Партия фаоллари ва БПТ раислари ўқитилди

17.06.2019, 16:09

Партия фаоллари ва БПТ раислари ўқитилди

Музработ туманида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилоят Кенгаши Сиёсий таълим маркази ташаббуси билан партия фаоллари, БПТ раислари ва ижрочи котиблари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарда O’zLiDePнинг Музработ, Ангор ҳамда Шеробод туман Кенгашлари вакиллари иштирок этишди.

Ўқув-семинарда иштирокчилар бу йил ўтказиладиган сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, номзодларнинг сайловолди дастурларини интернет ва ижтимоий тармоқларда ёритиш механизмлари ҳақида тушунчага эга бўлишди.

— Сир эмас, айни пайтда Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган 5 та ташаббуси амалиётга жорий қилинмоқда, — дейди O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Насим Алимов. — Шунингдек, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурлари ижросини таъминлашда O’zLiDeP қуйи бўғин вакиллари ҳам фаоллик кўрсатишлари талаб этилмоқда. Бу борада улар аҳоли билан мунтазам мулоқот олиб бориши, мазкур дастур ва ташаббуслар доирасида ўз ҳудудларидаги муаммоларни бартараф этиш, аҳолига яқиндан кўмак беришлари лозим. Бугунги ўқув семинарда ана шулар хусусида ҳам суҳбатлашдик.

Ўқув-семинар давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда мавзулар юзасидан ўз ҳудудларида амалга оширилган ишлар ва қилиниши лозим бўлган вазифалар бўйича таклифларини ишлаб чиқишди.

- Давлат дастурлари бўйича партия вилоят Кенгаши фаоллари томонидан ҳам кўплаб ишлар қилинди, — дейди O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Сиёсий таълим маркази рағбари Гулмира Амирова. — Хусусан, аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб, уларнинг томорқадан унумли фойдаланишлари учун тавсия ва амалий кўмак берилди. Иссиқхона қуриш ёки паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилишига эришилди. Депутатларимизнинг саъй-ҳаракати билан тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилмоқда. Натижада, бугун бир ишнинг бошини тутаман, рўзғоримга қўшимча даромад киритаман деганларнинг сафи ортиб бормоқда.

Семинар ниҳоясида 10 нафарга яқин  O’zLiDeP аъзоларига гувоҳномалар ҳамда энг фаол БПТ раисларига ташаккурномалар топширилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар тумандаги энг фаол Бошланғич партия ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

O’zLiDeP депутатлари фермерларнинг пулини ундириб берди

— Музработ туман фермерлар кенгашига 19 фермер хўжаликларидан “Биоагро Амударё” МЧЖдан қарздорлигини ундириш бўйича ариза келганди, — дейди Музработ туман фермерлар кенгаши юристи, БПТ раиси Зебо Худойназарова. — Ушбу ариза юзасидан туман фермерлар кенгаши томонидан Шеробод иқтисодий судига даъво ариза киритилганда суд туман мажбурий ижро бўлимига фермерларнинг 184 миллион 471 минг сўм пул маблағини ундириш бўйича ижро варақасини чиқарди. Аммо туман МИБ бунга беэътибор қарагач, O’zLiDeP Музработ туман Кенгаши депутатлик гуруҳи туман прокуратурасига хат билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, жабрдийда 19 та фермернинг пул маблағлари ундириб берилди.

Ўз навбатида фермерларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган партия уларнинг ишончини қозонди. Бу эзгу иш натижасида эса 150 нафар фермер O’zLiDeP аъзолигига қабул қилинди.

Дарвоқе, айни пайтда фермерлар кенгаши қошидан ташкил этилган Бошланғич партия ташкилоти фаолияти намунали йўлга қўйилган. Ҳатто, фермерлар кенгаши раиси иш кабинетида БПТ бурчаги ташкил этилгани иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Зеро, Республика фермерлар кенгаши раиси томонидан кенг қўлланилиб келинаётган бу тажриба партиянинг туман Кенгашларида ҳам давом эттирилаётгани бошқаларга ҳам ўрнак бўлмоқда.

Депутат ташаббуси

Тумандаги “Орият” маҳалласи раиси, O’zLiDeP Музработ туман Кенгаши депутати Абдусаид Муҳаммадиев қисқа вақт ичида кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Жумладан, “Орият” ҳамда “Анорзор” гузарларини боғловчи эски кўприкни қайтадан қурдирди. Шу кунларда депутатнинг кўмаги, маҳаллага бириктирилган ташкилотлар орқали “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида маҳалладаги кўчаларга тош тўктириб, асфальт қилишга тайёрланяпти. Яна Президентимизнинг беш ташаббусидан бирининг ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла ҳудудида аҳолининг талабидан келиб чиқиб, мини футбол майдони ҳам қуриляпти.  

Шу маҳаллада яшовчи Наима Юнусова неча йилдирки тикувчилик цехи очиш ниятида эди. Аммо бунинг учун кимга мурожаат қилиш керак, қонунларда қандай имтиёзлар берилган, бизнес режани қандай ёзиш кераклиги билмасди. Бу ҳақида А. Муҳаммадиевга айтганда, депутат йўл-йўриқ кўрсатди.

- У кишининг кўмаги билан ташландиқ бир бинони расмийлаштириб, бизнес режа туздим, — дейди Наима Юнусова. — Керакли ҳужжатларни тахт қилгач, тижорат банки менга 24 миллион сўм имтиёзли кредит ажратди. Дастлаб, иккитагина тикув машинкаси билан фаолият бошлаган цехга яна 8 та шундай машинка сотиб олдим. Депутатнинг тавсияси билан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, солиқ имтиёзларига ҳам эга бўлдим. Бу менга ишни яхши йўлга қўйиб олишим учун анча енгиллик туғдирди. Ҳозирда маҳалламиздаги 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаганман. Агар менга бундай кўмак беришмаганида ҳали ҳам ҳеч нарсадан бехабар уй бекаси бўлиб ўтирардим. Ҳозир эса кичиккина бўлсада ўз бизнесимни юритишни бошладим.  

Яна бир гап. Неча йилдан буён олий маълумот олишни орзу қилиб юрган депутат бугун талаба бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлди.

Кўпдан бери олий маълумот олишни орзу қилардим, — дейди Абдусаид Муҳаммадиев. — Давлатимиз томонидан берилган имконият туфайли жорий ўқув йилида Термиз давлат университети жисмоний тарбия йўналиши бўйича сиртқи бўлимга ўқишга кирдим. Олий маълумот олишим муносабати билан бу йил маҳалла раислигига ҳам сайландим. Бундан жуда хурсандман. Бундан буён ўз вазифамни сидқидилдан бажаришга, ўзгаларнинг дарди билан яшашга ҳаракат қиламан.

            O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
БПТ СТМ
  • Кўрилди
    1293
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+