Элликқалъалик 77 ёшли ота қум ерда иссиқхона қуриб лимон, апельсин, мандарин етиштирмоқда

11.06.2019, 23:30

Элликқалъалик 77 ёшли ота қум ерда иссиқхона қуриб лимон, апельсин, мандарин етиштирмоқда
Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида ушбу ҳолатга гувоҳ бўлишди
 
Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасида иш бошлади.
 
Оролбўйи аҳолиси экология, иқлим шароити ноқулай ва ерларнинг шўр бўлишига қарамай ўз томорқасидан унумли фойдаланмоқда. Жумладан, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида 31 минг 244 гектар аҳоли томорқаси мавжуд. 
 
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Тўрткўл туманидаги аҳоли томорқаларини ўрганди. 
 
Тумандаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти аҳолига, айниқса, кам таъминланган оилаларга қаровсиз ётган ерларни шудгорлаб бериш, иссиқхона барпо қилиш, минерал ўғитлар билан таъминлаш, уруғ ва кўчатлар етказиб беришда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Шу кунгача кам таъминланган оилаларга 20 та иссиқхона қуриб берилди.
 
Дониёр Юсупов “Қўҳна Тўрткўл” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Унинг 4 сотих иссиқхонасидаги 60 туп лимон бу йил ҳосилга кирган.
 
 
Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш давомида “Уллибоғ” овул фуқаролар йиғинининг ўзида 39 нафар аҳоли вакиллари ўз томорқасидан самарасиз фойдаланаётгани аниқланди. Ҳудуддаги “Тўрткўлли Қурбонбой” фермер хўжалигига қарашли 80 сотих ер майдони ҳам қаровсиз ҳолда бўлиб бир неча ойдан бери ерга ишлов берилмаган. Мутасадди ташкилот вакиллари билан суҳбатлашилиб, шу куннинг ўзида ушбу ерлар шудгорлаб берилди. Ушбу ҳудудга бириктирилган 8 та оилага турли сабзавот ва дуккакли экинлар экиш учун уруғ ва кўчатлар етказиб берилди.
 
Ушбу овулга қўшни яна бир хонадон соҳиби Норгул Абдуллаева хонадонида 10 сотихлик иссиқхона барпо қилган. Бу ерда гул, лимон, апельсин, мандарин, киви ва банан кўчатлари экиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. 70 ёшни қаршилаган онахоннинг ерга бўлган меҳри ўзгача. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими тасарруфидаги жамғарма ҳисобидан ажратилган 120 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи иссиқхонани ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётир.
 
Ишчи гуруҳ Элликқалъа туманидаги хонадонларда ҳам бўлиб томорқалардан фойдаланиш, тўқсонбосди ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга иккиламчи экин экиш ишлари, “Гулдирсин” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Дошқалъа илғори” фермер хўжалиги дала майдони билан танишди.
 
Ушбу овул фуқаролар йиғинидаги аҳоли ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб келаётган экан. 
 
Замира Собированинг асосий оилавий даромади томорқадан. 15 сотих ер майдонига картошка, сабзи, помидор, бодринг, саримсоқ пиёз каби сабзавот маҳсулотлари экилган оила эҳтиёждан ортганини бозорга чиқарар экан.
 
“Пахтачи” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Искандар Матёқубов хонадонида амалга оширилган ишлар ишчи гуруҳ аъзоларига катта қизиқиш уйғотди. 77 ёшни қаршилаган отахон қум, қамишзор, саксовул ўсиб турган, шўр ерни қайта-қайта шудгорлаб, агротехник ишлов бериб обод қилган. Ҳудуд иқлимини яхши тушунган ва тажриба орттирган Искандар ота қум ерни уч метргача қазиб, 3 сотих ерга иссиқхона барпо қилган. У ерда лимон, апельсин, мандариннинг 25-30 туп дарахти мавжуд.
 
– Бир йилда 2,5 тоннагача ҳосил оламиз, – дейди Искандар ота. – Фарзандларим билан биргаликда иссиқхонада меҳнат қилиб келамиз. Оилавий даромадимиз ошиб борганига қизиқиш билдириб, 5 нафар фарзандим ҳам ўз шахсий иссиқхоналарини қурди. Бу йилнинг ўзида олинган даромадлардан иккита шахсий автомобиль сотиб олдик. Аҳоли овқатланиш чойхонасини ҳам очдик. Даромадимиз ошганлиги сабабли тадбиркорлик фаолиятимиз кенгайиб бормоқда. 20 нафарга яқин шогирдим бор, улар ҳам менинг тажрибамни ўрганиб, лимончилик билан шуғулланмоқда. Биздан кўчатлар олишади. Бундан ташқари, шахсий томорқамизда помидор, бодринг маҳсулотларини экканмиз. Бу йил ҳам ушбу қум ерларга ишлов бериб 5 сотих ерга иссиқхона қурдик. Унда бодринг экиб, ҳар бир килограммини 7-8 минг сўмдан сотдик. 
 
 
Ишчи гуруҳ томонидан Нукус тумани аҳоли томорқалари ҳам ўрганилди.
 
Арзигул Байтиеванинг 30 сотих шахсий ва 80 сотих дала томорқаси мавжуд. Бу ерларда асосан помидор, қовун- тарвуз етиштирилади.
 
– Маҳсулотларимизни Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби қўшни вилоятлардаги харидорларимиз шу жойнинг ўзидан сотиб олишмоқда, – дейди Арзигул опа. – Ҳаттоки, қўшни Қозоғистон давлатига ҳам экспорт қилиб турамиз. Ўтган йили 50 миллион сўм даромад олган бўлсак, бу йил 70 миллион сўм даромад қилишни мақсад қилганмиз. Ён атрофимиздаги ташландиқ шўр, саксовул ўсиб ётган ерга ҳам ишлов бериб, маҳсулот етиштиришни режалаштирганмиз. Инсон қанча меҳнат қилса, ерга меҳр берса ер ҳам уни шунча боқади. 
 
Республика ишчи гуруҳининг ўрганиш ишлари жойларда давом этмоқда.
  • Кўрилди
    1974
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

ҚР аппарат раҳбари Шароф Отемисов2019-06-13 10:01:18

Элликқальалик отахоннинг қилган меҳнатлари мен учун бир кўрсатма бўлди. Ҳар қандай меҳнат самарасиз кетмаслигиа яна бир бор амин бўлдим. Қанийди ҳар бир маҳаллада Искандар отага ухшаган 30 киши бўлганида, ииқхона ўрнатганда.


Рахманова Гульнара КР Тахтакупир туман Кенгаши ижрочи котиб 2019-06-12 08:57:51

Маколада куриниб турганидек она ерга эътибор каратиб озгина мехнат килсанг эвазига хоноданларнинг мул кулчилигини таъминлаб гина куймасдан ички бозорларни хам арзон баходаги мева полиз унимлари билан тулдиришда хисса кушган буласиз. Бу каби инсонларни эса хакикий давр кахромони деса арзийди. Партиямиз сафида тажрибали мехнатсевар тадбиркорларнинг купайиши биз учун катта кувонч ва ютук улар билан фахрланамиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+