Томорқадан олинган даромад оила бюджетига фойда

29.05.2019, 09:43

Томорқадан олинган даромад оила бюджетига фойда

Аввал хабар берганимиздек, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилот вакилларидан ташкил топган республика ишчи гуруҳи Қашқадарёда бўлиб, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб, томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилот вакиллари, ҳокимликлардан ташкил топган ишчи гуруҳи вилоятнинг барча туманларида бўлгани каби Чироқчи тумани аҳоли томорқаларини ҳам кўздан кечирди.

Чироқчи туманидаги Олмазор маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 596 хўжалик, 9 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда оқова сув танқис, лекин қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидик ҳудуд аҳли ер ости сизот сувларидан фойдаланиб бўлсада томорқасини яшнатиб қўйибди. Масалан айни пайтда маҳалладаги хонадонларда 55 та иссиқхона мавжуд бўлса, шундан 38 таси жорий йилда имтиёзли кредитлар асосида барпо қилинган. Маҳаллада яшовчи Холбўта Норлиев ҳам мана шундай имкониятлардан фойдаланиб, ўтган йили 2 сотихлик иссиқхона қурди. Ичига 30 туб лимон кўчатини ўтқазди. Жорий йилда кўчатлар нишона ҳосилни кўрсатди.

- Бекордан худо безор, бўш вақтим бўлди дегунча томорқамда ишлайман, - дейди Х.Норлиев. – Томорқамизда 30 сотих ер майдони бор. у ернинг ярмини мўжазгина боғ қилганмиз. Ҳамма мевадан экканмиз. Пишиқчилик бошланиши билан набиралар тагидан чиқмайди. Қолгани помидор, бодринг, эртаги ҳандалак экканмиз. Эрта баҳорда экилган сабзини йиғиштириб бозорга сотдик. Хуллас томорқамизда бўш турган жой йўқ. Маҳсулотларнинг ортганини бозорга сотамиз. Даромади рўзғор ободлиги учун хизмат қилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу маҳаллада истиқомад қилаётган ёлғиз она Фотима Мейлиева хонадонида ҳам бўлишди. Айтиш жоизки Фотима опанинг 4 фарзанди билан томорқасида амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ. Ҳовлида бўш жойни кўрмайсиз. Ҳамма экинлар тартиб билан экилган. У ерда картошка, помидор, бодринг, булғор қалампиридан тортиб кўкатларгача топиш мумкин. Шиғил ҳосил солган 30 туп анор ва қарийб 1,5 сотих майдонни эгаллаган битта ёнғоқ дарахтидан олинадиган ҳосил оила бюджетига яхшигина даромад келтирмоқда.   

- Турмуш ўртоғим вафот этганига 20 йилдан ошди. Шу-шу рўзғор ташвиши елкамда, - дейди Ф.Мейлиева. – Ҳалол меҳнат қилиб, фарзандларимни улғайтирдим. Эрта баҳордан болаларим билан ерга ёпишамиз. Сабзи, шолғом, зелин экамиз. Бозорга чиқариб сотамиз. Даромади рўзғор ободлиги учун. Шунинг ортидан тўй қилиб, қизимни турмушга бердим. Чорва моллари сотиб олдим. Барака топишсин маҳалла фаоллари ҳам кўмак бериб туришди. Ўзимизни тиклаб олдик. Энди мен кам таъминланган эмасман. Насиб этса, бу йил 2 сотихлик иссиқхона қуришни ҳам режалаштиряпман.

Туманда ташкил этилган “Ўсимликлар клиникаси ва томорқа хизматлари” масъулияти чекланган жамияти ҳам томорқа хўжаликларига яқиндан ёрдам бераётгани қишлоқ хўжалик экинларини барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Олмазор маҳалласида яшовчи Исматулла Ҳалилов 4 сотихлик иссиқхонасида 30 туп лимон етиштирмоқда. Бир неча йиллардан буён яхши ҳосил бериб келаётган лимонлар жорий йилда барча гулларини ташлаб юборган. Барглари сарғайиб, касалликка чалинган. Шу куни жамият аграномлари томорқачига яқиндан ёрдам қилиб, ўз тавсияларини берди. Дарахтларда ерда намлик юқорилиги сабаб томир чириш ҳодисаси юз бергани аниқланди. Керакли припаратлар ёрдамида дорилаш ишлари олиб борилди.

Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ушбу маҳаллада ҳам сувни танқислигини баҳона қилиб, ҳайҳотдик ҳовлига беда экиб қўйганлар ҳам талайгина. Ҳамма гап ҳаракатда, интилишда. Баҳоналар исталганча топилади, агарда инсоннинг ўзида хоҳиш бўлмаса.

Кейинги манзил Яккабоғ туманидаги Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Мевазорликлар кейинги йилларда томорқачиликда яхшигина тажриба орттиришмоқда. Аслида томорқадан самарали фойдаланишдан мақсад нима, биринчидан, томорқада рўзғор учун зарур экинлар, мевали дарахтлар бўлса, оила бюджетига фойда. Ўша маҳсулотлар бозордан сотиб олинмайди. Иккинчидан, ортиқча маҳсулотлар бозорга чиқарилса, арзончилик бўлади. Буни яхши англаган мевазорликлар ҳам кичиккина томорқасини ҳам яшнатиб, фаровон ҳаёт кечиряпти. Масалан, маҳалладаги намунали лойиҳалар асосида қурилган ҳовлилардан бирида яшовчи Азамат Мейлиев ички ишлар тизимида анча йиллар фаолият юритган. Ҳозир нафақада. Уй ҳовлиси бор йўғи 4 сотих, лекин у ерда мевали дарахтлар ва полиз экинларининг тур-тури билан топиш мумкин.

- Нафақага чиққанимдан сўнг, доим давлат ишида юрганим учунми, жуда зерика бошладим, - дейди Ў.Мейлиев. – Ўзимга ҳаёлан эрмак қидирардим. Қарасам томорқам бўш. Бор меҳримни ерга бердим. Натижаси шу бўлди. Сабзи, шолғом, картошка, саримсоқ пиёз ва турли хил гул кўчатлари экдим. 30 туб ток ўтқаздим. Хўрмо ва бошқа мевали дарахтлар кўчатларини қададим. Қарабсизки ҳовлимиз гулзорга айланди. Шаҳардан набираларим келса, кетгиси келмайди. Эрта тонгда туриб, томорқамда ишлаб дам оламан, баҳри дилим очилиб чарчоғим чиқади.

Ишчи гуруҳи аъзолари Ғузор туманида ҳам бўлишди. Тумандаги Батош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туман ҳокимлиги ва бошқа соҳага алоқадор мутасаддилар иштирокида томоқачиликда яхшигина тажрибага эга деҳқонлар фаолияти мисолида семинар ташкил этилди. Аҳолига мутахассислар иштирокида иссиқхоналарда экин экиш, уни етиштириш агротехникаси хусусида тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Ушбу маҳалладаги Тўра Даминов анча йилдан буён оғир хасталикдан қийналади. Жисмоний меҳнатга имконияти йўқлиги боис оилавий шароити оғирлашиб қолган. Туман ҳокимлиги, туман фермерлар кенгаши ва маҳалла кўмаги билан имтиёзли нархларда 1 сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Шунингдек, 20 дона товуқ ҳам тақдим қилинди. Бу имкониятдан фойдаланиб, эндиликда мазкур оила ўз иқтисодини тиклаб олади.

Маълумки, Ғузор тумани ҳудуди сойлик ва лалми ерлардан ташкил топгани боис оқова сув муаммо. Шу боис баъзи ҳудудларда томорқаларда деҳқончилик қилишнинг имкони йўқ.

- Бу муаммонинг олдини олиш учун туманимиздаги 12 та сув танқис бўлган маҳаллага 12 та артизиан қудуқлари ўрнатиб бердик, - дейди Ғузор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Бўриев. – Шунингдек жорий йилда 860 та кам таъминланган оилага 5 миллиард сўмдан зиёд ҳар хил мақсадлар учун кредит маблағи ажратдик. Бундан ташқари уларнинг ҳар бирига фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларидан такрорий экин экишлари учун 1 гектардан ер ажратиш режалаштирилган. Бериладиган ер ҳайдатилиб, экинларнинг уруғи, ўғити ва сувигача етказиб берилади. Мақсад уларни иқтисодиётини тиклаш орқали, кам таъминланган фуқаролар сафидан чиқариш.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу тариқа гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли томорқаларини ўрганиб чиқишди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Ўрганилган барча масалалар назоратга олиниши таъкидланди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1762
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+