Кармана туманида томорқа маданияти қай аҳволда?

02.06.2019, 13:06

Кармана туманида томорқа маданияти қай аҳволда?

Республика ишчи гуруҳи бу ҳолатни уйма-уй ўрганди

 Халқимиз азалдан ердан самарали фойдаланиб, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Шу сабаб, бугун ҳар бир ўзбек хонадони борки, бир қарич ердан ҳам яхшигина даромад қилиб, рўзғорини фаровон, дастурхонини тўкин қилаётир.

Томорқа хазина деб бежиз айтилмаган. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, айниқса, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига, бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил қилинган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, бир қатор вазирликлар ва мутасадди ташкилот вакиллари, ҳокимликлардан ташкил топган ишчи гуруҳи Навоийда бўлиб, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб, томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг Кармана туманидаги маҳаллалардаги ҳолатни ҳам ўрганиб чиқишди.

Тумандаги “Каттамачит” МФЙда яшовчи Ғафуржон Файзуллаев ака-укалари билан биргаликда тўртта лойиҳа асосида 120 млн сўмлик кредит олиб, “Export Fish Produkt” МЧЖ билан шартнома тузган. Шартномага кўра Ғафуржон Файзуллаев хонадонига тўртта сунъий ҳавза қурилиб, 6400 дона африка лаққа балиғи чавоқлари етказилди. Туман бўйича 21 та хонадонга худди шу усулда балиқхона қуриб берилган. Биргина “Агробанк”нинг ўзига 6 маҳалла бириктирилган бўлиб, тумандаги 323 хонадонга 3 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шундан 77% и кам таъминланган оилаларга берилмоқда.

– Бир ой олдин 1,5 тонна балиқ олдик. 6 ойда балиқларимиз бир килограмлик бўлади, – дейди Ғафуржон Файзуллаев. – Демак, ана шу 1,5 тонна балиғимиз 6 ойда 22 млн, бир йилда 45 миллион даромад беради. Энг қулай томони —“Export Fish Produkt” МЧЖ балиқларимизнинг озуқаси билан ҳам доимий равишда таъминлаб туради. Балиқлар етилгач, килосига 15 мингдан тўлаб таъминотчимизнинг ўзи қайтариб сотиб ҳам олади. Бу йил яна тадбиркорлигимизни кенгайтириб, иссиқхона ҳам қилмоқчимиз. Оила аъзоларимиз давлат ташкилотларида ишлаш билан бирга, қўшимча даромад манбаи сифатида балиқчиликни ҳам катта қизиқиш билан давом эттиришмоқда.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида “Арабхона” маҳалласига ташриф буюрганида у ерлик туб аҳоли вакиллари ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланаётганига гувоҳ бўлишди.

Ушбу маҳаллада яшовчи Учқун Жаҳонов ҳам 10 сотихлик томорқасида ўз ҳисобидан иссиқхона қуриб, 4 сотихига картошка, 3 сотихига бодринг, қолган 3 сотихига эса  помидор эккан. Энг ажабланарлиси, помидор ниҳолларининг орасига булғор қалампири экиб, шу кунга қадар булғор қалампирининг ўзидан 10 млн. сўмдан ошиқ фойда кўрган. Картошкадан ҳам 7,5 млн. сўм даромад қилган. Картошкани тугатиб, унинг жойига яна жайдари помидор эккан.

– Иссиқхоналаримиз икки услубда қурилган. Масалан, термос усулидаги иссиқхонамизнинг маҳсулотлари 15 кун олдин тайёр бўлади, – дейди Учқун Жаҳонов. – Булардан ташқари помидор ва булғор қалампирининг ниҳолларини ҳам бутун маҳаллага етиштириб берамиз. Йиллик даромадимиз 50 млн сўмни ташкил қилади.

Оилаларнинг даромад манбаини ошириш мақсадида Кармана туман ҳокимлиги томонидан ҳам тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Туман аҳолисининг реал даромадларини ошириш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқдамиз, – дейди Кармана туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи  Шерзод Зайниддинов. – Шу кунга қадар 22 хонадонга тижорат банкларидан 660 млн сўмлик кредит олишида кўмаклашдик. Томорқа тадбиркорлиги билан шуғулланувчи ҳар бир хонадонга агрономлар бириктириб, экинларнинг ривожланишини яхшиловчи минерал ўғитлар билан ҳам таъминламоқдамиз. “Арабхона” маҳалласи аҳолиси 100 фоиз деҳқончилик билан шуғулланади. Бу дегани шу маҳаллага тегишли 84,1 гектар ернинг ҳар бир қаричи даромад келтирмоқда. 36 хонадонга 8 фоизлик имтиёзли кредит билан иссиқхона қуриб берилди. Улар “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида иш юритиб, бир-бирлари билан ҳам тажриба алмашадилар, ҳам маҳсулотларини биргаликда сотувга чиқарадилар.

Шунингдек, туманнинг “Арабхона” маҳалласидаги Дилором Файзиева ҳам оиласи билан 10 йилдан буён гулчилик билан шуғулланади. 6 сотих ерга оилавий бюджетидан 3 та иссиқхона қуриб, эртапишар ва кечпишар бодринг ҳамда 4600 дона гладиолус гул эккан. Тошкентдан олиб келинган гладиолусларнинг ўзидан ҳозиргача 3 млн. сўм соф фойда кўрган.

– Ҳар йили гул экиб, сотувга чиқарамиз, – дейди Дилором Файзиева. – Турфа гуллардан экиб тажриба орттираяпмиз. Бу йил гладиолус  экдик. Бу тугаши билан унинг жойига хризантема экамиз. Сентябрга хризантемаларимиз бозорга чиқади. Гладиолус гулларининг ҳар донасини 2-2,5 минг сўмдан сотдик.

Шу маҳалланинг яна бир хонадонига ташриф буюрилди. “Бободеҳқон” кўчаси 179-уйда истиқомат қилаётган ҳақиқий бободеҳқон Ҳусен Нуримов билан учрашдик. Паррандачилик билан шуғулланишни бошлаган тадбиркор оила соҳиби апрелда 8 фоизлик 30 млн сўм кредит олиб, дастлаб 1340 та, кейинчалик 1500 бош жўжа олиб, тадбиркорликни бошлаган.

– Биринчи партияни сотувга чиқардим, – дейди Ҳусен Нуримов. – Товуқларни ҳар бир бошини 8,5 минг сўмдан топширдим. Биринчи партиядан барча харажатларим қопланди. Мана яна 35 кунда фойдага кираман. 10 сотих ер майдонимизў бор. 4 сотихга иссиқхона қуришни режалаштирганман. Мақсадим яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, оилавий даромадимизни ошириб бориш.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.

O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    2229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+