Жомбойлик ва тойлоқликлар томорқадан йил давомида фойдаланади

31.05.2019, 10:55

Жомбойлик ва тойлоқликлар томорқадан йил давомида фойдаланади

Аввал хабар берганимиздек, аҳоли томорқаси ва ғалладан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида фаолият олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари Тойлоқ, Жомбой туманларида уйма-уй юриш орқали аҳоли хонадонларига томорқадан фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Ғалладан бўшайдиган майдонларда такрорий экин экиш бўйича фермерлар билан суҳбатлашди.

Тойлоқ туманидаги Ўзбекистон маҳалласида 732 хонадонда 4200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Кейинги йилларда томорқа хўжаликларида иссиқхона ташкил этиш, парранда боқиш, наслли қорамол харид қилиш учун банклар томонидан имтиёзли кредит берилиши натижасида томорқа хўжалигини кенгайтираётган, ундан яхшигина даромад олаётган оилалар кўпаймоқда. Ҳозирда маҳалладаги 50 дан ортиқ хонадон ўз иссиқхонасига эга.

Жумладан, Мирзоҳид Усмонов ҳам ўтган йил 5 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, йил давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйди.

– Иссиқхонада асосан, сабзи, помидор экиб, бозорга чиқаряпмиз – дейди М.Усмонов. – 16 туп лимон, бир туп мандарин экканмиз. Энди ҳосилга киряпти. Лекин ҳозир етиштираётган ҳосилдан ҳам яхшигина даромад қиляпмиз. Дастлаб сабзи экиб, эрта баҳорда сотиб бўлдик. Ҳозир помидорнинг савдоси чаққон. Ўтган йил томорқадан 50 миллион сўм атрофида даромад қилгандик, насиб этса бу йил, 70-75 миллион сўмни мўлжаллаяпмиз.

Туманнинг Дўстлик маҳалласида аҳоли асосан, картошка, сабзи етиштириш билан шуғулланар экан. Иссиқхона ташкил этиш оммалашмаган. Шу сабабли маҳалла аҳолиси 8-10 сотихлик томорқасидан йил давомида 10-15 миллион сўмгача даромад қилишини айтди. Ишчи гуруҳ томорқачиларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида иссиқхона ташкил этиш, наслли қорамол, парранда олиш учун имтиёзли кредит ажратилиши тўғрисида тушунча берди ва аҳолини бу имкониятлардан самарали фойдаланишга даъват этди.

Жомбой тумани ҳам вилоятнинг деҳқончилик ва боғдорчилик яхши ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур туманда пахта етиштириладиган майдонлар тўлиқ сабзавот ва боғдорчилик учун ажратилган. Аҳоли томорқаларида ҳам анъанавий қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан бирга, хориждан келтирилган аччиқ қалампир, лукпари, брокколи карами, оқ пиёз етиштирилмоқда.

– Маҳалламиздаги 878 хонадоннинг барчаси ўз томорқасига эга – дейди Жомбой туманидаги Ғазира маҳалла фуқаролар йиғини раиси Обид Рустамов. – Аҳолининг асосий даромади шу томорқа ҳисобидан. Бундан ташқари, ҳудудимизда 4000 гектарлик интенсив боғ, ғишт заводи бор. Бу корхоналарнинг ишчилари ҳам асосан бизнинг маҳалламиздан. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида яқинда саккиз оила томорқа хўжалигини ривожлантириш учун имтиёзли кредит олди. Яна 12 кишининг ҳужжатлари тайёр турибди. Яқин орада уларга ҳам кредит ажратилади.

Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари ушбу маҳаллада яшовчи Қилич Рофиев хонадонида маҳорат дарси ташкил этди. Маҳаллада истиқомат қилаётган хотин-қизлар, ишсиз ёшлар Қилич аканинг томорқа мактабини кўздан кечириб, ўзаро тажриба алмашишди, томрқанинг сир-асрорларини ўрганишди. Семинар иштирокчилари мамлакатимизда яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда тижорат банкларидан имтиёзли кредит асосида ўз томорқасида иссиқхона барпо қилишни ўз олдига катта мақсадлар қўйишди.

Қилич Рофиев  иссиқхона ва қуёнчиликни йўлга қўйиш учун банкдан 13 миллион сўм кредит олган эди. 2,4 сотихлик иссиқхонада ҳозирда бодринг парваришланмоқда. 10 сотихдан ортиқ томорқанинг бошқа қисмида эса, сабзи, помидор экилган. Шунингдек, 30 туп шафтоли ва бошқа мевали дархатлардан ҳам ҳар йили мўл ҳосил олиниб, 10-15 миллион сўм даромад қилишар экан.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу тариқа гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли томорқаларини ўрганиб чиқишди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Ўрганилган барча масалалар назоратга олиниши таъкидланди.

  • Кўрилди
    1399
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+