Сурхон соҳилиликларнинг муаммоси O‘zLiDeP депутатлари назоратида

21.05.2019, 16:05

Сурхон соҳилиликларнинг муаммоси O‘zLiDeP депутатлари назоратида

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Қумқўрғон туманидаги “Сурхон соҳили” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда ушбу маҳалла фуқароларини қийнаётган муаммолар тингланиб, уларнинг ечими бўйича аниқ тадбирлар белгилаб олинди.

 — Маҳалламиздаги ички йўллар таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Йўлни таъмирлаш масаласида мурожаат қилдим. Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ходими Э.Нормўминов кўчани тез кунларда қайта таъмирлашга киришишини айтди. Хайрият, партия ташаббуси билан ташкил этилган сайёр қабулда кўпчиликни қийнаётган муаммолар ечим топадиган бўлди, — дейди маҳалла фуқароси Хонсулув Норқобилова.

Сайёр қабулда фуқаро Турсунтош Муҳаммадиева қазилмай қолган ариқлар туфайли оқова сув келмаётган хонадонларга сув йўлини очиш учун ҳашар уюштирилишини маълум қилди.

 — Шундай муаммолар борки, уларнинг ижобий ҳал этилиши бир киши ёки битта ташкилотга боғлиқ бўлмайди. Балки кўпчиликнинг кўмагида амалга оширилади, — дейди Турсунтош Муҳаммадиева. — Маҳалламиздаги Муқимий кўчасида яшовчи хонадонларга келадиган оқова сув йўли бекилиб қолган. Бекилиб қолган ариқни қазиш ишлари эса маҳалла оқсоқоли ва фаоллар иштирокида амалга ошириладиган иш. Бироқ кўриб турганингиздек бунга ҳам партия фаолларининг кўмаги, ташаббуси асқотадиган бўлди. Бундай мулоқотлар тез-тез ўтказилиб турса, нур устига нур бўларди.  

Мулоқот давомида туман Давлат хизматлари агентлиги мутахассиси М.Норбоев сўзга чиқиб, йиғилганларга давлат хизматлари агентлиги кўрсатаётган хизмат турлари ва уларнинг бож тўловлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Айниқса, туман Бандлик маркази вакили Б.Тўрамуродовнинг ҳозирда марказда 622 та бўш иш ўринлари мавжудлиги, уларнинг 100 таси ўрта махсус, 522 та иш ўрни эса олий маълумотли мутахассислар учун эканлиги ҳақидаги маълумоти маҳаллада иш излаб юрган фуқаролар учун айни муддао бўлди.

Сайёр қабулда аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш борасида тегишли ташкилотларга вазифалар юклатилди. Ушбу масалаларни партия депутатлик гуруҳлари ўз назоратига олди.  

O‘zLiDeP Сурхондарё

вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1152
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+