Коррупцияга қарши курашиш

30.05.2019, 15:39

Коррупцияга қарши курашиш

Бу борада партиянинг вазифалари нималардан иборат?

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда оғишмай амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, 2016 йилнинг октябрь ойида давлатимиз раҳбари Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзод сифатида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдираётган таҳдидлар орасида айнан давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлиб келаётан коррупция муаммосига барчамизнинг эътиборимизни қаратганди. Айнан шу даврдан бошлаб мамлакатимизда бу салбий иллат билан муросасиз курашиш борасида бир қатор қадамлар қўйилди.

Дарҳақиқат, кўп вақт ўтмай, яъни 2016 йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун ҳужжатининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида “Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори ҳам эълон қилинди.

Куни кеча эълон қилинган фармон ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш борасида яратилган тизимни янада такомиллаштириш масаласи қўйилган, ҳал этиш механизмлари ҳам очиб берилган. Ушбу фармоннинг айнан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дас­тури доирасида эълон қилиниши диққатга сазовордир. Иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупция­га қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини тақозо этади. Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлатнинг вазифаси, балким жамият ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиши лозим. Шунинг учун ҳам фармонда айнан партия­ларнинг бу борадаги ролини кучайтириш алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Дарҳақиқат, партиямизнинг сайловолди дастурида коррупция ва унинг ҳар қандай кўриниши билан муросасиз кураш олиб боришга алоҳида урғу берилган. Мамлакатда мазкур иллатга барҳам берилмас экан, иқтисодиётни ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳамда ўрта синфни шакллантириш ниҳоятда оғир кечади.

Партиямиз ва Қонунчилик палатасидаги фракциямиз мазкур фармондан келиб чиқадиган вазифаларни ижросини таъминлаш ҳамда бу борада тегишли назоратни амалга ошириш юзасидан қуйидаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

  1. Давлат органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида ишлаб чиқиладиган тегишли қарорларни тайёрлашда электорат манфаатини ҳимоя қилган ҳолда иштирок этиш;
  2. “Давлат харидлари тўғрисида” ҳамда “Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлашда коррупцияга йўл қўймаслик юзасидан амалга оширилган ишлар мониторингини ўтказиш ва лозим бўлса парламент эшитуви даражасида мазкур масалаларни ўрганиш;
  3. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун доирасида тадбиркорлик субъект­ларининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолият юритиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда давлат органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувларини ташкил этишга кўмаклашиш;
  4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг коррупцияга қарши курашиш комиссиялари таркибига тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолият юритиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини киритиш чораларини кўриш;
  5. Йилнинг ҳар чорагида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушадиган коррупция билан боғлиқ мурожаатлар таҳлилини ўтказиш ва тегишли чоралар кўриш;
  6. Ёш тадбиркорлар иштирокида “Мен коррупцияга қаршиман” шиори остида семинар, давра суҳбати ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш.

Фикримизча, ана шундай чора-тадбирлар режасини партиямизнинг вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари жойлардаги маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда ташкил этса, янада самарали бўлади.

Шуҳрат БАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1828
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+