Республика ишчи гуруҳи Самарқандда иш бошлади

29.05.2019, 22:16

Республика ишчи гуруҳи Самарқандда иш бошлади

Аҳоли томорқаси ва ғалладан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳининг ҳудудларда ўрганишлари давом этмоқда.

Республика ишчи гуруҳи бугун Самарқанд вилоятида иш бошлади.

Вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳнинг туманларга чиқиши олдидан йиғилиши ўтказилиб, айни пайтда Самарқандда томорқа хўжаликлардан самарали фойдаланиш, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича олиб борилаётган ишлари ҳақида маълумот берилди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хайитов аҳоли томорқаси ва ғалладан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, аҳолига бу борада зарур амалий кўмак бериш юзасидан ўз фикрларини баён этди.

Жумладан, аҳоли томорқасида иссиқхоналар ташкил этишни кўпайтириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларда томорқа эгаларини маълум бир қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришга ўргатиш, паррандачилик, чорвачилик ва боғдорчиликда юқори самарадорликка эришиш учун замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Маълумотларга кўра, жорий йилда Самарқанд вилоятида аҳоли хонадонларида 10 мингга яқин иссиқхона ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозиргача Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 4400 дан ортиқ иссиқхона ташкил этилди. Баҳорги мавсумда аҳоли томорқаларининг 90 фоизига экин экилиши таъминланди. Эндиликда ушбу майдонлар ҳамда ғалладан бўшайдиган ерларга такрорий экин экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш зарурлиги, ишчи гуруҳи бу борада аҳолига зарур тавсия ва маслаҳат бериши кераклиги айтилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари туманларга чиқиб, уйма-уй юриш орқали томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда, таклифларни эшитмоқда.

Пастдарғом туманидаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида 710 хонадонда 4600 дан ортиқ аҳоли яшайди. Деярли барча оила ўз томорқасига эга. Қишлоқ аҳли баҳорги мавсумда томорқасида асосан сабзавот экинлари экиб, айни пайтда ҳосилни йиғиштириб олишга тараддуд кўрмоқда. Шу билан бирга ерга иккинчи экин экишни ҳам режалаштириб қўйишган. Бир неча хонадонда эса иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот етиштирилиб, оила доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

Яхшибой Бобоназаров ана шундай омилкор томорқачилардан бири. У 12 сотих томорқасининг 3 сотихида иссиқхона ташкил этган. Эрта баҳорда иссиқхонадаги дастлабки ҳосил – турли хил кўкатлардан яхшигина даромад қилган деҳқон ҳозирда иккинчи ҳосил – помидорни бозорга чиқармоқда.

– Яна бир ойлар ҳосилни йиғиштириб олгач, ўрнига бодринг экамиз, – дейди Яхшибой Бобоназаров. – Айни куз пайтида бу маҳсулотнинг ҳам харидори кўп бўлади. Шу тарзда йил давомида иссиқхонадан чиқмай, деҳқончилик қиламиз. Шунга яраша даромад оляпмиз. Томорқанинг қолган қисмида ҳам картошка, пиёз, сабзи ва бошқа экин етиштиряпмиз. Бир неча туп мевали дархтимиз бор. Уларнинг ҳосилидан ҳам рўзғордан ортганини бозорга чиқарамиз. Мақсадимиз йилдан йилга ҳосилдорликни ошириб бориш.  

Шу маҳаллада яшовчи Қўчқор Раҳимов 15 сотих томорқасида сабзавот экиш билан бирга 15 туп анор, 14 туп анжир, 8 хил навдаги узумдан ҳам мўл ҳосил олиб, йилига 25-30 миллион сўм даромад олишини айтди.

– Томорқаси бор одамнинг ишсизман деб ўтириши ёки рўзғорида ками бўлиши уят-да, – дейди Қ.Раҳимов. – Меҳнат қилса, кафтдек ердан ҳам рўзғорни обод қилиш, ҳам даромад олиш мумкин. Буни ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз. Картоша, помидор, булғор қалампири экиб, ёз давомида шундан даромад қиламиз. Боғнинг ҳосили эса кузда яхшигина пул бўлади. Доимий меҳнат билан машғуллигимиз туфайли соғлом, тетикмиз.

Гумбаз маҳалласида яшовчи Пўлат Раҳмоновнинг ҳам томорқаси каттагина – 15 сотихдан зиёд экан. Бу ерда шу пайтгача сабзавот маҳсулотлари ва мева етиштириш билан шуғулланган хонадон эгаси жорий йилда 6 сотих майдонда 4 та иссиқхона ташкил этибди.

– Банкдан 30 миллион сўм кредит олиб, шу иссиқхоналарни қурдик, – дейди П.Раҳмонов. – Баҳорда бодринг, помидор, булғор қалампири эккандик. Биринчи иссиқхонадаги ҳосилни сотиб бўлдик, иккинчи экинга тайёрлаяпмиз. Бошқа иссихоналарда ҳам ҳосил навбати билан тайёр бўляпти. Сердаромад иш экан. Насиб этса, шу йилнинг ўзида кредитнинг пулини ишлаб топамиз. Бундан ташқари, кредитга 300 та бройлер жўжа олиб парваришлаяпмиз. Яқин орада бу товуқлар ҳам гўштга тайёр бўлади.

Афсуски, ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида маҳаллаларда катта томорқасидан мақсадли фойдаланмаётган ёки ернинг умрини беҳуда ўтказаётган оилалар ҳам борлиги кузатилди. Ишчи гуруҳ аъзолари бундай хонадон эгалари билан суҳбатлашиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳат берди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2004
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+