Хавотирли икки хавф – озиқ-овқат ва ахборот хавфсизлигидан Ўзбекистон қандай ҳимояланган?

23.05.2019, 12:04

Хавотирли икки хавф – озиқ-овқат ва ахборот хавфсизлигидан Ўзбекистон қандай ҳимояланган?
Дунёда 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас, “ахборот таҳдиди, ахборот хуружи, ахборот уруши” хавфи эса охирги 10 йилда 200 марта ортган.
 
Бугунги кунда озиқ-овқат ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир давлатда энг долзарб вазифа бўлиб, бу масалаларга миллий хавфсизлик даражасида қаралиши ҳеч кимга сир эмас.
 
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Бу жаҳон аҳолисининг деярли ҳар саккиз нафаридан бири демакдир. Сўнгги 10 йил таҳлил этилганда, кейинги уч йилда бу рақамларда ўсиш кузатилган. Очликдан азият чекувчи аҳолининг катта қисми, яъни, 520 миллиондан ортиқ киши Осиёда яшаётган халқларга тўғри келади. Бундан ташқари, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосидан азият чекади. Жаҳоннинг 52 мамлакатида эса очликнинг “жиддий”, “хавотирли” ва “фавқулодда жиддий” даражалари қайд этилган.
 
Шу маънода ахборот хавфсизлиги борасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Жуда тез суръатларда ўсиб бораётган ер юзи аҳолиси улушида бугун дунё ёшлари сон жиҳатидан инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир. Улар 2 миллиарддан ортиқ. Афсуски, содир этилаётган терактларнинг аксарият қисмининг ижрочилари ёшлар бўлмоқда. Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 20 фоизга яқини 30 ёшда ошганлар томонидан содир этилаётган бўлса, қолган 80 фоизи айнан ёшлар томонидан содир этилмоқда.
 
БМТ янгиликлар маркази “Глобал қуролли зўравонлик муаммоси” маърузасига асосланган ҳолда маълум қилишича, йилига дунёда 508 минг киши зўравонлик йўли билан ўлдирилмоқда. Шулардан 70 минги низо ёки террористик актлар, ҳарбий зўравонлик натижасидаги ўлим ҳолатларини ташкил этади. Булар жиноий ҳодисалар, жумладан, гангстерлик ва қароқчилик, маиший зўравонлик, низо ва терактлар асосидаги ўлим ҳолатларидир.
 
 
Кейинги уч йилда зўравонлик натижасида ўлим ҳолатлари маълум миқдорда камайишига қарамасдан, қасддан одам ўлдириш ҳолатлари ортиб, унинг бошқа аянчли оқибатлари қатори, айниқса, иқтисодий-салбий оқибатлари доимий равишда ўсиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, низолар, ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган мамлакатларда дунё аҳолисининг атига 4 фоизи яшайди. Демак, зўравонлик ҳолатларининг асосий сабаби ҳарбий ҳаракатлар эмас балки, турли терористик гуруҳ, экстремистик ташкилотларнинг ўта фаол ва даҳшатли қуроли ахборот воситасидан, оммавий манипуляция усулларидан кенг фойдаланишдир.
 
Бу усулларнинг энг фаоли сифатида “ахборот таҳдиди, ахборот хуружи, ахборот уруши” хавфи охирги 10 йилда 200 марта ортган. Масалан, дунёда юз бераётган жараёнларга объектив эмас, балки АКТ ёки ОАВ, интернет глобал тармоғи имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз мақсадлари йўлида талқин этишда намоён бўлмоқда. Зеро, ахборот хуружлари ҳеч бир давлатни четлаб ўтмайди. Айниқса, Афғонистон каби нотинч мамлакат чегарасида жойлашган минтақамизга ахборот хуружи таҳдиди кучайиб бормоқда.
 
Юртимизда озиқ-овқат, ахборот хавфсизлигини таъминлаш давлат ва миллий хавфсизликни таъминлаш каби кундалик, ўта долзарб ва устувор вазифаларнинг биридир. Жумладан, ички бозорни сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айнан озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш соҳасида 100 га яқин ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан юқори поғонага олиб чиқди.
 
2018 йили АҚШнинг изланишлар маркази ўтказган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида юқорилаб, 64-ўринни эгаллаган. Вашингтонда жойлашган Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти ҳисоботларида ҳам юртимизда кейинги йилларда бу борада эътирофга сазовор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.
 
Куни кеча Президент томонидан озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита алоқадор чорвачилик соҳасини ривожлантириш кўзланган "Яйловлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни имзоланди. 
 
Мамлакатимиз ҳудудининг 85 фоизи чўл ҳамда яримчўл ерлардан ташкил топган. Бугунги кунда аҳоли ихтиёрида 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонлари мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсоннинг нормал овқатланиши учун ҳар бир кишига ўртача йиллик 113 килограмм сабзавот, 50,4 килограмм картошка, 19,3 килограмм полиз, 21,3 килограмм мева ва узум, 40 килограмм гўшт, 140 литр сут, 121 дона тухум, 0,8 килограмм асал каби маҳсулотлар талаб қилинар экан.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий веб-сайтидаги таҳлилий маълумотлардан кўринадики, 2019 йилнинг январь-мартида Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 91 097,7 миллиард сўмни ташкил этган. Бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 фоизга кўпдир. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот(хизмат)ларининг ЯИМдаги ҳисобот даврида ўсиш кўрсаткичи 0,4 фоизни (умумий 5,3% га нисбатан ) ташкил этади.
 
Лекин, шу билан бирга, “истеъмол саватчаси”нинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажмини овқатланишнинг физиологик меъёрларига мувофиқ аҳоли йиллик эҳтиёжининг камида 80 фоизгага етказиш, таркиби ва ҳажмлари бўйича озиқ-овқат рационининг асосини ташкил этувчи маҳсулотлар импортининг улуши 20 фоиздан ошмаслигига эришиш каби вазифалар кун тартибида турибди.
 
Юқорида баён этилган ахборот хавфсизлиги соҳасида илғор хориж тажрибасига тўхталсак, АҚШ, Англия, Германия, Нидерландия, Канада, Япония каби давлатларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралади. Ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш борасидаги миллий дастурлар, хавфсиз ахборот концепциялари, айрим ахборотларга нисбатан вақт, ёш ва бошқа мезонлар асосида чекловлар белгиланган.
 
Республикамизда кейинги уч йилда ушбу соҳада бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилди. Кези келганда таъкидлаш ўринлики, ахборот хавфсизлиги деганда ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланиши тушунилади.
 
Бу Ўзбекистон Республикасининг ахборот хавфсизлигини таъминлашда давлат сиёсатини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини ҳуқуқий, методик, илмий-техник ва ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
 
Кўп йиллар давомида ахборот соҳасидаги тор йўналишларда иш олиб боришимиз туфайли миллий ахборот ресурсларимиз ўрни мақтанарли даражага кўтарилмади. Шунинг учун четдан кириб келаётган ахборот оқими устунлик қилмоқда. Бу борада профилактикани кенг йўлга қуйиш, кучли мафкура тамойили устида институционал тизимли иш олиб боришга урғу бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳар қандай ахборот аввало инсон онги, унинг тафаккурига таъсир этиши билан жамият ҳаётига чамбарчас боғлиқдир.
 
Нуриддин МУРОДОВ,
 
OꞌzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
 
қўмитаси котибият мудири,
 
Экспертлар гуруҳи раҳбари
 
  • Кўрилди
    982
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+