Халқ танлови – ҳақ танлов

16.12.2017, 15:56

Халқ танлови – ҳақ танлов

Халқ баҳоси, ўзаро кенгашиб берилган баҳо доимо ўзини оқлаб келган. Унга муносиб бўлиш, номзодлар орасида ютиб чиқиш ана шу бахт – халқ танловидан муваффақиятли ўтишга муяссар бўлиш билан баробар.  24 декабрь – Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кунида энг кўп овоз олиш, яъни ғалаба қозониш учун ҳам элнинг кўнглига йўл топиш лозим.

Сир эмас, ҳозир одамларнинг дунёқараши ўзгарган, сиёсий жараёнлар, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатида анча тобланган. Қолаверса, пойтахтимизда камолга етгунча не-не чиғириқлардан ўтмайди инсон. Демак, бугунги одамларни шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди. Ҳар бирининг саволи бир хил: “Мени, оиламни, маҳалламни қандай ҳимоя қиласиз? Маҳалламизга, туманимизга, шаҳримизга қандай нафингиз тегади?” деган саволларга жавоб бермоқ учун, аввало, номзоди кўрсатилган ҳудуднинг паст-баландидан хабардор бўлмоқлик жуда муҳим.

– Дарҳақиқат шундай, – дейди 17-Наврўз сайлов округидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутатлигига номзод Муҳиддин Калонов. – Ўтган куни сайловчилар билан учрашув чоғи бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Сайловолди дастуримни ўқиб эшиттиришим билан мени бир дунё саволларга кўмиб ташлашдики, депутатлик ҳақиқатан ҳам шунчаки мартаба эмас, балки юксак масъулият эканлигини чин дилдан ҳис қилдим. Мурожаатлар пойтахтимиз тараққиётига тушов бўлиб турган, бизни орқага тортаётган маънавий, ижтимоий муаммоларга ечим топиш билан боғлиқ эди-да.

Сайловчиларга сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу ижтимоий қатлами манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлашни таклиф этдим. Шунингдек, мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш ҳам сайловолди дастуримнинг асосини ташкил этади.

– Шу кунгача сайловолди ташвиқоти доирасида икки марта сайловчилар билан учрашдим, – дейди 23-Пўлатобод сайлов округидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутатлигига номзод Дурдона Кудайбергенова. – Айниқса, Миробод туманидаги 214-умумтаълим мактабидаги мулоқот бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Гувоҳи бўлдимки, одамларимиз ўтказилаётган сайловга бефарқ эмас, аксинча, бу жараёнларда фаол иштирок этишга интилишмоқда. Йиғилганлар томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир долзарб масалаларнинг кўтарилаётганлиги халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганини кўрсатади.

Шуниси муҳимки, жойларда аҳоли билан ўтказилаётган учрашувлар халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича ўзаро фикр алмашиш имкониятини бермоқда. Мен депутатликка номзод сифатида 23-Пўлатобод сайлов округи ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролар билан деярли ҳар куни учрашяпман. Ўйлайманки, анъанавий тадбирлардан кўра, фуқароларнинг хонадонига кириб, маҳалла ҳудудини кезиб, одамлар билан дилдан мулоқот қилиш номзодларни халққа яқинлаштиради.

Ўзим учун округ ҳудудидаги қатор муаммоларни белгилаб олдим. Масалан, маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқ экан. Фуқаролар ўз фарзандларини бошқа маҳаллаларда ва шаҳар марказида жойлашган МТМларга олиб боришар экан. Бу қатор ноқулайликларни келтириб чиқариши турган гап.

Давлатимиз раҳбари куни кеча Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, боғча тарбиясини кўрган боланинг онги, дунёқараши қандай юқори бўлишини исботлашнинг ҳожати йўқ.

Партиямизнинг сайловолди дастурида мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, хусусий болалар боғчалари тармоғини кенгайтириш вазифаси ҳам белгиланган. Сайловчилар билан учрашувлардаги чиқишларимда бу масалага алоҳида эътибор қаратяпман.

Ўзим ёш бўлганим боис тенгдошларимни иш билан таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш асосий мақсадларимдан бирига айланган. Аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларнинг аксарияти маҳаллий бюджетлар билан узвий боғлиқ, шу маънода кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш маҳаллий бюджетга тушумларнинг кўпайтириш манбаи, иқтисодиёт таянчи эканлигини бот-бот таъкидлаяпман. Сўнгра бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларини барпо этиш, бу соҳаларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мумкин бўлади.

Сайловолди учрашувларимиз Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ғояларининг қанчалик ҳаётий эканлигини, фуқаролар орзу-интилишларига шунчалик мослигини ўрганишга ҳам хизмат қилмоқда. Ҳамшаҳарларимиз менинг таклифларимни фаол қўллаб-қувватлашаётганидан бахтиёрман.

– Молия-банк тизимини янада либераллаштириш устувор мақсадларимдан бири, – дейди 11-Норуда сайлов округидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутатлигига номзод Баҳодир Ҳакимов. – 6-7 декабрь кунлари сайловчилар билан бўлган учрашувларда ҳам бу ҳақда яна бир бор таъкидладим. Фақат шугина эмас, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ҳам сайловолди дастуримдан ўрин олган.

Аҳолининг банк тизимига ишончи ошсагина, тадбиркорликнинг барча йўналишлари бўйича даромад топиш учун ҳеч иккиланмай қадам ташлашни бошлайди. Вақт бу – пул, деганларидек, хусусий бизнесда ишнинг бир кун тугул, бир соат ортга сурилиши ҳам бир ойлик даромаддан маҳрум этиши ҳеч гап эмас. Бу борада банклар қаторида бошқа молия институтлари – лизинг, консалтинг, маркетинг, суғурта тузилмаларини ривожлантириш нур устига нур бўларди.

Сайловчиларга O‘zLiDeP сиёсий куч сифатида кенг кўламли ислоҳотлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, электорати манфаатларини самарали ҳимоя қилишга амалий жиҳатдан тайёрлиги, бу йўлдаги ғов ва тўсиқларни қатъият билан енгиб ўтишга ишонишини таъкидладим. 

– Якунига етиб бораётган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили менинг тақдиримда туман Кенгаши депутатлигига номзод сифатида халқ билан мулоқот қилишга ундади, – дейди 4-Лутфий сайлов округидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутатлигига номзод Лилия Музаффарова. – Олимпия захиралари коллежида фуқароларни ўз сайловолди дастурим билан таништирдим.

Айни пайтда аҳолидан бўладиган шикоятларнинг кўпчилиги соғлиқни сақлаш тизими ва ундаги муаммолар билан боғлиқ. Шунинг учун асосий мақсадим Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш тизимини, айниқса, тез ва шошилинч тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, замонавий тиббиёт ютуқларини ҳаётга жорий этишдан иборат. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланса, соҳага хусусий капитал жалб этилса, соғлом рақобат муҳити яратилади.

Партиямизнинг ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда таъкидлашни истардимки, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш борасида социал дорихоналар тармоғи, кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини кўпайтириш лозим. Ана шундагина биз ўйлаган ниятларимизга эришамиз, халқимиз биздан рози бўлади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    1819
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+