Республика ишчи гуруҳи Қашқадарёда

27.05.2019, 09:47

Республика ишчи гуруҳи Қашқадарёда

Бугун ерга бўлган муносабат ўзгарди. Бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, яхшигина даромад қилиб, рўзғорини фаровон, дастурхонини тўкин қилаётган ватандошларимиз фаолияти бунга яққол мисол. Томорқа хазина деб бежиз айтилмаган. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, айниқса, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига, бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил қилинган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилот вакиллари, ҳокимликлардан ташкил топган ишчи гуруҳи Қашқадарёда бўлиб, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб, томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳи Қарши туманида бўлиб, эртачи экинлардан бўшаган ерларга такрорий экинлар экиш, экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини озиқлантириш учун минерал ўғитлар ҳамда зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар етказиб берилиши, маҳсулотларни ички бозор ва экспортга чиқарилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганди.

Масалан, Қарши туманидаги Талликурон қишлоғилик деҳқонлар кўкат, бодринг, помидор, бўлғор қалампири етиштиришни ҳадисини олишган. Айниқса, ушбу қишлоқда етиштирилаётган зираворлар Қарши шаҳридаги деҳқон бозорларини катта қисмини таъминлаб туради.

Ушбу қишлоқ кўчалари атрофидаги аҳоли томорқаларида экилган райхон кўчатлари ҳар бир кишининг эътиборини жалб қилмасдан қолмайди. Райхоннинг уфириб турган ҳидлари одамга ўзгача завқ бағишламоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу қишлоқлик Қувонч Рўзиев хонадонида  бўлишиб, деҳқончиликдаги тажрибалари билан танишди.

- Ҳукуматимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб, имтиёзли фоизлар асосида кредит олиб, 9,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилдик, - дейди Қувонч Рўзиев. – Шундан 6 сотихига жепси навли булғор қалампири эккандик. Бозорга чиқарганимизга мана 20 кундан ошди. Бундан ташқари 3,5 сотихга эккан бодрингни ҳам сотяпмиз. Шукрки даромади ёмонмас. Қилинган фойдадан қурилишлар қиляпмиз. Насиб этса, бу йил иссиқхонамизга иситиш системасини ҳам ўрнатишни мўлжаллаяпмиз. Агар бу ишни амалга оширсак, маҳсулотларимизни яна декабрь ойига қадар бозорларга сотишимиз мумкин.

Айтиш жоизки, ушбу қишлоқда қайси бир хонадонга кирманг, мўжазгина томорқасини гуллатиб, яшнатиб қўйибди. Лекин ютуқлар билан бирга деҳқонларни қийнаётган камчиликлар ҳам бор. Масалан, шу қишлоқлик Юлдош Пўлатов қўли гул деҳқонлардан. 8 сотих томорқасида картошка, шолғом ва ҳар хил кўкатлар етиштиради. Шуни ортидан рўзғор тебратади. Лекин деҳқонни ҳар йили менерал ўғитлар билан боғлиқ муаммо жуда қийнайди.

- Эрта баҳорда шолғом, картошка, кўкатлар экамиз, - дейди Ю.Пўлатов. – Масалан шолғомнинг уруғини ер парник қилиб, февраль ойининг бошида ерга қадаймиз. Барқарор ўсиб-улғайиш даврида унга азотли ўғитлар жуда зарур бўлади. Аммо ҳеч қаердан топа олмаймиз. Мутасаддилардан сўрасак, бундай ўғитлар сотилмайди, дейишдан бошқага ўтишмайди. Ҳудудимизда ташкил қилинган менерал ўғитлар шаҳобчаси ҳам катталар келганда очилади, кетиши билан ёпилади. Мана ҳозир шолғомларимиз етилди, лекин бозорда арзон. Агар ўғитини вақтида берганимда бундан 20-25 кун олдин тайёр бўларди ва яхшигина даромад қилардим.

Ишчи гуруҳи томонидан бу муаммо жойида ўрганилиб, ижросини таъминлаш мақсадида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.  

Шунингдек маҳаллада яшовчи Паризод Омонова кам таъминланган фуқаролардан. 12 сотих дала ҳовлиси бор. У ерга эрта баҳорда кўкат экилган. Аммо ҳозирда қаровсиз ётибди. Ўғли ҳарбий хизматга кетганлиги боис ёрдамчиси йўқ. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадон аҳволини ўрганиб, Паризод Омоновага ёрдам қўлини чўзди. Қишлоқ хўжалик техникалари чақиртирилиб, дала ҳовли ерлари ағдариб берилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудни ўрганишда давом этмоқда.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1928
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+