Уддасидан чиққан киши учун томорқа бебаҳо хазина (+фото)

14.06.2019, 17:45

Уддасидан чиққан киши учун томорқа бебаҳо хазина (+фото)
Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида иш олиб бораётир.
 
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг дастлабки фаолияти Ш.Рашидов туманидаги аҳоли томорқаларини ўрганиш билан бошланди. Ишчи гуруҳ жойларда томорқадан фойдаланишни ўрганишда эришилаётган натижаларни қайд этиб, юзага келган айрим муаммоларни, йўл қўйилаётган камчиликларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
 
8.jpg
 
Тумандаги Якка қайрағоч маҳалласида яшовчи кўплаб хонадонларда томорқадан самарали фойдаланилмоқда. Масалан, Исроиловлар ҳовлисидаги сархил меваларни кўрган кишининг кўзи қувонади.
 
– Меҳнат қилган одамга томорқа бамисоли хазина, – дейди 85 ёшли Ҳожи бобо Исроилов. – Фарзандларим томорқадаги мевали дарахтлар парваришидан чарчамайди. Ҳам меҳнат қилади, ҳам дам олади. Невараларимиз ҳам меҳнатга меҳр қўйиб, уқувли бўлиб вояга етмоқда.
 
21.jpg
 
Раваллиқ кўчасида истиқомат қилувчи Зоир Умаров ҳовлисидаги 6 сотих иссиқхонасида петрушка, редиска, райҳон ва турли хил кўкатлар етиштирмоқда. Хонадон эгалари ҳар йили экинлардан 3 марта ҳосил олаётир.
 
– Ҳозир маҳалламизда кўпчилик иссиқхона барпо этишга қизиқмоқда, – дейди яна бир миришкор хонадон соҳиби Жамшид Ибрагимов. – Туман кенгаши Шавкат Бадалов кўмагида банкдан 15 миллион сўм кредит олиб, 8 сотих ерда иссиқхона барпо этдик. Лимон, турли кўкатлар етиштираётирмиз.
 
25.jpg
 
Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили – Дўстлик туманида ҳам ўрганишга арзирли тажрибалар учради.
 
Ишчи гуруҳ томонидан “Манас”, “Наврўз”, “Қахрамон” фуқаролар йиғинлари ҳудудларида томорқадан фойдаланишда яхши самараларга эришилаётгани қайд этилди.
 
Жумладан, ўтган йили “Обод қишлоқ” Давлат дастурини амалга оширишда республикамизга намуна бўлган Манас қишлоғида ҳам томорқадан фойдаланиш яхши йўлга қўйилган. Қишлоқда истиқомат қилаётган 1 минг 45 та оила жами 68 гектар томорқа майдонига эга. Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида қишлоқдаги оилаларнинг 90-95 фоизи томорқадан яхши фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.
 
– “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида қишлоғимиздаги аҳолига имтиёзи кредит олиб берилди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдужалил Кенжаев. – Бундан ташқари, иккинчи экин экиш учун фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларидан 75 та кам таъминланган оиланинг ҳар бирига 2 гектардан жами 150 гектар ер ажратиб берилаётир. Ҳозир ер олган оилалар иккинчи экин сифатида мош, полиз, кечки сабзавот экинлари экмоқда.
 
Ишчи гуруҳ аъзолари қишлоқда томорқадан самарали фойдаланаётган оилаларнинг иш тажрибаси билан танишди.
 
27.jpg
 
Қишлоқ миришкорларидан Рисқул Умаров бу йил эртаги картошкадан яхши даромад олганини айтди. Айни пайтда картошкадан бўшаган майдонда булғор қалампири, ловия, сабзи гуркираб ўсаётир. Омилкор хонадон соҳиби ҳовлининг бир четидаги 7 туп олхўри, 5 туп гилос, 3 туп ўрикдан ҳам ҳар йили мўл ҳосил етиштириб, яхшигина даромад қилиб келаётган экан. Бу йил ҳам мевалар ҳосили мўллигидан мамнун.
 
Ҳудуддаги Жўраевалар оиласининг гулчилик, мевали ва манзарали дарахтлар парваришлари борасида тажрибалари ҳам ўрганишга арзирли эканлиги ишчи гуруҳ аъзолари томондан мақталди. Хонадон соҳиби Қурбонали Жўраевнинг айтишича, 35 сотих ерда анор, 30 сотихда нўхат, такрорий экин сифатида экилган тарвуздан яхши даромад қилиб келаётир.
 
Уддасидан чиққан киши учун томорқа бебаҳо хазина
 
Шунингдек, Бобур Шодиев, Тожихол Шодиеваларнинг томорқадан фойдаланишдаги ишлари таҳсинга лойиқ.
 
Тумандаги Наврўз шаҳарча фуқаролар йиғинида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича 262 та оилага банк кредити олиш учун тавсиянома берилибди. Айни пайтда улардан 138 нафари кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини бошлабди.
 
– Фермерларнинг ғалла ҳосили йиғиштириб олинган майдонларидан иккинчи экин экиш учун оилаларга ер ажратиш тажрибасидан биз ҳам фойдаланаётирмиз, – дейди шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Абдурашид Алибоев. – Ҳозир иккинчи экин экиш учун 70 та оилага 2 гектардан ер ажратилди. Ер олган оилалар тарвуз, помидор, карам, қалампир, дуккакли экинлар экмоқда. Туман “Томорқачилар“ шўъба корхонаси уруғ, кўчатлар, маъдан ўғитлар олишда, ерга ишлов беришда кўмаклашаётир. Бизнинг ҳудудимизда кунгабоқар яхши ҳосил беради. Кўпчилик оилалар ёғ ишлаб чиқариш корхоналари билан шартнома тузиб кунгабоқар экаётир. Корхона уруғ, бўлғуси ҳосил ҳисобидан бўнак бераётир.
 
19.jpg
 
Бироқ барча оилалар ҳам давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётир деб бўлмайди. Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида ҳовлисидаги бир парча ерни қаровсиз ташлаб қўйган, даладан иккинчи экин экиш учун ер бериш таклифини турли баҳолар билан кейинга сураётган оилалар ҳам учради. Шунингдек, сув таъминотида, кредит олишда қийналаётган, ишчи кучи, деҳқончиликда тажрибаси етишмаётган оилалар ҳам йўқ эмас.
 
Ишчи гуруҳ бу каби муаммоларни маҳаллий бошқарув органлари мутасаддилари, таъминотчи ташкилотлар билан ҳамкорликда жойида ҳал этаётир.
 
Республика ишчи гуруҳи томорқадан фойдаланишнинг ҳолатини ўрганишни давом эттирмоқда.
 
ЎзА
  • Кўрилди
    208
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+