Ишчи гуруҳнинг ҳудудлардаги ер эгалари билан учрашувлари давом этмоқда

10.06.2019, 14:33

Ишчи гуруҳнинг ҳудудлардаги ер эгалари билан учрашувлари давом этмоқда

Хоразм вилоятининг қатор туманларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишган республика ишчи гуруҳи ер эгалари билан мулоқот қилди. Уларни қийнаётган масалалар кўриб чиқилди, билдирилган таклифлари ўрганилди.

Республика ишчи гуруҳи вилоятнинг Шовот ва Янгибозор туманларида бўлиб, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши, ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинлар экиш ҳолатини ўрганган эди.

Ишчи гуруҳ фаолиятининг иккинчи куни Боғот туманидаги ер эгалари билан учрашувларидан бошланди.

Дастлаб “Тоза бозор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга кирилди. Боғдорчиликнинг ҳадисини олган Отажоновлар хонадони ишчи гуруҳ аъзоларида яхши таассурот қолдирди. Сабаби, ер эгалари ўзининг 40 сотих дала томорқасида гилос, олча, узум каби кўплаб мевали дарахтлар экиб, ҳосилини биринчилардан бўлиб бозорга чиқаради. Мўмай даромад олади. Унинг ер билан тиллашиши фарзандларига ҳам ўтган.

Ҳар йили хонадон соҳиблари эртаки экинлар, яъни саримсоқпиёз, помидор, картошка, булғор қалампири экишади. Улар бу йил қуёнчилик билан шуғулланиш истагини билдирди. Ҳозирда 30 бош қуён билан қуёнчилик фаолиятини ҳам бошлади. Бундан ташқари, 4 сотих ерда янги иссиқхона қуришни ҳам бошлаб юборишган. У ерга булғор қалампири, помидор, бодринглар экиб, эрта ҳосил олиш ҳаракатида.

Маҳалланинг қайси хонадонига кирманг, ҳар бирида ердан унумли фойдаланиб, оилавий даромадига қўшимча маблағ киритаётган меҳнаткашларни кўрасиз.

Ташриф давомида “Нурафшон” МФЙдаги Хасанбой Ёқубов хонадонига ҳам кириб борилди. Томорқа эгаси оила аъзолари билан биргаликда қишин-ёзин далада меҳнат қилади. 8 сотих томорқа ерида помидор, пиёз, картошка каби сабзавот маҳсулотлари экилган. Бундан ташқари қўшимча 2 сотих иссиқхонасига бодринг экиб, жорий йилнинг апрел ойидан бери уларни бозорга чиқарябди.

- Бодрингни ҳар бир килосини 7-8 минг сўмдан сотиб, бу йил ҳам яхшигина даромад олдик, - дейди Хасанбой ака Ёқубов. - Даромадимиз ошган сайин яна иссиқхона қуришга қизиқиб, қўшимча янги 2 сотих ерда иссиқхона қуришни бошладик. Бундан ташқари фарзандларимнинг ўқиш ва ишдан бўш пайтларида турли сабзавот маҳсулотлари кўчатларини ҳам етиштириб сотамиз. Йиллик даромадимиз ўртача 20-30 млн сўмни ташкил қилади. Бу йил насиб қилса унданда кўп даромад олини режалаштирябмиз.

Янгибозор туманидаги ўрганишлар ҳам ўзига хос тарзда бўлди. Тумандаги “Паҳлавон Маҳмуд” маҳалласидаги Оллаберган Абдуллаевлар хонадонига ташриф буюрилди. Ўрганишлар давомида қаҳрамонимизнинг шахсий томорқасидан ташқари 20 сотих дала томорқаси мавжуд экани, унинг 10 сотихида  ҳар йили тарвуз етиштиришини гувоҳи бўлдик. Қуёш нурида етилиб, ўзининг мазаси билан ажралиб турадиган Оллаберган аканинг тарвузлари ҳар йили биринчилардан бўлиб, бозорга чиқади. Биргина тарвузнинг ўзидан ҳам мўмайгина даромад олади. Бундан ташқари 8 сотих ерда иссиқхона барпо қилган бўлиб, у ерда помидор, бординг етиштирилади. Маҳсулотлари икки ойдан бери маҳаллий бозорга чиқарилмоқда. 

- Яна 10 сотих шахсий томорқамизда помидор, карам, сабзи каби кўплаб сабзавот маҳсулотлари етиштириб келамиз. Яратганга шукурки, ердан оладиган даромадимиз орқасидан тўйлар қилиб, оиламиз фаровонлигини таъминлаябмиз. Шу йил бошида янги машина ҳам сотиб олдик, - дейди О.Абдуллаев.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Шахло Тангриева хонадонига ҳам бевосита кириб борилди.

- Ўзим Давлат санитария эпидемиология назорат марказининг туман бўлимида мутахассис бўлиб ишлайман. Хўжайиним ҳам давлат ишида ишлайди. Ишдан бўш пайтларимизда эса оила аъзоларимиз билан биргаликда ўз томорқамизда меҳнат қиламиз. Ҳозирда ҳовлимизда 6 сотих томорқамиз ва қўшимча 12 сотих дала томорқамиз ҳам бор, - дейди Шахло Тангриева.

Гувоҳи бўлганимиздек, меҳнаткаш аёл оиласи билан яқинда дала томорқасидан ғаллани ўриб йиғиб олиб, ҳозирда шоли экишга тайёрлашяпти. Қолган қисмига помидор, бақлажон, бодринг, сабзи, картошка, булғор қалампири каби турли хил сабзавот ва полиз экинлари экилган. Ерга берган меҳри сабаб оиласи тўкинлиги таъминланаётган хонадон соҳиблари дастурхони тўкинлигини таъминлаши билан биргаликда етиштирган маҳсулотларини бозорга чиқаришади.

Таъкидлаш жоизки, жойларда олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самараси ўлароқ мазкур маҳалланинг ўзида 105 та хонадон соҳиблари “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида томорқаларида иссиқхоналар қуриб, ерининг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишяпти.

Хоразмнинг иссиқ ва қуруқ иқлим шароитига қарамасдан, ёзнинг жазирама иссиғи, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам қийналмасдан, келажаги учун меҳнат қиладиган, бу каби эзгу фазилатларни фарзандларига ҳам ўргатаётган меҳнаткаш ва фидоий хонадон соҳибларини барчага намуна сифатида кўрсатса, фаолиятларини тарғиб қилса арзийди.

Ишчи гуруҳнинг ҳудудлар бўйлаб олиб бораётган ўрганишлари давом этмоқда. 

 Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    315
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-06-10 22:52:29

Оғир табиий шароитига қарамай, Хоразм диёрида халқни озиқ-овқат билан таъминлаш ишида жонбозлик кўрсатаётган фидойи тадбиркорларимиз, томорқачилармиз ишларига омад тилаймиз!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+