Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими жорий этилади

17.05.2019, 15:55

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими жорий этилади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини тадбиркор ва ишбилармон доира вакилларига етказишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда қатнашган O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, қатор вазирлик ва ташкилотлар, тадбиркорлар давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони соҳа ривожи учун яна бир муҳим ҳужжат эканлигини, унинг ижросини таъминлаш эса иқтисодиётда кичик бизнеснинг улушини янада оширишга хизмат қилишини эътироф этишди. Асосийси мазкур фармонда соҳа ривожига ҳали-хануз тўсиқ бўлиб келаётган қатор муаммоларни тизимли бартараф этиш борасида зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳақиқатан ҳам, шунча фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлсада, тадбиркорларни қабул қилиш ва мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими мавжуд эмас. Муаммоларни таҳлил қилиш бўйича ишлар самарали амалга оширилмаяпти. Долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан механизми йўлга қўйилмаган. Бу борада энг оғриқли масала ҳанузгача, аксарият давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилишга, уларнинг қонуний талабларини аниқлаш ва тезкорлик билан ҳал қилишга ҳамда муаммоларни бартараф этишга  етарлича эътибор берилмаяпти. Афсуски, тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлашда, айниқса, жойларда бюрократик тўсиқлар ва ғовлар сақланиб қолмоқда. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ва тадбиркорларнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббусларини ўз вақтида амалга ошириш ишлари ҳам талаб даражасида эмас.

Фармонда бу каби муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш борасида аниқ механизм асосида ишловчи чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилинади. Бу механизмнинг афзаллиги шундаки, эндиликда Бош вазир тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлар олдидаги мавжуд муаммоли ва бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этишни шахсан назоратга олади ва уларнинг ижросини кузатиб боради.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, бу борада “business.gov.uz” ягона интерактив портали фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳам белгилаб берилди.

Эндиликда тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни амалга оширилиши қатъий тартибда белгилаб қўйилиши ҳам хусусий сектор манфаатларига хизмат қилади.

Йиғилишда партия фаоллари масаланинг шу ва бошқа жиҳатларига эътибор қаратиб, мазкур фармон партия сайловолди дастурида қайд этилган бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш каби устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди. Шундай экан партия ўзининг маҳаллий Кенгаш ва парламентдаги депутатлик корпуси имкониятларидан унумли фойдаланиб, фармонда қайд этилган ҳаётий вазифалар ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини олиб боради.

Давра суҳбатида партия фаоллари, депутатлар ва тадбиркорлар бу борада фикр-мулоҳаза ва таклифларини баён этишди.

Тадбир якунида Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тадбиркорлик субъектлари ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган кенг аҳоли қатламига етказиш борасида аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 

  • Кўрилди
    1630
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+