Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги аҳоли томорқаларини ўрганди

04.06.2019, 14:27

Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги аҳоли томорқаларини ўрганди

Бухоро вилоятига ташриф буюрган республика ишчи гуруҳи қатор туманларда бўлди.

Ромитан туманидаги “Чандир” маҳалла фуқаролар йиғини Тошмасжид қишлоғида истиқомат қилувчи Мажид Тошев томорқасида тўрт сотихли иссиқхона ташкил этган. Ўтган йили бу ерда помидор экиб, яхши ҳосил етиштирибди. Рўзғор эҳтиёжидан ортиқчасини бозорга сотиб, жами 6 миллион сўм даромад қилган. Бу йил иссиқхонадан янада кўп фойда кўрмоқчи.

– Йилига уч-тўрт ҳосил етиштирадиган қишлоқдошларимга ҳавас қилиб, январь ойида иссиқхонага картошка экдим, – дейди Мажид Тошев. – Март ойида унинг етилиши арафасида пушта бўш жойларига бодринг уруғи ташладим. Картошкани йиғиштириб олиб, уни бозорга сотишдан келган пул 3 миллион сўмдан ошди. Агар оила истеъмоли учун захирага қолдирганимни пулга чақса, салкам ярим миллион сўм бўлган дейман-ов. Мана, бодрингни ҳам бозорга чиқаряпман. Ҳозирча топган даромадим 2 миллион сўмдан кам эмас. Иссиқхонанинг бир қисмида етиштирилган помидорга ҳар куни харидор бор. Якунида ҳисоб-китоб қилсам, тушум икки миллион сўмга етади. Айтганча, бодрингни йиғиштириб олгач, қулупнай ниҳолини ўтқазмоқчиман.

Одатда, муайян ҳудудда кўпчилик бир хил экин экишни маъқул эмас, деб ҳисоблайди. Лекин Ромитан туманидагилар бошқача фикрда. Қатор маҳаллаларда, жумладан, “Чандир”да “Бир маҳалла – бир маҳсулот” деган шиор амал қилади. Бу – ҳосил етиштирувчиларга кони фойда. Чунки, картошка ёхуд помидор ва бодринг қаерда мўл бўлса, улгуржи савдо қиладиган харидорлар ўша ерга боради.

“Чандир”да ҳосил баракали. Бу фақат деҳқон ўз даласида муайян экинни етиштиришда катта тажриба тўплагани билангина боғлиқ эмас. Унга иссиқхона хўжалигини йўлга қўйишда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти кўмаги ва тижорат банкларининг имтиёзли ва узоқ муддатли кредити қўл келмоқда.

– Иссиқхона хўжалигини ташкил қилишни маслаҳат беришганида, дастлаб кўнмадим, – дейди Тошмасжид қишлоғилик Жаҳонгир Ғафуров. – Маблағим йўқ эди-да. Маҳалладагилар бу масала муаммо эмаслигини айтишди. Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Тижорат банки аризамга кўра, 8 фоизли 26 миллион сўм миқдоридаги пулни “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳисобига кўчирди, кейинги ташкилот эса бу маблағга иссиқхонани тайёр ҳолда фойдаланишга топширди. Умуман, овора бўлганим йўқ. Мана, кўриб турибсиз, бодринг тўлиқ ҳосилга кирган. Пишиб етилганини пешма-пеш бозорга чиқаряпман. Помидор ҳам яхши ҳосил берган. Оралиқ экин сифатида қулупнай ва бошқа экинларни экишни режалаштириб турибман.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 60 га яқин оила иссиқхона хўжалиги билан шуғулланади. Жумладан, уларнинг 20 таси жорий йилда ўз фаолиятини “Томорқа хизмати” МЧЖ амалий ёрдами ва турли тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига йўлга қўйган ёки ривожлантирмоқда.

Агар сиз “Чандир” маҳалла фуқаро йиғини қишлоқларида бўлсангиз, қад ростлаб турган замонавий уйлар ва кўчалардан ғизиллаб елиб турган енгил машиналар эътиборингизни албатта, тортади. Буларнинг ҳаммаси ҳалол ва фидокорона меҳнат фаровонлик манбаи эканлигини англаб етишингиз қийин эмас.

Деҳқонлар ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшишлари мумкин. Шу ўринда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров Ишчи гуруҳи аъзоларига ахборот тариқасида бир мисолни тилга олди.

– Агар 2017 йилда туманимиз жами 1 миллион доллар миқдорида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилган бўлса, – деди Хуршид Тоҳиров. – Ўтган йили бу кўрсаткич уч ярим баравардан зиёдни ташкил этди. Жорий йилнинг беш ойида хорижлик буюртмачиларга 5 миллион доллар миқдорида маҳсулот жўнатилди. Йил охирига бориб, якуний натижа 9,5 миллион доллардан ошади. Бунда томорқачи деҳқонларнинг ҳам ҳиссаси бор.

Пешку туманида миришкорлар ҳақида гап борса, биринчи навбатда, Ибн Сино маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида жойлашган шу номдаги қишлоқда яшовчи Султон Мўминовни тилга олишади.

Ишчи гуруҳ омилкор деҳқон хонадонида бўлди. Бу ерда иссиқхонадан ҳалигина узиб олинган помидор ҳосили картон қутиларга жойлаштираётган экан. Ҳар бири бўлиқ, қусури йўқ. Оила аъзоларининг қўли-қўлига тегмайди.

Беш сотихли майдонда бир текис ўсган помидор туплари шиғил ҳосил туккан.

– Ҳаммаси сидқидилдан қилинган меҳнат ва меҳрга боғлиқ, – дейди Султон Мўминов. – Лекин экинни парвариш қилиш осон эмас. Гулга кирган даврдан бошлаб, оқ қанотли ҳашаротлар хуруж қилади. Дорилаш озгина кечикса, панд ейсиз. Ҳар бир тадбирни ўз вақтида кўрсангиз, ютасиз. Ҳа, айтганча, бу ердагидан ташқари 10 сотихли дала томорқамизда яна бир неча иссиқхонамиз бор. Оила аъзоларимиз билан бандмиз. Қўшниларни ҳам ишга олганмиз.

Пешкуда нафақат бодринг ва помидор ва картошка, балки лимон етиштиришга ҳам қизиқиш катта. Бу Бухоро вилоятида лимончилик тажриба мактабини яратиш бўйича бошлаб юборилган саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг.

Жорий йилда вилоятда жами 45 гектар майдонда лимон етиштириладиган иссиқхоналар ташкил этилади. Мазкур йўналишда Пешку туманида ҳам ишлар жадал олиб борилаётир. Ҳар қайсиси 4 сотихли 72 иссиқхона қурилиши учун бир ҳудуддан 2,8 гектар ажратилган. Айни кунда тижорат банки 8 фоизли кредити асосида “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан 21 та лимонарий барпо этилган. Улар цитрус мева етиштириш билан шуғулланадиган деҳқонларга лизинг асосида сотилади.

Миришкорларга ўз режаларини амалга оширишда бу ерда кластер тизими асосида фаолият юритаётган “Пешку лимончилик равнақи” фермер хўжалиги яқин мададкор. Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар вилоят уюшмасининг ҳамкори бўлган бу субъект деҳқонларга кўчатларни рисоладагидек ўтқазиш ва парваришни агротехника қоидалари асосида олиб боришда тўловли хизмат асосида ёрдам кўрсатади. Эътиборли жиҳати шундаки, “лимонарий шаҳарчаси”нинг ташкил этилиши “Бир маҳалла – бир маҳсулот” концепциясига мос келади ва ҳосил бир ҳудудда қайта ишлаш ёки экспортга жўнатишда қулайлик яратади.

Ишчи гуруҳ аъзолари қўшни Шофиркон туманига кираверишда яна бир тажрибага гувоҳ бўлди. Бу ерда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгашига қарашли “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан ташкил этилган 57 гектарли замонавий узумчилик кластер хўжалиги ҳам ўзига хос экан. Боғда жорий йил апрель ойи бошларида ўтқазилган майизбоп навли токлар баравж ўсяпти.

Ток экилган узумзорлар ҳар гектари яқин атрофдаги қишлоқларнинг соҳибкорлик тажрибасига эга деҳқонларига белгиланган муайян миқдордаги тўлов асосида берилган.

Боғ учун тўловни амалга оширган деҳқонларга ток қатор оралари пушталари ўртасига ерёнғоқ экиш тавсия қилинган. Униб чиққан экин парвариши ҳам бошланибди. Маълумки, ерёнғоқнинг бозори чаққон. Уни экспорт қилиш имконияти ҳам бор. Демак, деҳқон токзордан фойдаланиш тўловини қоплабгина қолмай, икки ҳисса фойда кўриши аниқ. Лекин шартнома асосида берилган майдондаги токларни асраб-авайлаган ҳолда парвариш қилиш унинг зиммасида. Бугунги кунда сувдан тежаб-тергаб фойдаланишда томчилатиб суғориш технологияси муҳим аҳамиятга эга. Токчилик кластерида айни шу усул жорий этилади.

Токзорлар лизинг тўловлари асосида миришкорларга сотилади. Бу эса “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури ижросини таъминлашга ўзига хос йўналишлардан бири бўлади.

Ишчи гуруҳ аъзолари туманларда иссиқхона хўжаликлари, янги ташкил этилган боғу лимонзорлардаги яратувчилик ишларининг шиддати баландлигини ўз кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлишди. Уларнинг замирида юқори ҳосил етиштириш, шунга яраша даромад кўриш, яъни манфаатдорлик ётибди. Мақсадга айланган режаларнинг амалга ошиши учун ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг тизимидаги “Томорқа хизмати” МЧЖ деҳқонларни қўллаб-қувватлаяпти. Кредит, сув таъминоти масалалари ҳам ўз вақтида ечиляпти. Деҳқонларга зарур бўлган минерал ўғитлар, ўсимлик зараркунандаларга қарши кураш учун талаб этиладиган препаратлар билан таъминлайдиган хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам ташкил этиляпти.

Лекин айрим муаммолар ҳам борки, улар устида жиддий бош қотиришга тўғри келади. Масалан, деҳқонлар, томорқа эгалари уларга шохобча орқали сотилаётган калийли, азотли ва бошқа минерал ўғитларининг нархи фермер хўжаликларига етказиб бериладиган ресурсларга нисбатан бир мунча қиммат. Ишчи гуруҳ юқори мутасадди идоралар бу борадаги муаммони ўз вақтида ҳал этишлиги, бу эса томорқа эгалари даласида етиштириладиган ҳосил янада мўл ва арзон бўлишлиги борасида тегишли кўрсатмалар берди.

Республика ишчи гуруҳининг ҳудудларда ўрганишлари давом этади.

  • Кўрилди
    337
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+