Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятидаги томорқа эгаларининг фаолияти билан танишди

09.06.2019, 02:03

Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятидаги томорқа эгаларининг фаолияти билан танишди

Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида иш бошлади.

Ўрим-йиғим мавсуми бошлангани муносабати билан Хоразм вилояти Янгибозор тумандаги “Жўрабек-қумобод” фермер хўжалиги далаларида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда жорий йилда вилоятда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриш, жумладан, ҳудудий “ғалла штаблари”, туман ишчи гуруҳлари ва ғалла ўрим-йиғим отрядларини ташкил этиш, дон қабул қилиш шохобчаларини мавсумга тайёрлаш, комбайнлар учун эҳтиёт қисимлар захирасини яратиш ва бошқа ташкилий тадбирлар ўз самарасини бераётганлиги таъкидланди.

Вилоят миришкорлари жорий йилда 33 минг 200 гектар майдонда ғалла етиштирди. Об-ҳавонинг ноқулай келишига қарамай, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилгани мўл ҳосил олишга муҳим омил бўлаётир.

Айни пайтда тўлиқ пишиб етилган ғалла ҳосилини юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатларда ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига етказиш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида сифатли техника ва ишчи кучи жалб этилган ҳолда 101 та махсус отрядлар ташкил этилди.

Вилоят бўйича 396 та ғалла ўриш комбайнлари, 468 та юк автомобили, 869 та трактор тиркамалари, 156 та кўчма устахоналари, 156 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари хизмат қилиши режалаштирилган.

Семинарда ғалла парваришида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам қайд этилди. Келгусида бу камчиликларни такрорламаслик, имкон даражасида бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Семинардан сўнг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Шовот туманидаги аҳоли томорқаларини ўрганишди. Тумандаги Раёт маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга ташриф буюрилганда, ҳудуд аҳолисининг ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаётгани, ўз томорқасидан қўшимча даромад олаётганига гувоҳ бўлишди.

Мазкур маҳаллада 5 минг 180 нафардан ортиқ аҳоли 924 та хонадонда истиқомат қилади. 61 гектар аҳоли томорқалари, 82 гектар дала томорқалари мавжуд бўлиб, у ердагилар асосан ғалладан бўшаган ерга эртаки картошка, сабзи карам, пиёз каби турли сабзавот маҳсулотлари етиштириб келмоқда. Маҳалла фаоллари, турли ташкилотлар кўмагида аҳоли орасида томорқадан самарали фойдаланиш борасида аҳолига тушунчалар бериб келмоқда.

“Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамият томонидан кам таъминланган оилалар, қаровсиз ётган ерларни шудгорлаб бериш, уруғ, кўчатларини келтириб экиб беришда яқиндан кўмаклашиляпти.

Дурдибой Қулматов ҳам ушбу маҳаллада истиқомат қилади. У ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб келаётган намунали томорқачилардан биридир. Дурдибой ака ўз томорқасида оилавий меҳнат қилиб келади.

– 12 сотих шахсий томорқа ҳамда 12 сотих дала томорқамиз мавжуд, – дейди Дурдибой Қулматов. – Томорқамизнинг озроқ қисмига ғалла эккандик. Ҳосилни йиғиштириб олиб, унинг ўрнига сабзи, помидор, лавлаги, пиёз, булғор қалампир, бақлажон, дуккакли экинлар экдик. Ҳозирда 12 тоннагача сабзавот маҳсулотлари етиштириб олдик. Бозорларга маълум қисмини сотдик. Ҳовлимизда бундан ташқари, турли мевали дарахтлар ҳам экилган. Бир йилда 3 мартагача ҳосил оламиз. Асосий оилавий даромадимиз томорқадан. Келажакда имтиёзли кредит олиб 4 сотих иссиқхона қуришни, паррандачилик ва қуёнчиликни ҳам ривожлантиришни мақсад қилганмиз.

Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида ушбу маҳаллага қўшни бўлган “Мевазор” маҳалласига ҳам ташриф буюриб, аҳоли хонадонлари томорқаларини кўздан кечирди. Аҳолига қўшимча сифатида ажратилган дала томорқаларидан айрим хонадон вакиллари самарасиз фойдаланишаётганлиги гувоҳи бўлишди. 3 та хонадоннинг 10 сотих ер майдони ташландиқ аҳволга келиб қолган бўлиб, янтоқ ўсиб ётганлигига гувоҳ бўлишди. Ишчи гуруҳ тегишли мутасадди ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, шу ернинг ўзида ушбу дала томорқалари шудгорлаб берилди. У ерга турли сабзавот маҳсулотлари экиш учун уруғ ва кўчатлар етказиб беришда кўмаклашилди.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили “Жидали қалъа” маҳалласи бўлди. Рўзимбой Отажонов хонадонига ташриф буюрилганда у кишининг томорқасини кўриб кўзингиз қувнайди.

- 12 сотих томорқам бор, - дейди Рўзимбой ота. 70 ёшни қаршилаган бўлсамда 30 йилдирки шу томорқага меҳр бериб келаман. – Томорқамнинг 3 сотихига иссиқхона барпо қилганман. У ерда 100 га яқин экин турлари мавжуд. Хусусан, апельсин, мандарин, лимон, кивининг турли хил навлари, манзарали дарахтлар, 50 га яқин гул кўчатлари етиштирилади. Ушбу экилган кўчатларимизни аҳоли вакиллари ўз иссиқхоналарига экиб, мўмай даромад олиб келишмоқда.  Бизнинг тажрибамиз бошқа вилоятларга ҳам тарғиб қилиб келинмоқда, кўплаб шогирдлар етказиб келяпмиз. Ерга қанча меҳр берсангиз ер сизни шунча сийлайди, оилангиз даромадини оширади.

Туманнинг Янгийўл маҳалласи аҳолиси ҳам томорқанинг ҳадисини олган. У ерликларнинг асосий даромади дала томорқасидан бўлиб, боғ ораларига тўқсонбости ва дуккакли экинлар экиш билан шуғулланади.

– Қўшимча даромад сифатида дала томорқамизнинг 6 сотих ерга иссиқхона қурган эдик, – дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган Сурайё Тўраева. – Март ойида қурилган ушбу иссиқхонамизда помидор, бодринг эккан эдик. Ҳозирда маҳсулотларимизни бозорга чиқаряпмиз. Қилинган 15 миллион харажатимизни шу йилнинг ўзида қоплашни мақсад қилиб турибмиз. Томорқамизнинг қолган қисмига картошка, саримсоқ пиёз, помидор, булғор қалампир, мош, ловия экилган. Йиллик даромадимиз 30-40 миллион атрофида.

Ер эгаларининг муаммоларини ўрганиб, уларга тегишли тавсиялар бераётган ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этади.

O'zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши

матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    2021
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+