Ўзбекистон – ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

17.06.2019, 10:10

Ўзбекистон – ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг 18 йиллик санасини Қирғизистон пойтахти Бишкекда нишонламоқда. Ўтган вақт мобайнида мазкур ташкилот барқарор ва соғлом руҳда ривожланиб, халқаро майдонда энг нуфузли тузилмалардан бирига айланди.

ШҲТнинг илк олти аъзоси — Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин 2017 йилда яна икки мамлакат — Ҳиндистон ва Покистон қўшилди. Ҳозирги вақтда ШҲТда 8 та аъзо-давлат, 4 та кузатувчи-давлат ва 6 та мулоқот учун ҳамкор-давлат фаолият юритмоқда. Ўз фаолияти давомида ушбу ташкилот жуғрофий ва аҳоли сони жиҳатидан дунёдаги энг йирик тузилмага айланиб, Евросиёнинг бешдан уч қисмини ва дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти йўлга қўйилганидан буён Хитой билан бошқа ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси 20 баробар ортиб, 2018 йил якунлари бўйича 12 миллиард АҚШ долларидан 255 миллиард АҚШ долларига етди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулотини дунё мамлакатлари билан қиёслаганда 20 фоиздан ошади.

Бу муваффақиятлар замирида, аввало ШҲТга аъзо-давлатларнинг турли цивилизациялар тўқнашуви, “совуқ уруш” ва бошқа салбий қолиплардан воз кечиб, конструктив ҳамкорликни, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, адолат ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйганлиги асосий омил бўлиб хизмат қилди. Ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маслаҳат, маданий хилмахилликни ҳурмат қилиш ҳамда умумий ривожланиш истаги — ШҲТнинг асосий ғояси бўлиб келмоқда.         

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлида олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиб келмоқда.

Ўтган йилнинг июнида Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган ШХТга аъзо давлатлар ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик Концепцияси ҳамда ШХТга аъзо-давлатлар раҳбарларининг ёшларга Қўшма мурожаатида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар Дастурининг қабул қилиниши, муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу масалаларни ҳал этишда мамлакатимизнинг фаол иштирокини яна бир бор кўрсатиб берди.

Жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 19-мажлисида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли тузилма доирасидаги фаол позициясини мустаҳкамлаш ҳамда   барча аъзо мамлакатлар билан бирдамлик, ўзаро ишонч ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Саммит доирасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишни кучайтириш, ахборот технологиялари соҳаси, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва спорт йўналишларида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.                           

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари саммитида илгари сурган ташаббуслари, ўтказилган олий даражадаги учрашувлар ва имзоланган хужжатлар албатта мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, иқтисодиётимизни барқарор ўсишини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга замин яратади.

Ойбек ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+