Наманганда икки ой давомида 41 та янги БПТ очилди

14.06.2019, 10:28

 Наманганда икки ой давомида 41 та янги БПТ очилди

O‘zLiDeP  Наманган вилоят Кенгаши томонидан 2019 йил 15 мартдан 1 июнгача вилоят ташкилотининг барча бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди.

Йиғилишлар давомида ўтган бир йил ичида амалга оширилган ишлар партия аъзолари томонидан чуқур таҳлил этилиб, ечимини кутиб қолган муаммоларни ижобий ҳал этиш, ташкилий-партиявий ишларни яхшилаш, БПТлар иш самарадорлигини ошириш, уларнинг тўлақонли ва давр талаблари даражасида фаолият олиб боришлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш зарурлиги хусусида ҳисобот-сайлов йиғилишлари чоғида батафсил ва очиқ-ойдин сўз юритилди.

Йиғилишларда ҳисоботдан ташқари  кун тартибига киритилган бошланғич партия ташкилотларда Кенгаш аъзоларин, БПТ раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш, БПТнинг 2019 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш, партия аъзолигига қабул қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Жорий йилдаги ҳисобот-сайлов йиғилишлари, айниқса, Наманган шаҳридаги “Боғ” МФЙ, “Ideal Tekstil - Orzu”  корхонаси,  “BIRUZA GROUP” МЧЖ ва Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти, Чуст туманидаги “Пансада” МФЙ ва “Дилфуза Улуғбаева” ХК, Норин  туманидаги “Томорқа ер эгалари ва фермерлар Кенгаши” ва “Норин туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати” сингари корхона, ташкилот ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган БПТларида кўтаринки руҳда ва уюшқоқлик билан ўтказилиб, қуйи бўғинлар зиммасидаги янги вазифалар белгилаб олинди.

- Ўтган йиғилишларда ҳисобда турган 35908 нафар партия аъзосидан 27960 нафари қатнашди, бу жами партия аъзоларининг 78% фоизини ташкил қилади, - дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши аппарат раҳбари вазифасини бажарувчи Абдулаҳад Алимбаев. – Мазкур ҳисобот-сайлов йиғилишлари компанияси давомида БПТлар атрофлича  ўрганиб чиқилиб, 41 та янги бошланғич партия ташкилоти тузилди. Ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида 740 га яқин БПТ раислари фаолияти қониқарли деб топилиб, уларга қайта ишонч билдирилилди.

Партиянинг белгилаб берган вазифаларини сидқидилдан бажармаган, биронта бир ташаббус кўрсата олмаган 200 га яқин БПТ раислари эса ўз вазифасидан озод этилиб, ушбу қуйи бўғинларга шижоатли, талабчан янги раҳбарлар сайланди.    

Таъкидлаш керакки, ўтказилган ҳисобот-сайлов жараёнларининг 400 дан ортиғида маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам фаол қатнашдилар. Йиғилишлар якунида вилоят партия ташкилотида бошланғич ташкилотлар сони 978 тага етди. 92 та қуйи бўғин фаолияти қайта тикланди. Партия аъзолари 30 тадан ортиқ бўлган 6 та бошланғич партия ташкилотида Кенгашлар тузилди.

Партия аъзолари янги сайланган барча БПТ раисларига келгусида партия ғояларини халқ орасида тарғибот қилиш, тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига, кам таъминланган оилаларга доимо ёрдам бериш, фаҳрийлар, ёлғиз кекса ва нафақахўрлар билан мулоқотда бўлиш, ёшларнинг маънавий ва маърифий билимларини мустаҳкамлаш, ёшлар ва аёлларни иш билан банд қилиш, депутатларнинг фаоллигини ошириш  каби масалаларга эътибор беришни ва бу ишларни амалга оширишда партия аъзоларини кўпроқ жалб этишни таъкидладилар.

Эркин АҲМЕДҲОДЖАЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

БПТ билан ишлаш гуруҳ раҳбари

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1572
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+