Мақсадимиз – эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш

16.12.2017, 14:41

Мақсадимиз – эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш

O‘zLiDeP Хонқа туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳамда уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ва Хонқа туман Кенгаш ходимлари, депутатлар, партия фаоллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.  

– Мутахассисларимизнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир, – дейди O‘zLiDeP Хонқа туман Кенгаши ходими Саодат Каримова. – Афсуски, айрим ота-оналар фарзандининг тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн саккиз, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

– Шифокор сифатида бугунги кунда скрининг текширувларда кўп иштирок этаман, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Насиба Машарипова. – Шуни очиқчасига айтиш керакки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳлар туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади.

Таъкидлаш керак, O‘zLiDeP мазкур мавзу бўйича маҳаллаларда туркум учрашувлар, давра суҳбатлари уюштириб, мунтазам тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Маҳалла фаоллари ҳам бу борада ўз кўмакларини аямаяпти. Мақсад эса битта: эрта ва қариндошлик ўртасидаги никоҳларни олдини олиш ва соғлом оилалар сафини кўпайтиришдан иборат.  

                   Нилуфар ЖАББОРОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот хизмати ходими

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1947
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+