Авф – инсонпарварликнинг ёрқин ифодаси

04.06.2019, 19:12

Авф – инсонпарварликнинг ёрқин ифодаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев муборак Рамазан ҳайитини нишонлаш арафасида  “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Шуни алоҳида таькидлаш керакки, инсон ҳаётда билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Лекин мутафаккирлар айтганидек, "хатолар, агар уларни тан олиб, пушаймон бўлишга бўйин ёр берса, ҳамиша кечиримлидир". Зеро, адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ўзини инсонпарвар давлат, деб биладиган ҳар қандай мамлакат олдидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. 

Мазкур фармоннинг қабул қилиниши Асосий қонунимиз муқаддимасида қайд этилганидек, Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигининг амалий исботи бўлиб, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин намоёни бўлди. Авф этишнинг моҳиятида инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик каби тушунчалар ётади. Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, баъзи бир одамлар жазо деганда жиноят содир этган шахсни қийноққа солиш, хўрлашни тушунадилар. Ваҳоланки, жазодан мақсад кимнидир қийноққа солиш, хўрлаш эмас, балки Жиноят кодексининг 42-моддасига асосан жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Фармонда хам бу жихатга алохида эътибор каратилиб, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун имконият такдим этилаяпти.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, афв этиш давлат раҳбарининг қандайдир мажбурияти, бурчи эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ушбу ҳуқуқидан фойдаланиб, адашган шахсларга яна бир бор тўғри йўлга қайтишга имкон берди. 

Яна бир гап. Қабул қилинган фармон асосида жуда кўплаб одамлар озодликка чиқади. Бу эса минглаб оила хурсандчилиги дегани. Албатта, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади. 

Екатерина Смесова,

Халқ депутатлари

Андижон шаҳар

Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    182
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+