб ҳам бериши лозим.

Луқма ўрнида яна бир мулоҳаза: йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳар қандай ҳайдовчи шу заҳотиёқ жаримага тортилади. Бу ҳол қайта такрорланса, тўлов миқдори оширилади ва катта маблағ ўз вақтида қоидабузардан ундириб олинади. Лекин бутун бошли қонунлар талабларини бажармаётган мутасаддиларга деярли чора кўрилмайди. Чунки бу борада ЙПХ ходимлари сингари мунтазам ҳаракатдаги кузатувчилар, аниқ-тиниқ ишлайдиган механизм яратилмаган.

Вакиллик органларига нав­батдаги сайловларга қадам қўйиш арафасида соҳа экспертлари ана шу масала устида ҳам бош қотириб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримизда.

 Юсуфжон ЮСУПОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси депутатлик

бирлашмалари билан ишлаш

бўлими етакчи консультанти

  • Кўрилди
    129
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+