Китобсиз ҳаёт йўқ!

12.06.2019, 17:39

Китобсиз ҳаёт йўқ!

Дарҳақиқат, шундай. Азал-азалдан  халқимиз ижод аҳлига ўзгача меҳр ва ўзгача ҳурмат билан қарайди. Китобга муҳаббат, уни  қадрлаш, ўқишга иштиёқ эса маърифатпарвар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Зотан, қалб қўри ила битилган гўзал асар кишида Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ва эзгуликка ундайди. Ёшларнинг  болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш эса уларда мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантиришда яқиндан ёрдам беради.

Президентимиз томонидан ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга эътибор қаратиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида давр талаблари даражасида амалга оширишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. 

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Китоб туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Китобсиз ҳаёт йўқ” деб номланган ижодий учрашувларда ҳам ёшлар маънавиятини юксалтиришда китоб ва китобхонликнинг ўрни ҳақида сўз борди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “ХХI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов ўзи таҳсил олган Китоб туманидаги 78-мактабга ижод намуналаридан сараланган ҳамда бошқа ижодкорлар қаламига мансуб юздан ортиқ нодир китоблар билан ташриф буюрди.

Унинг мактабдоши, Қашқадарё ҳудудий автомобиль йўллардан фойдаланиш корхонаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси Бекмурод  Раҳимов ҳам қадрдон билим маскани кутубхонасига икки юзга яқин жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари бўлган китобларни туҳфа этди.

Тадбирда сўз олган ижодкорлар, собиқ синфдошлар, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари билан назм ва наср мўъжизалари, китоб мутолаасининг инсон тафаккурини бойитишдаги ўрни, билим ва тарбия олиши борасидаги беқиёс хизмати ҳақида фикр юритдилар.

–Кўпдан бери бу қадрдон масканга ташриф буюришга вақт топа олмай келардим, – дейди Қашқадарё ҳудудий автомобиль йўллардан фойдаланиш корхонаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси Бекмурод  Раҳимов. – Бугунги тадбир шарофати билан фахрий устозларим ва собиқ синфдошларим ҳамда илмга ташна йигит-қизлар билан мулоқот қилиб, беҳад севиндим. Албатта, дилга завқ улашган ажойиб мулоқот, бундай шеърият кечалари муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан қанот ёяётганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Таъкидландики, мана уч йилдирки, мамлакатимизда ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш,  ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, айниқса, навқирон авлодда китобга, билимга меҳр уйғотиш, уларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш давлатимизнинг доимий диққат эътиборида турибди. Зеро, адабиёт инсоннинг дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш, ҳаёт синовларига бардош бериш  ва ўз  келажагини ўзи қуришда ҳар томонлама кўмакдош ва маслаҳатгўй эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. O‘zLiDeP ҳам ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, келажагимиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилиб, мана шундай савобли ишларга ўз улушини қўшмоқда. 

– Партиямиз ташаббуси билан воҳамизнинг чекка ҳудудларида шоир ва ёзувчилар иштирокида “Китобсиз ҳаёт йўқ!” мавзуида тадбирлар ташкил этишни бошлаб юбордик, – дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов. – Мазкур маърифат анжуманининг дастлабки Китоб туманида шоир Норқобил Жалил ва маҳаллий ижодкорлар иштирокида бўлиб ўтди. Кенгашимиз томонидан тумандаги 78,-74-мактаблар кутубхоналарига янги бадиий адабиётлар ва ўқув кўргазма воситалари тақдим этилди. Маънавият бешиги бўлмиш китоб ва унинг донишмандона фазилатлари ҳақида фозиллар суҳбати, барчада катта таассурот қолдирди.  

Куннинг иккинчи ярмига келиб, Макрид Агробизнес ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилар, тиббиёт ходимлари, яқин атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли билан тўлди. Шеърхонлик даврасини туман ҳокимлиги масъул ходими, ёзувчи Лола Ўроқова очиб берди. Шундан сўнг Норқобил Жалилов сўз олиб, ўз ижодидан намуналар ўқиди, тўпланганларнинг адабиёт олами борасидаги саволларига  батафсил жавоблар қайтарди. 

– Китобга муҳаббат қўйган инсон турфа олам сирларидан бохабар бўлиб, юксак тафаккур эгаси сифатида дунёга теран нигоҳ билан назар ташлайди, – деди Н.Жалилов. – Президентимиз бошчилигида китобхонликни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга камтарона ҳиссамизни қўшиш мақсадида бугун ушбу тадбирни ташкил этдик. Ёшларни китобга дўст қилиш дунёдаги энг эзгу амаллардандир. Глобаллашув даврида бу масала биз учун ҳаёт мамот масаласи эканлиги алоҳида таъкидлашни истардим. Бугун мен нафақат янги китобларни, балки кутубхонамда сақланаётган, ўзим учун ниҳоятда қадрли бўлган асарларни ҳам мактабим кутубхонасига туҳфа этаяпман. Мақсадимиз – ўсиб келаётган ёш авлод олтинга тенг болалик даврларини китобга ошно бўлиб, билим олиш билан ўтказган ҳолда, озод Ўзбекистонимизнинг нурли истиқболи йўлида самарали хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб вояга етсинлар.  

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўроз Ҳайдар, таниқли шоир, “Мусиқа” нашриёти муҳаррири Амир Худойберди, ёзувчи Жаббор Халиллар сўзга чиқиб, ёшларга ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.

Китобхонлик байрами ёшлар мушоираси билан якун топди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири 

  • Кўрилди
    1020
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+