Тадбиркор хотин-қизлар кўпайса...

24.05.2019, 15:29

Тадбиркор хотин-қизлар кўпайса...

оилалар тинч, жамият мустаҳкам бўлади

Ҳаётни, тирикликни ва, қўйингки, жамиятни аёлсиз тасаввур этиб бўладими? Аёл гўзал бўлса – олам гўзал, аёл бахтли бўлса – оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган ҳикматнамо қараш онгу шууримизга чуқур сингиб, ҳаётий фалсафамизга айланиб бўлди. Бугунги кун аёли янгича фикрлаб, мамлакат равнақидаги ўрнини ҳис этган ҳолда замонга хос ва мос тарзда яшаб, ишлаб, фарзанд­ларнинг маънавий камолотга эришувига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ватанга, ота-онага содиқлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат каби юксак инсоний фазилатларни маънавиятли аёлгина фарзанд қалбига сингдира олади. Оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия замирида эса ана шу эзгу туйғулар мужассамдир. 

Аёлларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш, баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини янада кучайтириш бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг устувор йуналишларидан бирига айланди. Партиямизнинг аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш  бўлими томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовордир. Депутатлар ва партия фаоллари кўмагида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаёти ва меҳнат фаолиятидаги тўсиқ ҳамда ғовларни олиб ташлашга кўмаклашиш, жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида изчиллик билан иш олиб бормоқдамиз. 

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли сифатида вилоят аҳолиси ўртасида олиб борилаётган ғоявий-сиёсий ишларда қатнашиб, дастурий мақсадларимизни кенг тарғибот қилиш баробарида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш,   ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида амалий таклиф ва мулоҳазаларимни билдириб келяпман. Бугун воҳамизда 3219,4 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг 1600,1 нафари ёки 49,7 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шундан 30 мингга яқини сафдошларимиз ҳисобланади. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз катта самара бераётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мисол учун, иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган 6857 нафар хотин-қизнинг турмуш шароитини чуқур ўрганиб, мулоқотлар жараёнида қобилият ва имкониятларини ҳам кўздан кечирдик. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида уларнинг 3181 нафари ишга жойлаштирилиб, 454 нафари касбга қайта ўқитилди. 1985 нафар аёл эса  жамоат ишларига жалб этилган.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда партиямиз томонидан ўтказилаётган лойиҳалар яқиндан ёрдам беряпти. “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида хотин-қизларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, бизнес фаолиятини тўғри ташкил этишга ўргатиш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб қилиш, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида амалий ишлар бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни  ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ўртасида кенг тарғиб қилинди. Воҳанинг чекка ҳудудларидаги хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш, хонадонма-хонадон  юриб, тадбиркорлик бошламоқчи бўлганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оилавий бизнеснинг маҳаллий ва хорижий тажрибасини ўргатишга катта эътибор қаратиляпти. Ўқув-семинарлари, маҳорат дарслари, танлов, оилавий тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулот ва хизматлар кўргазма савдолари ташкил этилиб, илғор тадбиркор, фермер хотин-қизларнинг иш тажрибаси оммалаштириляпти. Натижада бандлик ошиб, оилаларнинг барқарор ҳаёти таъминланмоқда. 2019-2021 йилларда воҳамизнинг Яккабоғ, Китоб, Миришкор, Касби, Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари аҳоли зич яшайдиган қишлоқларидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 25 та тикув-трикотаж мажмуаси барпо этилади ва 1200 та янги иш ўрни яратилади. Бу ерда меҳнат қиладиган аёллар ва қизларни қайта касбга ўргатиш бош­лаб юборилди. Депутатлар ва фаолларимиз иштирокида оғир турмуш шароитида яшаётган 2100 нафар хотин-қизнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг мақбул ечимларини топишга интиляпмиз.  Манзилли ёрдам кўрсатиш натижасида уларнинг 289 нафари ишли бўлди.

Президентимиз иштирокида шу йил 19 мартда ўтказилган “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида”ги видеоселектор мажлисида таъкидлаб ўтилган устувор вазифаларни бажариш юзасидан вилоятдаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган учрашув ва йиғилишларда талабаларни кўпроқ амалий машғулотларга жалб этиш, билим ва таж­рибаларини оширишга кўмаклашиш, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш орқали истеъдодларини намоён этишларига эришиш, касб-ҳунар коллежлари  битирувчиларини, айниқса, қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, унутилиб кетаётган зардўзлик, ҳунармандлик касбларини янада ривожлантириш, халқимизга кўрсатилаётган хизматни янги сифат даражасига кўтариш зарурлиги хусусидаги фикрларим кўпчиликда қизиқиш уйғотди.   

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси юртбошимиз томонидан илгари сурилган эзгу ғояларнинг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Томорқачиликни ривож­лантириш ва иссиқхона хўжалиги ташкил этиш мақсадида “Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” маблағлари ҳисобидан тўрт ойда 63 хотин-қизга 1 миллиард 402 миллион сўм кредит берилган. Ўтган муддатда  64 хонадонга 687 миллион сўмлик  кредит ажратилиб, иссиқхона ташкил этилганидан сўнг 150 нафар ишсиз опа-сингилларимиз жамиятнинг фаол аъзосига айландилар.

O‘zLiDeP депутатлари ва фаоллари  кўмагида вилоятда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш ишига бош-қош бўлмоқда. Юзлаб хотин-қизлар тикувчилик, ироқи каштачилик, зардўзлик, қандолатчилик билан шуғулланиб, ўзлари учун даромад манбаи яратаётгани бунинг амалий натижасидир. Вилоятнинг шаҳару қишлоқларида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва фермерликка қизиқадиган қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида ташкил этилаётган ўқув-семинарлари, қатор лойиҳалар иқтидорли ва изланувчан тадбиркор аёлларни кашф этмоқда.  Хотин-қизларимиз  фақат фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиб қолмасдан, балки иқтисодиётимизни юксалтириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганликлари қувонарлидир.

Исмигул ХУШМУРОДОВА,

Қарши давлат университети қошидаги

2-академик лицей директори,

O‘zLiDeP аъзоси

  • Кўрилди
    2151
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+