Ҳар қандай ислоҳот ижро интизоми билан баҳоланади

16.05.2019, 16:43

Ҳар қандай ислоҳот ижро интизоми билан баҳоланади

Давлатимиз раҳбари халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, одамларнинг дардини тинглаш орқали аҳолига ёрдам бериб, фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиш кераклигини қайта-қайта таъкидлаётгани бежиз эмас.

Партия ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлардан ташқари, шу йил январь-март ойлари давомида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида тузилган ишчи гуруҳлар, партиянинг қуйи тузилмалари, маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан ҳудудларда аҳоли, айниқса, партия электорати вакилларини қийнаб келаётган масалалар ўрганиб чиқилди. Ушбу масалаларнинг аксарият қисмига ҳудуднинг ўзида ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. 2019 йил май ҳолатига кўра, кириб-чиқилган 24 934 хонадонда ҳудудий кенгашлар томонидан 20 149 муаммо ҳал этилган, 4 299 таси эса ечими мураккаб бўлгани сабабли ўрганишда. Бундай муаммоларни ҳал этишга партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам кенг жалб этилди.

Агар ечимини кутаётган ушбу масалалар орасидан тадбиркорлик соҳасидаги муаммолар, мурожаатларни ажратиб олиб таҳлил этсак, қуйидаги ишларни изчил давом эттириш тақозо этилмоқда. Масалан, бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг тижорат банклари, лизинг компаниялари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини кенгайтириш, гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ банк кредитлари бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга эҳтиёж сезилади. Шунингдек, гаров айланмасига кўчар мулкни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш имкониятлари такомиллаштирилиб, хомашё манбалари ва моддий ресурслардан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратилса, айни муддао бўларди.

Тадбиркорлик субъектларининг қурилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга рухсат олиш муддатлари ва нархини янада қисқартириш, замонавий транспорт-коммуникация ва логистика тармоқларини кенгайтириш, ташқи савдо юкларини ташишни оптималлаштириш, экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари бўйича давлат харидларини кенгайтириш, хизматлар экспортини рағбатлантириш ҳам шулар сирасига киради.

Ҳар қандай ислоҳот ижро механизмининг тизимли таъминлангани, натижадорлиги билан ҳақиқий ислоҳотга айланади. Пировардида кўзланган мақсадга эришилади. Бунинг учун эса, энг аввало, шу ислоҳотнинг асоси бўлган ҳуқуқий ҳужжат мукаммал, халқаро тажриба талабларидаги норма ижодкорлиги ҳамда ижро механизмини ўзида мужассам этиши даркор.

Мамлакатда олиб борилаётган тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотлар самараси аҳоли умумий сонида тадбиркорлар ўрни, улуши ўртача йигирма-ўттиз фоиздан иборат бўлиши билан мезонланади. АҚШ, Япония каби аксарият ривожланган давлатларда тадбиркорлар умумий аҳоли сонига нисбатан олганда 25-30 фоизни ташкил этади. Албатта, бу кўрсаткичга ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг учун жуда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, ижросини қатъий таъминлаш лозим. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури юртимизни бу борада илғор давлатлар қаторига олиб чиқишни мақсад қилганлиги билан улкан аҳамиятга эга.

Ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, Президентимиз куни кеча имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон соҳа ривожи учун қулай муҳит, лозим шарт-шароит яратишни назарда тутиши билан тарихий ҳужжат бўлди, десак, янглишмаймиз. Агар фармон тузилишига эътибор қаратсак, дастлаб тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, соҳанинг жадал ривожига тўсиқ бўлаётган камчиликлар беш йўналишда кўрсатиб ўтилган: тадбиркорларни қабул қилиш ва мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги, тизимли муаммоларни таҳлил қилиш бўйича ишларнинг самарали амалга оширилмаслиги, муҳим муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича вазирлик, идора, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан механизми йўқлиги. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ишбилармонлар билан бевосита мулоқот қилишга, уларнинг қонуний талабини аниқлаш ва муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишга етарлича эътибор берилмаётир, мурожаатлар билан ишлашда жойларда бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамон учраётир, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш ишлари талаб даражасида эмас.

Ҳужжатда ушбу ҳолатларни бартараф этиш чора-тадбирлари, механизми белгилаб берилган. Бирламчи ташкилий чоралар: Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ва мувофиқлаштириш котибиятини ташкил этиш, “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолиятини йўлга қўйиш, мурожаатларни кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш, мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари белгилаб берилди.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш, бу фаолият натижалари бўйича ҳисобдорлик, шунга масъул идоралар кетма-кетлиги, мурожаатда кўтарилган масалалар ечими тартиби ва, албатта, мониторинг натижаси ўлароқ муаммолар ечими қонун ҳужжатларини такомиллаштириш воситаси орқали таъминланиши ҳам белгилаб берилди. Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш, назорат қилиш, кўрилаётган чора-тадбирлар ва таклифлар киритиш манзилли равишда Адлия вазири, Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари томонидан ваколатига мувофиқ ҳал этиш кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мулк­дорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишлаб чиқариш соҳасидаги мутахассислар ҳамда ўз тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини ривожлантириш эвазига халқ фаровонлигига эришишга ҳаракат қилаётган барча фуқароларнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч ҳисобланади. Мазкур фармон эса ўз моҳиятига кўра бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга ҳамда партия электорати манфаатига хизмат қилади. Шу боис партия ўз фаолияти ва парламентдаги фракцияси фаолиятида тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга ошириш ва ўз воситалари орқали назоратини олиб боришни устивор вазифа сифатида белгилаб олади. Ушбу фармон билан белгилаб берилган вазифалар партия фаолиятининг ажралмас қисми эканини унутмаслигимиз даркор.

Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси котибият мудири,

Экспертлар гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1412
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+