Эркин иқтисодий зоналар мамлакат иқтисоди ривожига ижобий таъсир кўрсатади

17.05.2019, 16:37

Эркин иқтисодий зоналар мамлакат иқтисоди ривожига ижобий таъсир кўрсатади

Ўтган даврда иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизация қилиш, шу орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, умуман барча жабҳаларда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Албатта, инвестицияларни жалб қилишда, инвсторлар учун қулай муҳит, шарт–шароит яратишда эркин иқтисодий зоналар фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, 1996 йилда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун эркин иқтисодий зоналарнинг мақоми, ташкил этиш тартиби, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатини, ушбу зоналарда божхона, валюта, солиқ тартиботлари ва бошқа муҳим қоидаларни белгилаб берди.

2008 йил 2 декабрда Навоий вилояти эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан ЭИЗ фаолияти давомида унинг ҳудудида алоҳида божхона ва солиқ режимлари, Ўзбекистон Республикаси норезидент фуқароларининг унинг ҳудудига кириш, ҳудудда бўлиш ва чиқиб кетишнинг, шунингдек, улар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июнда қабул қилинган “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан ЭИЗ га қўшимча 81.4 гектар ер майдони қўшиб берилди.

Яқиндагина, 2019 йил 15 майда Президентимизнинг “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш, шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этишга қаратилган катта қадам бўлди.

Фармон билан Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга, ҳудудда мавжуд бўлган ёки енгил барпо этиладиган инфратузилмаларда ишлаб чиқаришларни ихчам жойлаштирган ҳолда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилади. Табиийки, бундай ишлаб чиқарувчилар эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси учун белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланади.

“Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўловидан;

бўшаб қоладиган маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга мақсадли йўналтирган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмлар, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Мазкур Фармон нафақат Навоий вилоятида, балки умуман мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, ишлаб чиқаришни ривожланишига, инвестиция муҳитини янада яхшиланишига хизмат қилади.

Ўткир ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси азоси

  • Кўрилди
    1182
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+