Тадбиркорлар учун янги қабулхона

22.05.2019, 15:14

Тадбиркорлар учун янги қабулхона

уларнинг муаммоларига ечим топади

Мамлакатимизда яқин икки йил давомида инновацион ғояларни кенг жорий қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларга қатор имтиёз ва эркинлик бериш бўйича салмоқли амалий ишлар қилинди. Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниши, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартибининг сезиларли даражада соддалаштирилиши, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлари бекор қилиниши, имтиёзли кредитлар ажратилиши тадбиркорларга анча енгиллик туғдирди. Натижада янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони 2,3 бараварга ўсди.

Аммо шунга қарамай, ҳозирги вақтда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ ва фаол жалб этишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ҳали ҳам мавжуд.

O‘zLiDePнинг фаол аъзолари орасида тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Жойларда ўтказилган учрашув ва сайёр қабулларда эса тадбиркорларимиз фаолиятида учраётган тўсиқлар юзасидан кўплаб мурожаат қилишади. Биз имкон қадар уларнинг ҳуқуқларини тиклашга, муаммоларини ижобий ҳал этишга кўмак берамиз. Шундан биламизки, тадбиркор бўламан деган фуқаронинг ёки ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлиб, қўшимча иш ўрни яратаман деган кишининг оҳини ҳамма ҳам эшитавермайди. Бу каби ҳолатлар эса бугун тадбиркорларни Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этиш эҳтиёжини туғдирди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 май куни қабул қилган «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони кўпчилик учун айни муддао бўлди.

Фармонга биноан эндиликда жойларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил этилиши, тадбиркорлик субъектлари билан сайёр қабуллар ўтказиш тадбиркорларнинг кўплаб муаммоларига ечим топилишига имкон яратади. Айниқса, секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳар чоракда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритилиши амалий натижалар сари яна бир муҳим қадам бўлади.

Дарвоқе, ушбу жараёнларнинг барчаси “business.gov.uz” ягона интерактив портали орқали умумлаштирилиб, мониторинг қилиб борилади. Шунингдек, ушбу портал орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳам электрон тарзда қабул қилинади.

Энг муҳими, масъул ташкилотлар томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитлар ҳудудлар ва соҳалар кесимида доимий равишда таҳлил қилиб борилади. Натижада, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яхлит тизим шакллантирилади. Бу тадбиркорга ҳам, халққа ҳам, давлатга ҳам фойда келтиради.

 Алишер РЎЗИЕВ,

O‘zLiDeP Сурхондаоё

вилоят Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    265
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+