Таллимаржон энг обод гўшалардан бирига айланади

21.05.2019, 14:53

Таллимаржон энг обод гўшалардан бирига айланади

Нишон тумани Таллимаржон шаҳарчасидаги 2 204 хонадонда 9 минг 506 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лекин шаҳардаги “Дўстлик”, “Тинчлик”, “Обод”, “Оби-ҳаёт” МФЙларини номига монанд деб бўлмайди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг таъкидлашича, ҳудуддаги 102 та уйлар 1963-1968 йилларда, 3 та кўп қаватли турар-жойлар эса 1985 йилда қурилган. Шунинг учун ҳам жуда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Том қисми таъмирланганидан ташқари, уйлардаги бошқа мавжуд муаммоларни ҳам ҳал этиш лозим. Жумладан, канализация тизими талаб даражасида эмас, автомобил тураргоҳи ва болалар ўйингоҳлари эса умуман йўқ.  

Бу муаммолар тегишли ташкилот вакиллари, O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳнинг ҳудуддаги ўрганишлари давомида маълум бўлди.

Ушбу эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатларни кўздан кечирдик. Турар-жойларнинг ҳолати ҳақиқатан ҳам ачинарли, абгор ҳолатда. Бу ерда яшаётган фуқароларнинг яшаш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир.

 Шаҳардаги мазкур ҳолатлар ва фуқаролар билдирган эътирозлар асосида мутасаддилар билан учрашдик.

“Албатта аҳоли билдираётган эътирозлар ўринли. Ҳақиқатдан ҳам ҳудудда шароит оғир. Аммо шаҳар жорий йилги “Обод қишлоқ”  дастурига киритилган. Дастурда ички ва марказий йўллари иккинчи чораккача муддатда таъмирланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, шаҳарни “Обод шаҳар”га айлантириш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳага кўра, 1 минг 759 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 4-сонли мактабни капитал таъмирлаш, 216 ўринга мўлжалланган қўшимча янги бино қуриш белгиланган. Қолаверса, 1981 йилда қурилган 20-сонли ва 1986 йилда қурилган 19-сонли МТМларини қайта таъмирлаш ишлари режалаштирилган”, – дейди Нишон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари  Шухрат Норқобилов.    

Ўрганишимиз давомида “Дўстлик”, маҳалла фуқаролар йиғини идорасида бўлиб, маҳалла раиси билан суҳбатлашдик.

“Бугун маҳалламизда иш қизғин. Тегишли дастурлар асосида маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Йўллар таъмири “Обод қишлоқ” дастурига киритилган.  Мактаб масаласига келсак, айни пайтда ҳудудимиздаги мактабда таъмирлаш ишларига ҳозирлик кўрилмоқда”, – дейди маҳалла раиси.

 Ўрганишлар давомида партия электорати вакиллари бўлган тадбиркор ва фермерлар билан ҳам мулоқот қилинди. Уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Фуқароларга бугун тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бошланган янги босқичдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорликдан келадиган давлат ҳамда халқ манфаатлари хусусида батафсил тушунчалар берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бор оила вакилларининг бизнес лойиҳалари ўрганилиб, уларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашилди.

Ташриф якунида партияга хайрихоҳ бўлган 200 нафар фуқаро партия сафига қабул қилинди.

 Арзиқул ШЕРОВ,

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши аппарат раҳбари

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1367
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+