Фармон муаммога юзаки ёндашишга чек қўяди

21.05.2019, 16:59

Фармон муаммога юзаки ёндашишга чек қўяди

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу хайрли ишлар замирида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларнинг яхши яшаши учун муносиб шароит яратиш, янги корхоналарни қуриш ва кенгайтириш, йўл-транспорт, ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, инфляция ва нархларни жиловлаш каби мақсадлар мужассам. Табиийки бу жараённи тадбиркорлик субъектларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Лекин амалиётда шу нарса кўринадики, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор муаммо ва тўсиқлар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур фармон тадбиркорларни қабул қилиш ва мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизимини шакллантиради. Уларнинг фаолиятида юзага келаётган масалаларни тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал этиш имконини беради. Энг асосийси тадбиркорларнинг муаммолари ва мурожаатларини ҳал этишга юзаки муносабатда бўлиш ҳолатларини кескин бартараф этади. Эндиликда тадбиркорни ўйлантираётган ҳар бир муаммо билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари шуғулланади.

Яна бир муҳим жиҳати ушбу Қабулхоналар барча туман ва шаҳарларда ташкил этилиши назарда тутилган. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида тадбиркорларни ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш белгиланди. Қувонарлиси, қабулхоналарда тадбиркорларни, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни амалга оширилади. Энг асосийси, Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилиши белгиланди. Яна бир жиҳати қабулхоналар секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритадилар.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Кенгаш мажлисларида ахборотларни эшитишда депутатлардан янада фаол ва ташаббускор бўлиш талаб этилади. Зеро, мамлакатнинг иқтисодий тақдири тадбиркорлик ривожи билан чамбарчас боғлиқ экан, соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳар биримиз бирдек масуълмиз.

Толибжон Юнусов,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти

Кенгаши депутати, Бағдод тумани

“Водий траде” хусусий корхонаси раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    938
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+