Республика ишчи гуруҳи Сурхондарёда аҳоли томорқалари ва ғалладан бўшаган ер майдонларга такрорий экинлар экиш ҳолатини танқидий-таҳлилий ўрганишяпти

24.05.2019, 15:55

Республика ишчи гуруҳи Сурхондарёда аҳоли томорқалари ва ғалладан бўшаган ер майдонларга такрорий экинлар экиш ҳолатини танқидий-таҳлилий ўрганишяпти

Аввал хабар берганимиздек, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлиб туришибди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва мутасадди ташкилотлар вакиллари бу гал Қизириқ туманидаги фермер хўжаликлари ўз ишчи ходимлари, шунингдек, кам таъминланган ва томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига бириктирилгани, хонадонларда тўқсонбосди ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга экинлар экиш ишлари қандай олиб борилаётгани билан танишди.

Дарвоқе, Қизириқда 16 минг га ер майдонига ғалла экилган. Айни пайтда ғалладан бўшаган ерлар шудгор қилиниб, фермер хўжаликлари томонидан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга фойдаланиш учун берилмоқда.

- 53 гектар ерим бор, - дейди «Олимжон Абулқосимович» фермер хўжалиги раиси Олим Менглиев. – Туман ҳокимлиги ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 16 та кам таъминланган оила ҳамда 6 нафар ишсиз ёш бириктирилди. Уларга эҳтиёжига қараб, ер ажратиб, шудгор қилиб берамиз. У ерда ўзлари хоҳлаган экинни экиб, ўзлари ва оиласи учун қўшимча даромад топишлари мумкин.

Бундай хайрли ташаббус эҳтиёжманд оилалар учун ҳам айни муддао бўлди. Буни бошқа ҳудудларда ҳам қандай амалга оширилаётганини билиш учун эса Республикаси ишчи гуруҳи вакиллари ўз ишини давом эттирди.

Янтоқзордан даромадли ҳосил сари

Республика ишчи гуруҳи вакилларининг кузатув жараёнида аён бўлдики, қизириқликлар ҳам томорқалардан унумли фойдаланиш ишига ўзгача ташаббус билан ёндашмоқда. Хусусан, «Тинчлик» маҳалласида мавжуд Ўрмон хўжалигига қарашли 2 гектар ер майдони қарийб 30 йилдан буён қаровсиз эди. Янтоқзор, қамишзорга айланган қуриқ ер туман ҳокимининг қарори билан деҳқон хўжалигига айлантирилди.

— Мазкур 2 га ер майдонини шу ерлик аҳолига 6-7 сотихдан кадастр ҳужжатлари билан бирга бўлиб бердик, — дейди Қизириқ туман ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Кенжаев. — Улар бу ерларни обод қилишиб, ишлов беришди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиб, даромад олишмоқда. Ҳатто, уларга «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури асосида имтиёзли фоизларда кредит олишларига ҳам кўмаклашдик.

Маҳаллада бугун 462 та хонадон истиқомат қилади. Уларнинг 30 тасига паррандачилик, қорамол ва иссиқхоналар учун кредитлар ажратилган. Мисол учун, шу маҳаллада яшовчи Фарҳод Тўраев ҳам 50 миллион сўм миқдорида кредит олиб, туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 6 сотих ер-майдонига иссиқхона қурди.

— Иссиқхонани қуриб битказишда таъминотчи корхоналар ёрдам беришди, - дейди турмуш ўртоғи Тўхтахон Тўраева. —  Иссиқхонага бодринг экиб, шу кунгача 50 миллиондан кўп даромад олдик. Маҳсулотларни ички бозорга чиқариш учун «Дамас» русумли автомашина ҳам сотиб олдик. Ҳали ҳосил мўл. Уларни ҳам ички бозорда харидорларига топширишда давом этяпмиз. Томорқамизда етиштирган ҳосилимизни йилдан йилга ошириб боришни мақсад қилганмиз.

Шу хонадонга қўшни Абдулла Марқаевга ҳам ўзининг 15 сотих томорқасига қўшимча равишда яна 6 сотих жой берилган. Бу йил улар, дастлаб, гашнич, шивит, кўк пиёз экишиб, 13,5 миллион сўм даромад кўришди. Кўкатларни ўриб олгач, рўзғор учун қовун, булғор қалампири, ловя, ошқовоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғларини ерга қадашди. Томорқа  четларига эса узум кўчатлари ҳам ўтқазилган.

- Албатта, ердан ҳосил олишнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор, — дейди шу маҳалла фуқароси Аваз Абдуллаев. – Биргина иссиқхонада экин экиб, яхши ҳосил олиш учун тинимсиз меҳнат, кўчатларга алоҳида меҳр ва эътибор қаратиш лозим. Сал эътибордан қолдими, уларга зарар етиши ҳеч гап эмас. Зараркунандаларга қарши препаратларни, озиқ моддаларни эса вақтида бериш лозим. Бу йил мен ҳам иссиқхона қуриб, булғор қалампири етиштирдим. Ҳосил яхши. Айтишларича, мен эккан булғор қалампирининг навидан икки йилгача ҳосил олиш мумкин экан. Ҳарҳолда, меҳнат қилсак, унинг самарасини ҳам албатта, кўришимиз мумкинлигига яна бир бор амин бўлдик.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлар давомида “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилиши ва уларнинг тўлақонли фаолият юритишини таҳлил килишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини ҳам кўришмоқда.

Бундан ташқари “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида аҳоли хонадонларида иссиқхоналарни ташкил этиш, чорва моллари ва парранда етказиб бериш ҳолати ҳам ўрганилиб, тижорат банклари томонидан зарур кредит маблағлари ажратилиши таҳлил килинмоқда. Аниқланган муаммолар жойида бартараф этилиши таъминланяпти.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Республика ишчи гуруҳи деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида такрорий экинларни экиш ҳолатларини ўрганишмоқда

 

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    300
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+