Илмни ишлаб чиқаришга боғлаш муҳим зарурат

27.05.2019, 17:08

Илмни ишлаб чиқаришга боғлаш муҳим зарурат

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиеёв халқ билан мулоқот қилиш, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 24 май куни Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташриф буюрди. Ушбу ташрифни нафақат пойтахтликлар балки, юртдошларимиз оммавий ахборот воситалари орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Айниқса, Президентимизнинг ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувида келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи илм аҳлини беҳад қувонтирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, таълимга, илм-фанни ривожлантиришга ажратилган сармоя энг истиқболли сармоя экани инсоният тарихида ва бугунги кунда ҳам ўз исботини топмоқда.

Илм-фанга, ёшларга бу қадар эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Негаки, бугунги глобаллашув шароитида янги фикр ва янги инновацион ғоя бўлмаса, иқтисодиётни юксалтириш мушкул кечади. Чунки дунёда ҳар бир соҳада рақобат кучайгандан кучайиб бораяпти. Айниқса, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик соҳасида бу яққол кўзга ташланмоқда. Шу маънода, бугунги кунга келиб, илмни ишлаб чиқаришга боғлаш муҳим заруратга айланди. Зеро, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларидан мисол келтириб, “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, дея таъкидлагандилар. Бу ҳикмат бежиз айтилмаганди. Ҳақиқатан ҳам, рақобат муҳитида ҳар бир тадбиркор изланиб, инновацион технологияларни пухта ўзлаштириб, фаолиятига кенг жорий этса, тадбиркорлик фаолиятининг барқарор ривожланиши ва ўсишини таъминлайди. Бунда, албатта, илм-фан пойдевор бўлади.

Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда илм фидойиларининг заҳматли меҳнатини қадрлаш, ёшларнинг илмий, иннновацион қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни мунтазам равишда рағбатлантириб бориш, таълим даргоҳлари, илмий муассасаларда ҳар томонлама шарт-шароитлар яратишга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришда инновацион ёндашув жадал шаклланмоқда. Дастлаб бу борадаги амалий ташаббус Президентимиз томонидан Сайловолди дастурида “Биз илм-фан намояндалари, заҳматкаш олимларимиз учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз” дея қатъий ишонч билан илгари сурилган эди.

Ана шундан сўнг таълим тизимида янгича ёндашув, туб ислоҳотларга қўл урилди. Биргина 2017 йилнинг ўзида Президентимиз раислигида таълим соҳасига бағишлаб тўрт марта йиғилиш ўтказилиб, уларда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш зарурати асослаб берилди, янги истиқболли йўналишлар бўйича вазифалар белгиланди. 

Шу билан бирга, Президентимизнинг соҳага тааллуқли 10 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларда ҳам илмий фаолият ва таълим жараёни интеграциялашувини янада чуқурлаштириш бўйича мақсадли чораларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, улар ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этиб келинмоқда.

Шу жиҳатдан, O‘zLiDeP Президентимизнинг Олмазор туманига ташрифи доирасида илм-фан борасида билдирган фикрларини қўллаб-қувватлайди ва ўз навбатида, партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “O‘zLiDeP — инновацион ривожланиш тарафдори” ҳамда “Ёш инновациячи” каби лойиҳаларни янада кўпайтиради.

Мазкур лойиҳалар тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳасини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилаяпти. Бундан кўзланган мақсад, изланувчан ёшлар ва аёлларнинг ўзини кўрсатиши учун муҳим майдон яратиш, уларнинг истиқболли, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга жалб этишдан иборатдир. Қолаверса, соҳа ривожига қаратилган қатор фармон ва қарорлар ижроси устида депутатлик назоратини янада кучайтириш зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Тоир САЛИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракциясининг ижрочи котиби

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    990
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+