O‘zLiDeP фаоллари – болалар ҳузурида (фото+видео)

30.05.2019, 16:05

O‘zLiDeP фаоллари – болалар ҳузурида (фото+видео)

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамиша партиямиз эътиборида.

Давлат ва жамият ҳаётида нишонланадиган саналар кўп. Уларнинг мақсад-муддаоси ҳам, мазмун-моҳияти ҳам турлича. Ана шундай байрамларнинг иштирокчилари ҳам ҳар хил ёш ва тоифадаги кишилар бўлишади. Лекин ёзнинг биринчи куни нишонланадиган ажо­йиб сана борки, у бутун дунёда бир хил байрам қилинади. Бу тантанадан четда турадиган ташкилотни топиш мушкул. Жумладан, сиёсий партиялар ҳам турфа лойиҳалари орқали айни йўналишга жиддий эътибор қаратишади.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан уюштирилган навбатдаги хайрия акцияси Нурафшон шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилди. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирга кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари таклиф этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва маҳалла фаоллари бевосита қатнашиб, болажонлар билан самимий суҳбатлашгани тадбирнинг таъсир доирасини янада кенгайтирди. Орзулар оғушидаги кичкинтойлар бу учрашувни анчагача эслаб юриши табиий. 

“Болажон, бугун сенинг ҳуқуқларинг бутун дунёда турли ҳужжатлар билан ҳимоя қилинган”, дея сўз бошлаган ташкилотчилар ширинтойларга 1 июнь санасининг тарихи, қачондан бошлаб нишонланаётгани хусусида жажжи инсонларнинг тилида маълумот беришди. БМТ Бош  Ассамблеяси томонидан 1989 йилда қабул қилинган Конвенция ҳақида гапира туриб, болаларнинг “Конвенция нима?” деган саволига имкон қадар содда жавоб қайтаришга ҳаракат қилинди.

Юртимизда болаларга алоҳида эътибор қаратилиши, ғамхўрлик кўрсатилиши, таълим-тарбия берилиши, саломатлиги муҳофазаланиши юзасидан олиб борилаётган ишларнинг аҳамияти, болалар манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган қонунлар мунтазам такомиллаштирилаётгани таъкидлаб ўтилди.

– Шундай байрамларда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжмандларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа анжомлар етказиб беришга алоҳида эътибор қаратиб келяпмиз, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Виктор Пак. – Дарҳақиқат, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш давр талаби. Фарзандларимизнинг нафақат жисмонан, балки маънан ва руҳан соғлом бўлишларида бу каби учрашув ва акцияларнинг ўрни бўлакча.

Тадбир якунида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар  фарзандларига O‘zLiDePнинг махсус совғалари топширилди.

Солижон ЗОИРОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1881
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+