“Йўлларнинг ёмонлиги туфайли кўчамизга такси ҳам келмайди”

23.05.2019, 15:01

“Йўлларнинг ёмонлиги туфайли кўчамизга такси ҳам келмайди”

Халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Хайитбой Рўзметов “Баратлар” маҳалласи аҳолиси билан учрашди.

Учрашув давомида 50 нафарга яқин фуқароларнинг мурожаати тингланиб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар асосан, йўлларни таъмирлаш, ишга жойлашиш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, янги мактабгача таълим муассасаси қуриш, маҳалладаги 50-сонли умумий ўрта таълим мактабини капитал таъмирлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.

Масалан, “Регистон” кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолганидан норози. Фуқароларнинг айтишича, ёмғир ёки қор ёғиши билан маҳалла йўллари ўтиб бўлмас даражага келиб қолади. Ёзда эса одамлар чанг-тўзон остида қолади.

“Йўлларнинг ёмонлиги туфайли кўчамизга такси ҳам келмайди. Кўча аҳволини кўрган такси ҳайдовчиси рад қилади ёки икки-уч баробар кўп йўлкира сўрашади. Бу масалада тегишли ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилдик, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Ахир ўзимиз юришга қийналаётган бундай ботқоқ йўлда фарзандларимиз қандай юрсин?”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.  

Мазкур муаммони атрофлича ўрганган халқ вакили бу масала юзасидан шу куннинг ўзида тегишли ташкилотларга сўров чиқаришини маълум қилди.   

Суҳбат ва мулоқотлар чоғида шу маҳаллада яшовчи Шарофат Хусаинованинг мурожаати депутат эътиборидан четда қолмади.  

 “Ўн йилдан буён туман газ таъминотида фаолият юритиб келаётган эдим. Яқинда раҳбаримиз штат бирликлари қисқарганини айтиб, мени ишдан бўшатди. Айни пайтда ишсизман. Бир нафар фазандим бор. Аввалги иш жойимдан оладиган маошимни кам таъминланган оилаларга ажратилган турар-жойдан олган кредитимизга тўлаб келаётган эдим. Энди кредит тўлашда ҳам қийналяпмиз”, – дея мурожаат қилди у.

Бу масала бўйича халқ ноиби туман Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходими билан гаплашиб, фуқарони бўш иш ўринлари билан таништирди ва ишга жойлашишига кўмаклашди.

Учрашувда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ҳал этилди. Узоқ вақт талаб этадиган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга сўров чиқариладиган бўлди.

 Нилуфар ДЖАББАРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    353
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+