O‘zLiDePга келиб тушган мурожаат депутат ҳамкорлигида ҳал бўлди

23.05.2019, 15:20

O‘zLiDePга келиб тушган мурожаат депутат ҳамкорлигида  ҳал бўлди

O‘zLiDeP Фарғона шаҳар Кенгашига “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини “Нодирабегим” кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Унда айтилишича, Фарғона шаҳри “Баҳор” МФЙ “Нодирабегим” кўчаси 2018 йилги Давлат дастурига киритилиб, ушбу кўчани таъмирлаш учун 50 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилган. Лекин орадан бир йил вақт ўтсада таъмирлаш ишлари ҳалигача якунига етказилмаган.

“Ассалому алайкум! Бизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган, муаммо бор. Бизни кўчамизни таъмирлаш ишлари ўтган йилги Давлат дастурига киритилган. Аммо ҳозирга қадар кўчани асфальтлаш ишлари қилинмаган. Ёғингарчилик бўлганда, бу кўчада яёв юриб бўлмайди, одам лойга ботиб қолади. Ёзда қуруқ кунларда кўчани тупроқ чангига чидаб бўлмайди. Арз қилмаган жойимиз қолмади. Тегишли мутасаддиларга  учрашсак, “сабр қилиб туринглар, қилиб берамиз” дейишдан нарига ўтмайди. Бир йилдан бери алдаб келишади. Сизлардан илтимосимиз шу муаммони ҳал этишда ёрдам берсангиз”

Мазкур мурожаатни O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Т.Исмаилов жойига бориб, ўрганди ва бу масала юзасидан Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бўлимига сўров юборди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мутасаддилар ҳаракатга тушди. Масала ҳалми? Ҳал. Фуқароларда эътироз борми? Йўқ.

“Тўғриси, бу муаммо юзасидан шаҳар ҳокимлигига ва бошқа мутасадди ташкилотларга бир неча маротаба чиқдик. Аммо орадан бир йил ўтган бўлса-да, бу мурожаат атрофлича ўрганилмади. Барча ишлар қуруқ ваъдалар билан “ёпди-ёпди” қилинди. Мана, ҳал этса бўларканку! Партия кўмаги билан кўчамизга асфальт ётқизилди, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бунинг учун партияга вакиллари, депутатимизга барча маҳалладошларимиз номидан миннатдорчилик билдираман”, – дейди “Баҳор” маҳалласида яшовчи Хожархон Қурбонова.

Ҳа, халқнинг жонкуяр вакили Т.Исмоилов бугун чин маънода сайловчилар билдирган ишончни оқламоқда. Депутатнинг аҳоли муаммоларини жойида ҳал этгани сабабли аҳолининг O‘zLiDePга бўлган ишончи ортиб бораётир.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1396
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+