Республика ишчи гуруҳи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида такрорий экинларни экиш ҳолатларини ўрганишмоқда

24.05.2019, 15:38

Республика ишчи гуруҳи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида такрорий экинларни экиш ҳолатларини ўрганишмоқда

Томорқам – хазинам. Бу ҳақиқатни билган одам ундан унумли фойдаланиб, рўзғорини бутлайди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг аҳоли томорқаларига ва ғалладан бўшайдиган экин майдонларга такрорий экинлар экиш ва уни ташкил этиш ишига алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам бежизга эмас. Чунки халқимизнинг “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган мақолида жон борлигини, томорқада қилинган озгина меҳнат ва ҳафсала ҳам қўшимча даромадга, ҳам фаровон яшашга замин ҳозирлашини бугун каттаю кичик англамоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, айниқса деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Ушбу ҳолатларни Республика миқёсида бир ой давомида ўрганиш кўзда тутилган бир қатор вазирликлар, унинг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимликлардан таркиб топган ишчи гуруҳ вакиллари деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига ташрифи бошланди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг биринчи ташрифи Сурхондарё вилояти бўлди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бир қатор вазирликлар, ҳокимликлар вакиллари Ангор туманида эртаки экинлардан бўшаб қолган ерларга такрорий экинлар экиш ишларининг ташкил этилиши, экин ерларига экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини озиқлантириш учун минерал ўғитлар ҳамда зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар етказиб берилиши, биринчи экин маҳсулотларининг ички бозор ва экспортга чиқарилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўздан кечирди.

Деҳқончиликда машҳур баҳорликлар

Жумладан, тумандаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга ташриф буюрилганда, ҳудуд аҳолисининг ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойданаётгани, ўз томорқасидан қўшимча даромад кўраётганига гувоҳ бўлдик.

Маҳалламизда 4109 нафар аҳоли 674 та хонадонда истиқомат қилади, — дейди “Баҳор” МФЙ раиси Панжи Маматқулов. — Экин майдонлари 261 гектарни ташкил этади. Ҳудуд аҳолиси азалдан ер билан тиллашган, айниқса, карам, гулкарам, лавлаги, саримсоқ пиёз, помидор ва бодринг каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эртачи етиштирадиган ва вилоятимизда энг кўп чет элга экспорт қиладиган меҳнаткашлардир. Мисол учун жорий йил биринчи экин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан қарийб 30 минг тоннага яқин маҳсулот Россия, Қозоғистон, Молдовия, Чехословакия, Польша, Украина каби давлатларга экспорт қилинди.

Маҳалладаги Абдусалом Пирматовнинг хонадонига ташриф буюрганимизда ҳовли атрофидаги 20 сотих ер майдонининг бир қисмига саримсоқпиёз, помидор, Голландиядан келтирилган экспортбоп маккажўхори нави экилганини, яна бир қисми эса ерёнғоқ экиш учун шудгорлаб қўйилганини кўрдик.

- Уйимизда уч жон яшаймиз, турмуш ўртоғим Афғон ёшларини ўқитиш таълим марказида ишлайди, -дейди Раъно Худойбердиева. Аммо томорқадан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Қизим билан бирга доим у кишига ёрдам берамиз. Ахир уйда бўш ўтиргандан кўра, озгина бўлса ҳам еримизга ишлов берсак, қўшимча даромадга эга бўламиз. Маҳалламиздагиларнинг аксарияти карам ва гулкарам етиштириш сирини пухта эгаллаган. Шу жумладан, биз ҳам ҳар йили биринчи экин сифатида ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ерга қадаймиз. Бу йил об-ҳавонинг яхши келиши ҳосилимизга барака берди. Биргина карам ва гулкарамнинг ўзидан 22 миллион атрофида даромад олдик.

Шу ҳовлига қўшни яшайдиган Меҳриддин Абдурасулов ҳам томорқасини яшнатиб қўйибди. Бу хонадон эгалари ҳам 30 сотих майдонга карам ва гулкарамдан 40 миллион сўм атрофида даромад олишиб, ўрнига май ойи бошида эккан бодринглар гуллаб, ҳосилга кирай деб қолган. 

 Жайлов отанинг ғайрати

70 ёшни қаршилаган нуроний Жайлов Маматмўминов ҳам ёшим бир жойга борди, деб оёқ узатиб ётмайди. Томорқада ишламаса, ўзини тетик ҳис қилмайди. Ҳовлиси атрофида мавжуд 30 сотихча майдонда карам, бодинг, помидор, ловя, қовун, ошқовоқ, редисканинг дайкон тури каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиради. Ҳам рўзғорни бутлайди, ҳам қўшимча даромад қилади. Тиниб-тинчимаган отахон иссиқхона ҳам ташкил қилган. Иссиқхонанинг ўрта қисмига лимон, мандарин, араб хурмоси кўчатларини ўтқазган. Ён қисмига эса помидор, яна турли гуллар эккан. Улар орасига эса редисканинг дайкон тури уруғларини ҳам қадаган. Бугун улар ҳосилга кирган.

Асли касбим ўқитувчи, аммо деҳқончилик билан шуғулланишни болалигимдан ўрганганман, — дейди Жайлов ота Маматхўжаев. — Чунки ерга қанча ишлов берсак, меҳр берсак, у бизни шунча сийлайди. Шу пайтгача ҳам ўқитувчилик, ҳам деҳқончилик қилиб кам бўлганим йўқ. Шунинг орқасидан рўзғорнинг камини ҳам бутлаймиз. Биргина бу йил шу томорқанинг орқасидан набирамнинг суннат тўйини, ўзимнинг эса 70 ёш юбилейимни нишонлаш учун элга ош бериб, тўй қилдик. Уй-жойимизнинг кам-кўстини тўлдирдик. Булардан ортган даромадга эса кейинги йилга экиладиган экин уруғлари, озиқлантирувчи кимёвий препаратларни олишни мўлжаллаб қўйдик. Юртбошимизнинг томорқага эътибор қаратинглар, дея куюнгани, керак бўлса, аҳолига бу масалада ёрдам бераётгани биз деҳқонларни янада суюнтирди, ғайратимизга ғайрат қўшди. Чунки ана шу эътибор натижасида уруғларни узоқлардан излаб юрмайдиган бўлдик. Маҳсулотларимизни эса экспортёрлар шу ернинг ўзидан олиб кетишадиган бўлишди. Бу йил нархлар ҳам кўнгилдагидек бўлди. Карамнинг бир килограммини 3000 сўмдан 7000 сўмгача олишди. Ер тўйдиради, ҳеч нарасадан кам қилмайди, деб бугун набираларимга ҳам уқтираман. Чунки улар бизнинг ишимизни эртага давом эттириб, фаровон яшайди.

 Бир жойдан икки ҳосил

Бир жойдан икки ҳосил олиш сирини биласизми? Билмасангиз, Халқ депуатлари Ангор туман Кенгаши депутати Камол Муҳаммадиевнинг хонадонига келинг. Унда кунгабоқар ҳамда маккажўхорининг экспортбоп навини тагида булғор қалампирини ҳам етиштириш мумкинлигига гувоҳ бўласиз. Чунки сояда яхши ўзгариб, мўл ҳосил берадиган булғор қалампирини кунгабоқар билан маккажўхори иссиқдан ҳимоя қилиб туради.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хонадон эгасининг 42 сотих ер майдонида яна помидор учун мўлжалланган иссиқхона ҳам бор.

- 20 сотих майдонга иссиқхона қуриб, помидорнинг “чента” навини етиштирамиз, — дейди Камол Муҳаммадиев. — Бу нав ҳосилдор бўлиб, унинг битта кўчатидан 7 килограмгача ҳосил олиш мумкин. Помидорни ноябрь ойида ерга ишлов бериб, эккан эдик. Дастлаб, томчилатиб суғорилган кўчатлар ўзини ўнглагач, март ойидан бошлаб оқова сув ёрдамида озиқлантирдик. Март бошланиши билан пишиб етилган помидорларни ички бозорга етказиб беряпмиз. Энди июль ойида помидор кўчатлари ўрнига бодринг экамиз. Улар 45 кунда тайёр бўлади ва кузга қадар ҳосил беради. Бир жойдан йил давомида икки марта ҳосил ва даромад оламиз. Помидорнинг ўзидан ҳар йили 35 тонна маҳсулот етиштирамиз.

Иссиқхонада битта иш бошқарувчи ҳамда 4 нафар ишчи меҳнат қилади. Уларнинг маошлари ҳам вақтида бериб борилади. Бундан ташқари, хонадон соҳиби, 100 тупдан мандарин, апельсин, лимон кўчатларини ҳам эккан. Ажойиб боғни эслатувчи ҳовлида эса олча, олхўри, олма дарахтлари ҳосилга кирган.

Меҳнат қилган олтин теради. Бу ҳикматни англаганлар эса “мен кам таъминланганман, давлат ёрдам берсин”, деб иддао қилмайди. Балки ўз хонадонидаги унумдор тупроқдан ҳосил олишга, уни яшнатиб қўйишга тиришади. Унинг бу ҳаракати фарзандларига ҳам ўрнак бўлади. Бундай хонадонда боқиманда эмас, инсон фақат тинимсиз меҳнат ва тадбирлилиги билангина яхши яшаши мумкинлигини англаган фарзандлар улағаяди.

Республика ишчи гуруҳи вакиллари ўрганишлари давомида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланмасдан турган хонадон эгаларининг ер майдонларини ҳам кўздан кечиришди. Ушбу ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида тумандаги тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари жалб қилиниб, бўш турган ер майдонларига ишлов бериляпти. Керакли минерал ўғитлар, уруғлар, кўчатлар олиб келтирилиб, экин экиб беришда яқиндаш кўмаклашилмоқда. Энг муҳими томорқа қўшимча даромад манбаи эканлиги ҳар бир фуқарога тушунтирилмоқда.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этади.

 Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

O‘zLiDeP Сурхондарё

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1582
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+